Авторизация
 
  • 14:00 – КИТОБХОНЛИК АЙЁМИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:14 – МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИ ОРТМОҚДА 
  • 14:44 – ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУР 
  • 13:53 – ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ 

Ё ОТИНГ ЧИҚСИН, Ё ЎТИНГ (ВОҚЕИЙ ҲИКОЯ)

 

Бу йигит ҳамқишлоғим бўлади. Жуссаси кичикроқ, лекин чайир, хушчақчақ, гапни чўрт кесадиган "қайсар" йигитлардан. Биз онда-сонда учрашиб қолардик. Аммо кўнглимда бир армон бор эди: у билан ўтириб бемалол гаплашгим келади. Биламан, акамнинг бошидан кўп савдолар ўтган. Негаки, у киши Тошкентда ер қимирлаган ўша алғов-далғов йилларда катта ишларда ишлаган. Шароф Рашидов билан кунда бўлмаса-да, тез-тез кўришиб турган.

 

Бир куни шаҳар марказидаги бир шифохонага бордим. Қарасам, рўпарамда илжайиб Тўлан ака келаяпти.

- Ҳа, қарноқий, бу ерда нега адашиб юрибсан, ёш бола деган ҳам касал бўладими? - деб ҳазил қилди.

- Тўлан полвонга текин қулоқ керак эмасмикан, деб келдим, ака.

Тўлан ака "таслимман" дегандек иккала қўлини кўтарди.

- Бўлди. Ўн-ўн беш кун ўтган-кетган гапларни эзиб бир мойини чиқарамиз. Сеники қайси бўлим?

Ҳудди келишгандек, иккаламиз санаторийнинг юрак бўлимига йўлланма олган эканмиз.

Яна икки-уч кун ўтди. Тушликдан кейин Тўлан ака хонага кириб келди.

- Ҳўв, қарноқий, кетдик, айланиб келамиз.

- Гапнинг мойини чиқарсангиз бораман, бўлмаса бормайман, - дедим ёлғондан қовоқ солиб.

- Бўпти, инжиқ, кийиниб пастга туш.

Шифохонанинг орқа ҳовлиси истироҳат боғига туташ эди. Кеч куз. Ариқларда сувлар тип-тиниқ. Дарахтлар тилло либосда. Ҳаво ҳам муздек. Атроф жимжит.

Холироқ бир жойга бориб ўтирдик. Аввал биттадан ҳузур қилиб чекиб олдик. Тўлан ака бошидан ўтган можароларни айтсамми-айтмасамми, деб иккиланаётгандек эди.

- Менга қара, иним, шу гапларни қайта кавлаб, эски ярани тирнаб ўтириш шартми? Давай, қўл силтаймиз, а?

- Йўқ, шарт, - дедим, - ичингизда қолиб кетса армон бўлади. Сиз билан мендан кейин келадиган авлод билиб қўйиши керак ҳақиқатни.

Тўлан ака шарт қўйди:

- Майли, бўлган гапларни қисқача айтиб бераман. Лекин ёзадиган бўлсанг, отимни ўзгартирасан. Биласан, мен бировларнинг номини сотиб обрў олишни ёмон кўраман.

Тўлан ака кўп йил бурунги воқеаларни қайта эсладими, жим бўлиб қолди. Чеҳрасига ёқимли бир кулгу ёйилди. Сўнг, ўзи айтмоқчи "трагикомик" ҳангомасини бошлади.

- Биласан, темир йўл институтини битирганман. Бир жойда мазза қилиб ишлаб юрувдим. Уй тинч. Маишат яхши. Зериксак, оғайнилар билан улфатчилик қиламиз. Хуллас, эркин қуш эдим. Омадимнинг келганими, кетганими, бир куни хўжайин чақиртириб қолди. Қийшайиб кирдим. Хўжайин ҳовлиқиб кетган эди. Мени остонанинг ярмига келиб кутиб олди. Кейин томдан тараша тушгандай қилиб, "Сиз эртага… Шароф Рашидовнинг қабулига боришингиз керак экан", деди. Ҳайрон бўлдим. Юрт каттасининг мендай бир инженерда нима иши бўлиши мумкин?

- Хуллас, эртасига оппоқ кўйнакни кийиб, янги галстукни боғлаб, ясан-тусан бўлиб Марказкомга кириб бордингиз?

- Бордим. Умрим бино бўлиб Марказкомнинг эшигидан ўтмаган эдим.

Қабулхонада у ёқ-бу ёққа кўз қиримни солиб ўтирибман. Ўйлаб ўйимнинг охирига етолмайман: "Бунчалик эътиборнинг сабаби нима экан?". Бироқ минг ўйласам, отам ҳаёлимга келмайди.

Келишган, хушмуомалали йигит ичкарига кириб-чиқиб турибди.

Ниҳоят, менга навбат келди шекилли, ҳалиги йигит "Юринг!" деб ишора қилди. У ёқ-бу ёғимни тўғрилаб йигитга эргашдим.

Ичкарига қадам босдиму бир зум тўхтаб қолдим. Тортиниб тўрга қараб юрдим. Шароф ака ўрнидан турди. "Келинг, келинг!" деди очиқ юз билан. Кейин "Марҳамат, ўтиринг", деб ёнбошидаги ўриндиқни кўрсатди. Худди иссиқ бир нарсага ўтираётгандек омонат чўкдим. Шароф ака ёрдамчисига қаради.

- Бизни ҳоли қолдиринг.

Ходим йигит қалин папкасини кўтариб кўздан ғойиб бўлди.

Шароф ака менга бошдан-оёқ разм солди. Худди бирон гуноҳ қилиб қўйгандек ўзимни баттар ўнғайсиз сездим. Биласан, мен ҳам унақа бировлардан тап тортадиганлардан эмасман. Ўрисча мактабда ўқиганман. Одамнинг бетига қараб тикка гапиравераман. Лекин, гапнинг тўғриси, Шароф аканинг сусти ёмон босди-да, иним.

Мен Тўлан акага сигарет чўз-дим. У сигаретни хушламай тутатди, қайта-қайта тортди. Мен унинг оғзига тикилдим. У ҳикоясининг энг қизиқ ерига келган эди.

- Шароф ака "Биз кўрмагандан бери катта йигит бўлиб қолибсиз, Тўланбек" деб кулди. Уй ичимизни, болачақани сўради, ишларимни суриштирди. Кейин кўзимга қараб, "Сиз мени эслайсизми, Тўланбек?" деди. Шошиб қолдим.Қанақасига эслайман ахир, бу киши билан биринчи марта юзма-юз ўтирган бўлсам… Шароф ака бош силкиди: "Тўғри, эслай олмасангиз керак. У пайтлар сиз жуда ёш эдингиз. Биз Самарқандда ўқиб юрганимизда сизларникида турганмиз.

Ҳовлининг этагида бир-икки ҳужра бўларди. Беш-олти студент ана шу ҳужраларда яшардик. Отангиз раҳматлик яхши одам эди, бағри кенг эди, қўлидан келса бировга яхшилигини аямас эди. Мен Карим аканинг тузини кўп ичганман, буни ҳеч қачон унутмайман".

Кўзим "ярқ" этиб очилди. Ҳамма саволларимга бирдан жавоб топдим. Аям яқин-яқингача айтиб юрарди: "Отанг қўли очиқ одам эди, борини бировдан аямасди, - дерди, - Ўзи университетнинг каттаси бўлишига қарамай ким уй-жойдан қийналиб қолса эргаштириб келаверарди. Йил ўн икки ой ҳовлимизда қишлоқдан келган студент болалар турарди. Менга, "Онаси, уларнинг иссиқ-совуғига қараб тур, савоб бўлади, бу болалар бир куни Ўзбекистоннинг юкини кўтарадиган кишилар бўлиб чиқади", деб қўярди.

Шароф аканинг нимага чақиртирганини энди тушундим. Орадан шунча йил ўтиб, у киши ўзига, вақтинча бўлса-да, бошпана берган, таълим берган домласининг фарзандларини бир кўриб қўймоқчи бўлган, шекилли. Шароф аканинг одамгарчилиги менга қаттиқ таъсир қилди.

Қайта-қайта раҳмат айтиб хайрлашдим. Шароф ака елкамга қўлини қўйди:

- Эшигимиз сиз учун доим очиқ. Бирор илтимос бўлса, тортинмай келаверинг, - деди.

Бошим осмонга етди.

Ҳеч нарса кўрмагандай яна ишга тушиб кетдим. Бир-бирига ўхшаган зерикарли кунлар. Эрталаб идорага чоп, кечқурун - уйга. Хуллас, икки ойми, уч ойми ўтди. Мени бир бўлимга бошлиқ қилиб қўйишди. У ерда кўп ишламадим. Мансабимни яна бир поғона кўтаришди. Орадан ярим йил ўтди-ёв. Тағин Марказкомга чақиришди. Бордим. Ўша ўзим кўрган катта кабинет. Беш-олти киши ўтирибди. Баъзиларини танийман.

Шароф ака дарҳол мақсадга ўтди:

— Биз сизга янги вазифа юкламоқчимиз.

¤ртоқлар сизни Тошкент шаҳар ижроия комитети раисининг ўринбосарлигига тавсиф қилишмоқда. Нима дейсиз?

Бошимдан бир пақир муздек сув қуйилгандек бўлди. Кечагина инженер бўлиб юрган мендек йигит қайдаю Ташгорисполком қайда! Биласан, мен реалист одамман, ўз куч-қудратимни чамалайман. Бўйим етмаган дорга осилмайман. Шуни ўйлаб чўчидим.

- Ишончингиз учун раҳмат, Шароф Рашидович, - дедим минг азобда, - бироқ бундай улуғвазифани эплармиканман, деб қўрқиб турибман.

Гапим Шароф акага ёқмади.

- Бу ишни эплайманми, йўқми, деб иккиланган киши ҳеч қачон эплай олмайди. Эплайман, деб астойдил уринган одам ҳар қандай оғир юмушнинг уддасидан чиқади, - деди. Уни ёнидагилар қувватлади.

Шароф ака гапни чўзмади:

- Ёш йигитсиз, бир йигитлик Қайратингизни кўрсатинг, қийналсангиз, мана биз ёрдам берамиз.

Масала ҳал бўлган эди. Эътирозга ўрин қолмади. Эртасига шаҳар ижроия комитети раисининг уй-жой масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинландим. Мен ҳали ўттиз бешга ҳам кирмаган эдим. Мен учун энди бутунлай бошқа ҳаёт бошланди.

Тошкент ҳозир жуда кенгайиб кетди. Юнусободдаги телеминорага чиқиб қарасанг, учиқири кўринмайди. Лекин ўша олтмишинчи йилларнинг ўрталарида ҳам Тошкент кичкина эмасди. Бир миллиондан ортиқ халқи бор эди. Келди-кетди билан бир ярим миллион. Тошкент - Тошкентда. Энди мен ана шу бир мамлакатдай шаҳарни бошқаришим керак эди.

Тўлан ака рўпарамиздаги азамат дарахтга қўниб олиб қақағлаётган қора қарғаларга қараб сўради:

- Сен бургутнинг болалари билан ўйнаганини ҳеч кўрганмисан?

- Йўқ, нимайди?

- Мен ҳам кўрмаганман. Бироқ қаердадир ўқиганман.

Бургутнинг полапонлари сал катта бўлиб қанот чиқарганда отаси уни чангалига қисиб кенг далага олиб чиқар экан. "Қани энди учишни ўргансинлар, бургутча!" дегандек боласини ерга ташлаб юборар экан. Полопон жон ҳолатда қанот қоқиб ўзини ўнгласа-ўнглади, бўлмаса отаси уни илиб олиб қайта машқ қилдирар экан. То полопон ўзи қўрқмай учадиган бўлгунча отаси уни баландроқдан ерга қараб отиб юбораверар экан… Мен ҳам худди шу бургут боласининг аҳволига тушган эдим. Олдимда икки йўл турибди: ё қанотимнинг кучига ишониб учиб кетишим керак, ё ерга тушиб пачақ бўлишим керак. Бошим қотиб қолди.

Шароф аканинг насиҳатини эсладим. Билиб турибман, у киши менга жуда катта мурувват қилди. Менга ишонди, мени синаб кўриш учун юқори мансабга қўйди. Энди жонимни аямай ишламасам, аввало у кишининг юзини ерга қаратган бўламан.

Ана шундай ҳаёллар билан билакни шимариб ишга киришдим. Бу орада бошимга яна бир синов тушди. Тошкентда ер қимирлади. Ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетди. Тошкент ёмон вайрон бўлган эди.

Минглаб киши бошпанасидан айрилди, ўн минглаб одамнинг уй-жойи бузилди. Уларга янги ватан керак, томорқа керак, бузуқ уйларни қайтадан тиклаб бериш керак. Жабрдийдалар орасида тўриси ҳам бор, эгриси ҳам, муттаҳами, инсофлиси, шаллақиси, бемори, сабрлиси, бесабр фитначиси ҳам бор. Ана шуларнинг савдосини ўйласам, баданим қизиб ўзимни қўярга жой тополмай қолардим.

(Давоми бор)

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter