Авторизация
 
  • 14:43 – КУН НАФАСИ 
  • 15:38 – ЭНГ ФАОЛ ДЕПУТАТ ВА ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ АНИҚЛАНДИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 15:03 – ҲУДУДИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЖИЗЗАХДА 

БУЗИЛГАН ЭЛНИ БОТИР ТУЗАТАР

Ўтган аср 80-йилларининг иккинчи ярми. Қизил империянинг паймонаси тўлганлик нишоналари кўриниб қолган бир пайтда мустабид тузум корчалонлари "Чўкаётган одам хасга тармашар" деганларидек, мавжуд тузумни халқни қўрқитиш ва янада исканжага олиш ҳисобига сақлаб қолиш мақсадида Републикаларга, айниқса Ўзбекистонга нисбатан зуғумни ҳаддан ташқари кучайтириб юборадилар. Чин раҳнамосидан жудо бўлган миллат парокандаликка юз тутганлиги сабабли бу пайтда "Пахта иши", "Ўзбеклар иши" деган уйдирма атамалар тўлиқ ишга тушиши натижасида қадди букилган, қалби вайрон бўлган эсада ундан садо чиқмас, ҳамон сукут ҳукмрон эди. Шу аснода матбуотда 1987 йилда шоир Азим Суюн имзоси билан бир шеър бўй кўрсатади.

Тупроғимни ёв олган йўқ,

юртимга қирон солган йўқ.

"Ўзим-ўзим" дейди ўзбек,

элни бузган худди шу ўқ.

Ўҳ, ботирим, қайдасан?

Шафақ бағри алвон-алвон,

тўралардан ватан вайрон.

Ғажирдай ғажир бир-бирин,

тумшуғи қон, тирноғи қон.

Ўҳ, ботирим, қайдасан?

Бири чиқса баланд тоққа,

бири тушар қулатмоққа.

Ўлимлигин бўзи учун,

ярамас ҳатто арқоққа

Ўҳ, ботирим, қайдасан?

Эрлигини унутган эл-

эрклигини унутган эл.

Ёвинг танглайин кўтариб,

бирлигини унутган эл.

Ўҳ, ботирим, қайдасан?

Тоғларимнинг бўй-басти тик,

қояларда ўйнар кийик.

Ҳатто жондор қадрин билар,

ўзбек қадрин қадди эгик.

Ўҳ, ботирим, қайдасан?

Ўзбек, қачон эл бўласан,

тўлиб-тошган сел бўласан?

Шу кетишда кетсанг агар,

бир кун қаро ер бўласан!

Ўҳ, ботирим, қайдасан?...

Тарихан олиб қараганда, ушбу шеър ўзбек халқининг улуғ фарзанди Шароф Рашидов вафотидан кейинги оғир дамларда битилганлиги учун, шеърда тилга олинган ботир айнан Шароф Рашидов бўлганлиги ҳақиқатга жуда яқиндир. Ушбу шеър умумий қилиб ўзбек халқига қарата ёзилган бўлсада, аслида унинг ўша пайтдаги бебурд раҳбарларига дахлдор эди. Чунки озгина совуқ шамол эсиши билан бу "арбоб"ларнинг ҳар бири кўрпани ўз устига тортиб ва марказдан келган "десантчи"ларга бир-бирларини ҳам, халқни ҳам сотиб бошлаган эдилар. Шароф Рашидов эса ўзи хизмат қилган тузумни ҳам, ўз халқини ҳам ҳеч қачон сотмаган, умрининг охиригача ўз ватанига, халқига содиқ қолган, бир умр халқ ташвиши билан яшаган, оҚир дамларда барча қийинчиликни ўзига олган инсон эди.

Сотқинлик ва пасткашликнинг ҳар қандай шакли у киши учун бутунлай ёт бўлиб, у бундай иллатлардан ҳазар қилар эди. Табиатан "қуш уйқу" ва "қуш таом" бўлган бу инсон росмана дам олиш, маишат нималигини билмади, бўш вақт топилди дегунча китоб ёзишга ўтирди, ўз китобларида бунёдкорлик, яхшилик ва эзгуликни тараннум қилди, меҳнатни улуғлади. Ўа, у меҳнатсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эди. Шунинг учун бошига бешафқат ўлим соя ташлаб турган пайтда ҳам меҳнат қилди, ўлим билан олишиб, уни меҳнат билан енгмоқчи бўлди. Чунки у чекинишни ёмон кўрар эди.

Афсуски, бу пайтга келиб билим ва дунёқараши Шароф Рашидовникидан анча саёз бўлган Андропов, Лигачев, Горбачевга ўхшаган кимсалар мамлакат бошқарувини қўлларига олган эдилар. Яқин-яқингача Шароф Рашидов билан эҳтиёт бўлиб муомала қилган бу кимсалар ўша пайтда "от устида" бўлиб, уларнинг айтгани-айтган, дегани-деган эди. Айниқса, табиатан авантюрист бўл-ган Андропов Шароф Рашидовни хушламас эди. Чунки манбаларда қайд этилишича, Андропов билан Рашидов ўртасида муқаддам бир неча марта баҳсли ҳолатлар юзага келган ва ҳар сафар Шароф Рашидов ўз сўзини ўтказган. Битта мисол. Бир неча йилЎзбекистон Республикасида давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХК)ни бошқарган генерал Э.Нордманни 1978 йилда Шароф Рашидов ишдан четлаштиради. Албатта, бу одам СССР ДХКси штатида турганлиги учун уни Рашидов тўғридан-тўғри ишдан ололмас эди. СССР ДХКси бошлиғи лавозимида эса ўша пайтда Андропов ўтирар эди. Шароф Рашидов Андроповдан Нордманни ишдан олишни ва келгусида СССР ҳудудида ишлатмасликни талаб қилади (албатта, бунга маълум сабаблар бўлган бўлиши керак). Андропов Шароф Рашидовни фикридан қайтаришга уриниб кўради. Лекин у ўз сўзида қатъий туриб олади. Шунда Рашидовнинг босими остида Андропов Норд-манни ишдан олиб беш йил муддатга Германияга жўнатиб юборади. Қизиғи шундаки, Нордманнинг ўрнига ДХКнинг бошлиҚи лавозимига ишга келган Мелкумовнинг қисмати ҳам худди шундай кечади. 1983 йилда Шароф Рашидов ўз тақдири ипга осилиб турган бир пайтда (довюракликни қаранг!) СССР ДХКси олдига масала қўяди ва Мелкумов ҳам Ўзбекистондан ишдан олиниб чет элга жўнатиб юборилади. Умуман Москванинг қулоқлари ва кўзлари ҳисобланган ва фақат Москвагина ишдан олиб, ишга қўядиган Республика ДХК раҳбарлари ҳамда Марказий Комитет иккинчи котиблари(яъни марказнинг жосуслари) олдида Шароф Рашидов ҳеч қачон бўш кетмаган ва ҳар сафар улар ўзларидан кетиб бошлаганларида айбини бўйнига қўйиб ишдан четлаштиришга муваффақ бўлган.

Москванинг тазйиқи ўта кучли бўлишига қарамай, Рашидовнинг ўз сўзи ва нуқтаи-назари бор бўлиб, уларни ҳимоя қилиш учун у ҳар доим ўзида куч ва матонат топа билган. Нордманни ишдан четлаштирган кезларда яна уч нафар марказнинг одамини (Ломоносов, Белоножко, Греков) бюро таркибидан ва Ўзбекистондан чиқариб юбориши Шароф Рашидовнинг фавқулодда жасорат соҳиби эканлигини тасдиқлайди. Бир вақтлар Шароф Рашидов билан зиддиятга боришга юраги дов бермаган Андропов ва унинг гумашталари энди давр ўзларига текканини билиб 1983 йилда Шароф Рашидовга очиқчасига зуғум ўтказа бошлаган ва тез-тез унинг нафсониятига тегаётган эдилар. Бироқ юксак маърифат ва маданият соҳиби бўлган бу инсон дардини бировга айтмайди, бор аламини меҳнатдан олади. У дунёдан ўта туриб ҳам меҳнат қилди, меҳнат қилатуриб дунёдан ўтди. Лекин, дунёи қўтирнинг ишларини қарангки, ватан ободлиги йўлида осойиш нималигини билмаган, таъбир жоиз бўлса ҳеч қачон уйқуга тўймаган(яқиндан билган инсонларнинг айтишларига қараганда, у киши суткасига тўрт соатча ухлаган) бу инсонни ундан кейин юрт тепасига келганлар дунёдаги жами гуноҳ-маъсиятларда айблаб ноинсофларча маломат қилишдан ўзларини асло тиймадилар.

Вақтида Шароф Рашидов олдида қўйдай юввош тортиб турган кимсалар энди қиёфаларини ўзгартириб субутсизларча "мен у билан тортишганман", "мен уни тўғри йўлга ундаганман" деб ўзларидан қаҳрамон ясашга ўтган эдилар. Чунончи бир муддат республикага раҳбар бўлиб турган бир кимса марказий нашрлардан бирига берган интервьюсида "Рашидов Амир Темурга ўхшаган қонхўр тарихий шахсларни оқлаш пайида юрар эди, мен бунга қаршилик қилганман", деган маънодаги гапларни айтишдан истиҳола қилмади. Аслида у нафақат Рашидовнинг, балки бошқаларнинг ҳам устидан фитна қўзғашга устаси фаранг эди. Унинг ўша пайтда Республика раҳбариятида ишлаган ва йўлига ғов бўлиши мумкин бўлган бир аёлни қамоққа олиш бўйича барча ҳужжатларни "десантчи"ларга "тезкор" тайёрлаб берганлиги маълумдир. Даҳриёна ҳатти-ҳаракатлари билан халқнинг нафратига учраб турган ҳалиги аёл ҳам фаришта бўлмаган бўлсада, нима бўлганда ҳам ўз ватандоши бўлган бир заифани ўзга миллат вакилларига ҳибс-га олдиришда жонбозлик кўрсатиш фақатгина ўта қабиҳ ва паст одамнинг қўлидан келар эди. Юзидан сохта табассум аримайдиган бу нусха учун бундай ишлар чўт эмас эди.

Мана шундай юзсизликлар муқаддимада тилга олинган шеърнинг дунёга келишига сабаб бўлган эди, менимча. Ундан олдин Республикани уч-тўрт йил бошқарган бир қўғирчоқ раҳбар эса "Биз Республикани бошқаришга қийналяпмиз, шунинг учун марказдан кадр юборинг" дея мамлакат раҳбариятига мурожаат қилади. Шароф Рашидов доим марказдан ресурс, техника, технология, бирор иншоотни қуриш учун рухсат сўраган бўлса бу ақли ғовлаган раҳбар кадр сўраган эди. Москва бунга жавобан ҳар хил наҳс босган кимсаларни тўда-тўда қилиб жўнатаверади. Улар эса Республикага келиб ишни юргизиш ўрнига ҳалақит қила бошлайдилар. Шунинг учун иш олдинга эмас, аксинча орқага кетади. Ўша кезларда Рашидовнинг қадри жуда билинган эди. Чунки Шароф Рашидов ўз халқи номига айтилган салбий гаплар билан ҳеч қачон муроса қилмаган. Шунинг учун манбаларда у кишининг баъзи раҳбарлар билан шу масалада зиддиятга борганлиги ёритилган. Жумладан, унинг Украина республикаси раҳбари Шчербицкий билан, Россия федерацияси ҳукумати бошлиғи Воротников билан ҳамда иттифоқ миқёсидаги вазирликларнинг масъул лавозимдаги ходимлари билан бир неча марта "сан-ман"га борганлиги маълумдир.

Бундай пайтда у кишининг табиатига хос бўлган мулойимлик сифати қаҳр билан алмашар ва ўша миллатимизга қарата ноҳақ гап айтган одамни тавбасига таянтирмагунча қўймас эди. Чунки у ўз халқини чексиз севар ва унинг шаънини бор кучи билан ҳимоя қиларди. Ўа, у халқнинг ҳақиқий ботири эди. Аслида собиқ СССР Республикалари раҳбарлари ичида иш учун энг кўп жон куйдирадигани, умрининг салмоқли қисмини далаларда, темир вагонда тунаб ўтказадиган яккаю-ягонаси Шароф Рашидов эди. Умуман Шароф Рашидовнинг ҳаёти силлиқ кечган, дейиш нотўғри бўлган бўлур эди. Чунки унга ҳасад кўзи ила қарайдиган одамлар мамлакат миқёсида анчагина бўлиб, булар Масковда ҳам, бошқа Республикалар раҳбарлари орасида ҳам топилар эди. Бунинг асосий сабабларидан бири у кишининг мамлакат миқёсидаги улкан обрўси бўлса, яна бири бу ўта дипломат одамнинг марказдан маблағ ундириш йўлларини билиши эди. Бу эса баъзиларга (жумладан юқорида номлари тилга олинган уч раҳбарга ҳам) ёқмас, уларнинг назарида марказ Ўзбекистонга ўта илтифотли эди.

Республика ичида ҳам унга ҳасад қиладиган, муваффақиятларини кўролмайдиган ғаразгўй инсонлар доим топилган. Бу кимсалар доимий равишда Шароф Рашидовнинг устидан Масквага шикоят хатлари йўллашдан чарчамаганлар. У эса бунинг учун ҳеч кимни жазоламади, қасд олмади, жайдарича айтганда бирор одамнинг "бурнини қонатмади", ўзига отилган тошларга мислсиз бағрикенглик билан туриб берди, чамаси, бу ожиз инсонларнинг инсофга келишини кутди (улар эса инсофга келмадилар). У бор қаҳрини миллатнинг ташқи мухолифларига сочди, жами куч-қувватини эса Республикани ривожлантиришга сарфлади.

Чуқур энциклопедик билимларга эга бўлган бу инсон яхшигина нотиқ бўлиб, ҳар қандай даврада эшитувчини ўзига қарата олган. Шунинг учун уни Москвада ҳам эшитишар, бу эса у ердагиларнинг баъзи масалаларда Ўзбекистонга ён босишларига эришиш калити эди. Ана шундай ён босишлардан бири чўлларни ўзлаштириш учун катта маблаҚнинг ажратилиши бўлган. Шароф Рашидов Республикага раҳбар этиб тайинланган онлардан бошлаб қўриқ ерларни ўзлаштиришнинг бош ташаббускори бўлиб майдонга чиқади. Лекин иш силлиқ кетмайди. Дастлаб ўзлаштирилган хўжаликларда кетма-кет салбий натижалар қайд қилинади. Шунда унинг мухолифлари томонидан "Шароф Рашидов чўлни ўзлаштириш учун кетган харажатлар учун жавоб берсин" деган хитоблар янграйди. Рашидов эса бўш келмайди. У бор масъулиятни бўйнига олиб яна қўриқ ерларни ўзлаштириш ғоясини қатъийлик билан олға сураверади. Аслида асрлар оша инсониятга бўй бермай келган чўлга ҳужумнинг ўзи катта ботирлик эди. Ниҳоят бир неча муваффақиятсиз уринишлардан сўнг бир вақтлар учган қушнинг қанотини, юрган одамнинг оёғини куйдирган чўл ўзбек халқига ўз бағрини очади ва улкан пахта хирмонлари қад кўтара бошлайди. Халқнинг, айниқса, унинг бир сўзли йўлбошчисининг жасорати олдида қайсар чўл ҳам бош эгган эди. Шундан кейин Москва бу ишларга маблағни аямайди.

Чўлда ҳаёт қайнай бошлайди. Бутун-бутун шаҳарлар, посёлкалар бирин-кетин қад кўтаради, шунга мос тарзда инфратузилма барпо қилинади. Одамлар чўлга оқиб кела бошлайдилар. Олдинига чекка-чекка қишлоқлар яшовчилари келган бўлсалар, кейинчалик шаҳарликлар ҳам чўл ҳаётига ҳавас қила бошлашади. Чунки бу пайтда чўлда ҳаёт фаровон, дас-турхон тўкин-сочин бўлиб, бунинг устига бир йил оиласи билан қаттиқ меҳнат қилган бир хонадон соҳиби йилнинг охирида манаман деган шаҳарлик ҳам у вақтларда фақат орзу қила оладиган енгил автомашина соҳиби бўлиши мумкин эди. Тез орада деярли ҳар бир уйда биттадан, баъзиларида эса бир нечтадан автомашина пайдо бўлади. Шу тариқа юз минглаб кишилар иш билан таъминланади, том сувоқли уйлардан жами шароитларга эга бўлган замонавий уйларга кўчиб ўтади. Энди чўлга нафақат агроном ёки сувчи, балки қурувчи, мухандис, ирригатор, муаллим, врач, ҳайдовчи, қўйингки, жами касблар эгалари керак бўла бошлайди. Ўша пайтларда у ерларда минглаб кишиларга мўлжаллаб қилинган тўйларга росмана шаҳарлик ҳам ҳавас қилар эди. Буларнинг ҳаммаси оддий одамлар томонидан қилинган меҳнат натижасида олинган даромад ҳисобига бўлаётган эди. Шундай қилиб Шароф Рашидов ўз китобларида ёритган меҳнатнинг улуғлигини амалда исботлаган, халққа ҳалол меҳнат орқасидан фаровон яшашни ўргатган эди. Қурилган иморатлар эса кишиларга абадий маскан бўлиб қолди. Битта тадбиркор ва тиниб-тинчимас раҳбарнинг ботирларча олға сурган ғояси ва саъй-ҳаракатлари орқасидан ўша пайтда ана шундай оламшумул ишлар амалга ошган эди. Бу эса Шароф Рашидов фаолиятининг бир қирраси эди, холос.

Қарийб чорак аср давомида Ўзбекистонда илм-фан, таълим, саноат, медицина, қурилиш, транспорт, адабиёт, санъат ва спортдаги эришилган улкан ютуқларни Шароф Рашидовнинг ташаббусисиз тасаввур қилиб бўлмайди. У кишининг бутун фаолияти давомида амалга оширган хайрли ишларини эса бир, икки китоб доирасида тасвирлашнинг иложи йўқ. Лекин мана шу кунларга етиб келгунча Шароф Рашидов чеккан заҳматларнинг ва у учраган тўсиқларнинг сон-саноҚини бир ўзию, бир Оллоҳ билар. У ҳеч кимга дардини айтмас, шикоят ҳам қилмас, ўзидан ўтганини ўзи билар эди. Ана шундай кунларни бошидан ўтказган бу улуғ инсоннинг амалга оширган ишларини кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олган ва вафотидан сўнг устидан мағзава ағдарган баъзи юртдошларимизнинг бу ҳатти-ҳаракатларини биз бугун уларнинг виждонларига ҳавола қиламиз. Зеро, қалби уйғоқ одам учун бу дунёда виждон азобидан ортиқ қийноқ йўқдир.

Абдусаттор Тожибоев


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter