Авторизация
 
  • 10:39 – ОИЛАМ - БАХТИМ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:04 – 7 ЙИЛЛИК ДАРДНИНГ ИСИТМАСИ 
  • 16:09 – МАҲАЛЛАНИНГ МАВҚЕИ ОШАДИ 
  • 15:32 – ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР 

Қиёмат қарз

 

Мен шу кунга қадар бир масалада доим ўйланиб юрардим. Мана, мустақилликка эришдик, ҳар ишни ўзимиз режалаштираяпмиз, муаммоларни ҳам ўзимиз ҳал этаяпмиз. Қатағон даврида шаҳид бўлган ота-боболаримиз номини тиклаб, руҳларини шод этдик. Ўатто "Пахта иши" жабрдийдаларини ҳам қамоқдан чиқариб, кўнгилларини кўтардик. СССР даврида мамлакатимиз раҳбари бўлган Шароф Рашидовнинг номини оқладиг-у, лекин унинг ўша мураккаб даврда амалга оширган ишлари, фидойилиги, одамларга Қамхўрлиги ва ҳатто жаҳонга танилган адиб бўлганини гўё ёддан чиқаргандай бўлдик. Бу менинг қалбимни худди тегирмон тошидай эзиб ётган эди.

Шу йилнинг 27 мартида телевизорда ўқиб эшиттирилган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорини вужудим билан тингладим. Бутун жисмим ларзага келгандай бўлди. Юртбошимизнинг бу қарори халқимизнинг атоқли фарзанди, ўз юртининг фидойиси бўлган инсонга беадад ҳурмат, мен каби миллионлаб ўзбекистонликлар учун мислсиз ҳиммат эди. Шу куни юрагимга азоб бериб келаётган тоғдек қарздан қутилгандай бўлдим.

Мен ҳам кўплаб юртдошларимиз қаторида собиқ иттифоқ даврида турли вазифаларда ишлаганман. Республика раҳбари Шароф Рашидовни телевизорда кўрар, унинг тиниб-тинчимас раҳбар эканлигига гувоҳ бўлиб, ҳайратга тушардим. Чунки, асосан кечқурун ҳам рус, ҳам ўзбек тилида бериладиган "Ахборот" дастурида унинг шаҳар ва қишлоқларда юргани, масала ва муаммоларни шахсан ўзи ўрганиб чиққани, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилганлари намойиш этиларди. "Бир ўзи қандай улгурар экан, ахир унинг бошида бутун республика ташвиши турибди-ку", деб ўйлардим. Ҳаммамиз ишда, сўзлашда унга ўхшашни ҳавас қилардик.

Мен шаҳар маиший хизмат комбинатида бошланғич партия ташкилоти котиби бўлганимда вақт билан ҳисоблашмай ишлашга ҳаракат қилардим. Шу туфайли бўлса керак, раҳбарлар эътиборига тушдим. 1963 йилнинг август ойи охирларида мени шаҳар партия қўмитасига таклиф қилишиб, Тошкентда 1-8 сентябрь кунлари ўтадиган саноат корхоналари партия ташкилотлари котибларининг ўқув-семинарида иштирок этиш учун йўлланма беришди.

Ўқув-семинар темир йўлчилар тайёрлайдиган институтда бўлиб ўтди. Етти кун турли мавзуларда маърузалар тингладик, савол-жавоблар бўлди. Синовлардан ўтиб, қўлимизга ўқув курси ўтилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар топширилгач, "Эртага эрталаб Свердлов номидаги концерт залига борасизлар. У ерда тантанали йиғилиш бўлиб ўтади. Шундан сўнг уйларингга қайтаверасизлар", деб тайинлашди.

Мен интизомни яхши кўрганим боис соат тўққиздаёқ концерт залида ҳозир бўлдим. Вақтли келганлигим учун маъмурлар залнинг иккинчи қаторига ўтқазишди. Ҳамманинг юзида қандайдир жиддийлик зоҳир, одамлар кўп бўлса ҳам катта концерт залидаги сукунат менга қандайдир тантанали туюларди. Соат роппа-роса ўн бўлганида залга республика партия Марказий Комитетининг саркотиби Шароф Рашидов кириб келди. У минбарга чиқиб, маъруза қилмади, биз билан шунчаки суҳбатлашди. Бизга мамлакатда саноат корхоналарини ривожлантиришнинг аҳамияти тўғрисида сўзлаб берди. Республика раҳбариятиЎзбекистонда йирик саноат корхоналари барпо этишни режалаштираётганини айтиб, "Сизлар ана шу корхоналарнинг таъмал тошларини қўясизлар!", деди.

Учрашувдан кейин Ўиндистон санъаткорлари концерт дастурини намойиш этдилар. Биринчи қаторда қора костюмли тўладан келган киши ва бир аёл ўтиришарди. Ўинд куй ва қўшиқларига мафтун бўлган бояги киши оҳиста тебранарди. Айниқса, сеторнинг сеҳр-ли оҳангларидан ниҳоятда завқланиб кетди, шекилли у "оҳ-оҳ-оҳ!" деб юборди. Концертда қисқа танаффус эълон қилиниб, чироқлар ёқилганида Шароф Рашидовнинг чап томондаги ложада ўтирганини кўриб унинг ҳурматига ҳамма оёққа қалқиди ва қўлларини кўксига қўйиб салом берди. Шароф Рашидов кулимсираб, барчага миннатдорчилик изҳор этди. Унинг назари биринчи қаторда ўтирган бояги кишига тушиб, юзи жиддийлашди ва залга кириб келди. Бояги одам билан қучоқ очиб кўришди:

- Мен нима ёмонлик қилган эдим, Тошкентга келганингизда учрашамиз, деб келишган эдик-ку! Ёки мендан хафа бўлдингизми, Комилжон ака? - деди Шароф Рашидов.

Шунча ҳурматга лойиқ бўлган одамга яхшилаб тикилиб, унинг улуғ ҳофиз Комилжон Отаниёзов эканлигини танидим. Ўар куни унинг қўшиқларини мириқиб эшитардим, газеталарда суратларини кўрардим. Шундай санъаткор ён-гинамда ўтирган экан-у, танимаганимни қаранг!

- Нега хафа бўлай, Тошкентга бугун келдим, Шарофжон. Сиз билан учрашмасдан кетмасдим, - дедилар ҳофиз.

Гап-сўзлардан Комилжон Отаниёзовнинг оғир хасталикни ўтказганларини билдим.

- Майли, бугун дам олинг, эртага тегишли одамлар сиз билан янгамни шифохонага олиб боришади. Даволовчи шифокор ҳам тайинланган, Сиз, албатта, соғайиб кетасиз, - деди Шароф Рашидов.

1966 йил Ўзбекистон учун энг ташвишли йил бўлди. Тошкентда содир бўлган зилзила оқибатида пойтахтимиз вайрон бўлган эди. Пойтахтни тиклаш, қайта қуриш ишларининг ўзиёқ Шароф Рашидов номини абадиятга муҳрлаган эди, аслида.

Айни ўша йили мен Сирдарё вилоят касаба уюшмасида маданият, спорт ва маиший хизмат бўлимини бошқарардим. Мени малака ошириш учун бир ойлик ўқишга - Москва шаҳрига жўнатишди. Тошкент аэропортида самолётга ўтирдим. Шу пайтда самолёт ёнига уч-тўртта "Чайка" келиб тўхтади. Улардан Шароф Рашидов,Ўзбекистон Олий Совети раиси Ё. Насриддинова ва бир рус киши тушиб, самолётга чиқишди. Шундан сўнг самолётга бошқа йўловчилар олинмади. Биз - 22 йўловчи ва ҳукумат аъзолари Москвага учдик. Москвада улар самолётдан биринчи бўлиб тушиб, ниманидир кутгандай тўхтаб қолишди, кейин билсам учувчилар билан хайрлашиш учун тўхташган экан. Биз самолёт зинасидан тушар эканмиз Шароф Рашидов бизга қизиқсиниб қараб қолди. Уни таниган ҳамма ҳурмат билдириб салом берди. У яқин келиб, биз билан кўришди ва Москвага нимага келганимизни суриштирди. Биров ўқишга, кимдир иш билан келганини айтди. Шунда Шароф ака ҳамроҳини бизга таништирди. У СССР Госплани раиси Новиков бўлиб ва Тошкентни қайта қуриш комиссиясининг раиси этиб тайинланган экан.

1980 йилнинг август ойида Жиззахдаги Ипподром қурилишида ресторан қурилишига бошчилик қилардим. Сарвар Худоёров эса чойхона қурилишини бошқарарди. Қурилишларни Шароф Рашидов келиб кўрар экан дейишди. Албатта, ҳаммамиз тайёргарлик кўрдик, атрофда сочилиб ётган қурилиш материалларини йиғиб тахладик, чиқиндилардан тозаладик. Анча кутдик, соат миллари 16дан ўта бошлагач, "Энди келмайди-ёв!" деб ҳафсаламиз пир бўлди. Шу пайт сув ташийдиган машиналар келиб, тупроқли йўлга сув сепа бошлади.

- Бир оз кутайлик-чи, бу машиналар йўлларга бежиз сув сепмаяпти,- дедим Сарваржонга.

Шу пайт милиция машинаси кузатувида енгил машиналар келиб қолди. Машиналардан Шароф Рашидов ва вилоят раҳбарлари тушишди. Меҳмон биз билан саломлашиб, Сарварга юзланди:

- Сиз қаердан бўласиз?

- Мен Навоий колхозиданман. Отам Худоёр Муродов йилқичилик фермаси мудири бўлиб ишлаган.

- Биламан, - деди Шароф ака. Сўнг вилоят раҳбари Тўхтамиш Боймировга қараб: - Худоёр Муродов Қорабайир отларини етиштириб, Москвада чемпион қилган, Ўзбекистон отлари донғини дунёга ёйган инсон эди. Шу йигитни ўз тарбиянгизга олинг, яхши инсоннинг фарзанди ҳам яхши бўлади, - дедилар.

Шундан сўнг менга қаради:

- Сиз қаерда туғилгансиз?

Мен ҳам ўзимни таништирдим. Отамнинг қассоб бўлганини ва урушда ҳалок бўлганини сўзлаб бердим.

- Мели қассоб… - у бир нафас ўйланиб турдида сўзини давом эттирди. — Сариқдан келган полвон киши эди, яхши танирдим. Худо раҳмат қилсин…

Шу гаплар устига хўжалик раҳбари Мустафоқул Умрзоқов келиб қолди.

- Нега дориланган пахта майдонига теримчиларни туширдингиз? Майдон дорилангандан кейин 6-8 кунсиз теримга рухсат берилмаслигини яхши биласиз-ку! -деди у.

- Мен билмай қолибман. Ўозироқ уларни даладан чиқарамиз,- деб М. Умрзоқов мутахассисларига топшириқ берди.

- Мана бу бўз ерларга мевали дарахтлар экиб боғ қилинг, - топшириқ берди Шароф ака хўжалик раҳбарига.

Йўлда ҳам у ўтирган машина тез-тез тўхтарди. Меҳмон йўлда учраган бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, отахонлар олдига тушиб, улар билан суҳбатлашди, уларнинг муаммоларини суриштирди. Ҳатто аразлашиб қолган, ёнма-ён яшовчи ҳамсояларни яраштириб қўйди. Мактаб ўқувчиларидан сут-қатиқ ичишаётганигача сўради.

Ҳа, Шароф ака учун ҳамма нарса муҳим эди. Айниқса, у Жиззахга келганида одамлар билан мана шундай меҳри товланиб суҳбат қурарди. Оддий ишчими ёки раҳбарми, ҳамма билан ўз қадрдони, жигаридай сўзлашар, авлиёсифат чеҳрасидан нур ёғилиб тургандай бў-ларди. У ҳар бир учраган одамни эъзозларди. Биз ҳам республика раҳбаридай ҳимоячимиз, сўзларимизни тинглайдиган инсон борлигидан кўнглимиз тоғдай кўтариларди.

Тошкентни Шарқда энг гўзал шаҳарга айлантириш, вилоятларни ривожлантириш бўйича Шароф Рашидовнинг лойиҳалари ўша давр учун ақл бовар қилмайдиган ишлар эди. Чунки, биргина метро қурилиши учун рухсат олиш шер оғзидаги луқмани тортиб олиш билан баробар эди. Лекин Шароф Рашидов то умрининг сўнгги кунигача ўзбек халқининг бошқалардан кам бўлмаслиги, Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши учун жон куйдирди, ҳаётининг энг азиз дамларини бағишлади. Шунинг учун ҳам унинг хотираси олдида қарздор эканлигимизни доим ҳис этиб яшадим, бугунги кун келишини орзиқиб кутдим.

Бугун эса Яратганга шукрона келтираман. Зеро, халқимизнинг буюк фарзанди Шароф Рашидов номи улуғланмоқда, бирор кун йўқки, унинг номи телевизор ёки радиода зикр этилмаса, газета ва журналларда у ҳақда мақолалар чоп этилмаса. Шаҳримиз ва Шароф Рашидов туманида унинг хотирасига хиёбонлар барпо этилмоқда, мамлакатимизнинг турли шаҳарларида илмий-амалий, бадиий анжуманлар ўтказилмоқда. Буларнинг ҳаммаси миннатдор халқнинг ўз фарзандига бўлган эҳтиромидир.

Ўктам МЕЛИЕВ,

меҳнат фахрийси


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter