Авторизация
 
  • 14:43 – КУН НАФАСИ 
  • 15:38 – ЭНГ ФАОЛ ДЕПУТАТ ВА ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ АНИҚЛАНДИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 15:03 – ҲУДУДИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЖИЗЗАХДА 

“САМАРҚАНДҚУДУҚ”ДА НЕГА ЖИМЖИТЛИК?

  • 25.08.2018, 11:17,
  • ---
  • 0

Халқимизда "Ободлик кўнгилдан бошланади" деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, ўлкамизга кириб келган ёз нафаси юртдошларимиз кўнглига ўзгача илиқлик ва шижоат улашаётир. Давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган ташаббусдан келиб чиқилиб ҳар бир вилоятда "Обод қишлоқ"лар барпо этилаётгани қишлоқ аҳолиси фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилаётир.
 

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллик тўйига тўёна сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби туманимиздаги маҳалла, қишлоқ фуқаролар йиғинлари янгича қиёфа касб этмоқда. Жумладан, туман марказидан анча узоқ масофада жойлашган "Самарқандқудуқ" қишлоқ фуқаролар йиғинида 3 минг 150 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқда битта мактабгача таълим муассасаси ҳамда умумий ўрта таълим даргоҳи фаолият кўрсатади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қишлоқ анча йиллар мобайнида мутасадди раҳбарлар назаридан четда қолиб кетган эди. Аҳолининг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий муаммолари йиғилиб қолган. Қишлоқ кўчаларида фуқаролар томонидан турли кўринишдаги, ҳеч қандай талаб ва нормаларга жавоб бермайдиган ноқонуний қурилмалар қурилган. Қишлоқ аҳолисини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган газ, электр энергияси ҳамда тоза ичимлик суви муаммолари бартараф этилмоқда. Жумладан, бугунги кунга қадар 5 минг 300 метр ичимлик суви тармоқлари тортилди. Узоқ йиллардан буён қаровсиз, хароба ахволга келиб қолган сув узатиш тармоғи қайтадан капитал таъмирланмоқда. Ушбу ишлар тез кунда амалга оширилса аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш янада яхшиланади. Бундан ташқари, иккита паст кучланишли трансформатор ҳам алмаштирилди. Республика йўл жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 4 минг 700 метрлик масофадаги ички йўлларга шағал ётқизилди.

- Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ишга барча бирдек хайрихоҳлик билдирмоқда, - дейди "Раваллиқ қурилиш тараққиёти" фирмаси иш бошқарувчиси Ғайрат Шералиев. - Ҳозирда 1176 ўринли 37-умумий ўрта таълим мактабини тўлиқ таъмирлаш 3 миллиард 274 миллион 531 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 85 фоиз қурилиш ишлари амалга оширилди.

Бу хайрли тадбирларда қишлоқ аҳолиси ҳам ташаббус кўрсатиб, озода яшашни аввало оилада шакллантириш кераклигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Кенг кўламли ишларга вилоят ва туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол ёшлари хайрихоҳ бўлиб, моддий-маънавий ёрдам беришмоқда. Томорқа ерлари чопилиб, атрофи обод этилаётир.

- Қишлоғимизда турли миллат вакиллари истиқомат қилади, - дейди қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Азизберди Тошназаров. - Ҳаммамиз бир оила фарзандларидек, меҳнат қилаяпмиз. Мактабгача таълим муассасалари ҳамда мактабда ўқувчиларнинг билим олиши учун барча шароит яратилган. Аммо бизни доимо бир нарса қийнаб келарди, у ҳам бўлса, қишлоғимизнинг хунук қиёфаси. Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган ушбу хайрли лойиҳага айнан биз яшаётган қишлоқ тушганидан мамнун бўлдик. Қишлоғимиз аҳли ташкилотчилардан миннатдор.

"Обод қишлоқ" дастури доирасида олиб борилаётган ишларни кузатар экансиз, бунда халқимизнинг ҳашар, меҳр-оқибатлилик каби улуғ қадриятлари ўзининг амалий ифодасини топганлигига гувоҳ бўласиз. Лекин афсуски, амалга оширилаётган эзгу ишларда сусткашлик, эътиборсизлик сезилиб турибди. Электр энергияси, суюлтирилган газ етказиш ишларида кўплаб камчиликлар мавжуд. Айниқса, йўлларни таъмирлаш ишлари якунига етмаган, бажарилган ишларда камчиликлар мавжуд. Бир неча йиллардан буён қишлоқ аҳолисини шаҳар билан боғловчи йўл таъмирланмай қолмоқда.

Маҳалла раиси, кенг жамоатчилик вакиллари ўзлари учун ажратилган қишлоқ фуқаролар йиғини биноси атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини бажаришга вақт топа олишмаяпти, девор ва темир тўсиқларни таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Томорқада уй ҳайвонларининг ўтлаб юриши келган меҳмонларни ҳайратга солади.

Эл-юртни бошқариш учун масъул маҳалла оқсоқоллари, кенг жамоатчилик вакиллари бошқаларга ўрнак кўрсатишса мақсадга мувофиқ бўлармиди? "Нуробод", "Аҳмад Яссавий", "Байналминал", "Зарафшон", Ал-Хоразмий кўчаларидаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ўз якунига етмаган. Хонадонларнинг деворларини таъмирлаш, девор тўсиқлар ўрнатиш ишлари чала қолиб кетган.

Саноқли кунлардан сўнг мамлакатимиз аҳолиси Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тўйини кенг нишонлайди. Аммо иш шу тарзда бўлса, "Самарқандқудуқ" қишлоқ фуқаролар йиғинида байрам қандай кутиб олинади?...

Лазиз МАМАТҚУЛОВ

Муаллиф олган суратлар
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter