Авторизация
 
  • 14:43 – КУН НАФАСИ 
  • 15:38 – ЭНГ ФАОЛ ДЕПУТАТ ВА ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ АНИҚЛАНДИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 15:03 – ҲУДУДИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЖИЗЗАХДА 

Асил Рашидов: ЯНА АКАМ ҲАҚИДА. (Давоми. Аввали ўтган сонларда)

 

Демак, оддий деҳқон фарзанди Шароф Рашидовнинг босиб ўтган шонли йўли ва кўп қиррали меҳнат фаолияти ҳозирги ва келажак авлод вакиллари учун катта мактаб бўлиб хизмат қилади.

 

Хўш, у кишининг ҳаётида ҳам нуқсонлар бўлганми? Беайб Парвардигор дейишади. Тўғри, ҳap бир инсонда, у ким бўлишидан, қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, ўзига хос хато-камчиликлар бўлиши турган гап. Қатрада қуёш акс этганидек, жумҳурият ҳаётида, ҳатто собиқ Иттифоқ ҳаётида юз бераётган мураккаб ўзгаришлар Шароф Рашидов нигоҳида қанчалик ўз ифодасини топган бўлмасин, барибир, икки кўз ҳаммасини кўра олмади. Кўра олмас ҳам эди... Қолаверса, у одамларга ҳаддан таншқари ишонар эди. Акамнинг фаолиятида ҳам муайян нуқсон ва қусурлар содир бўлганлиги маълум. Улар ҳақида матбуот саҳифаларида ошириб-тошириб гапиришди, анжуманларда оғиз кўпиртириб сўзлашди ҳам. Гарчи Шароф Рашидов фаолиятидаги ҳатолар ҳар қанча тан-қиду дашномларга озуқ берган бўлмасин, барибир, вақт ўтиши билан унинг "заминни елкасида кўтариб турган"лардан бири эканлиги маълум бўлиб қолди.

"Биз одамлардаги кўпдан-кўп қусурларни илғамаймиз, аммо яхши фазилатларини ҳам камдан-кам эътироф этамиз", - дейди донолар. Шуниси юрак-бағримни тирнайдики, ёруғ ниятли бир инсон, қирқ йилдан зиёд давр мобайнида халқим, ватаним деб, бутун акл-идрокини, қалб қўрини сарфлаб, тиним билмай, жонини жабборга бериб, ҳатто фарзандларининг ҳам дийдорига тўй-май, вақти келганда уйку ҳисобига тинимсиз меҳнат қилган бўлса-ю, вафот этганидан сўнг... тавқи лаънатга учраса! Республиканинг турли жабҳаларда таназзулга юз тутиши, айтайлик, пахта яккаҳокимлиги ҳам, Орол фожиаси ҳам, ўртамиёна асарларнинг ўрчиб кетиши ҳам, қўйингки, қушларимизнинг тури камайгани-ю чувалчангларга қирон келиши ҳам биргина инсон номи билан боғлиқ бўлса! Наҳотки, акамнинг барча қилган эзгу ишлари бесамар бўлиб чиққан бўлса! Шуми инсоф, шуми диёнат?

Шароф Рашидов шаънига айтилган танқидий фикр-ларни сарҳисоб қилишнинг мавриди ҳам келди. Бир куни собиқ Марказий Қўмитанинг дала ҳовлисида Шароф акам билан Усмонхўжаев Бузрукхўжанинг суҳбатини чой қуйиб тинглаб ўтирибман. "Болам Шарофжон, ўғлимни Сизга, Сизни эса Худога топширдим. Йўл-йўриқ кўрсатсангиз. Бир умр Сизни алқаб, миннатдор бўлиб юраман, худойим мартабангизни янада зиёда қилсин", - деди у. Шароф акам падари бузрукворнинг сўзини ерда қолдирмади. Чунки Шароф акам Усмонхўжаев Бузрукхўжани эъзозларди, қадрларди. Унга ҳайкал ўрнатишга ҳам бошчилик қилганди. Берган ваъдасига содиқ қолиб, унинг фарзанди Иномжонни ҳамиша қўллаб-қувватлади, қўлидан келган ёрдамини аямади.

Шароф Рашидовнинг чексиз садоқати ва саҳоватидан боши осмонга етган шогирд аввалига устозни кўкларга кўтариб мақтаган бўлса, ҳаётдан кўз юмгандан сўнг телбавор хуружни бошлаб берган ҳам, "биз барчамиз бюро аъзолари Рашидовнинг шахсий гипнози таъсири остида юрганмиз", деб хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги собиқ КПСС Марказий Қўмитаси ва собиқ СССР Вазирлар Кенгашининг (1983 йил 23 декабрь) қарорини бекор қилдирган ҳам ўша И.Б.Усмонхўжаев бўлди. Жиззахдаги ёдгорликни (бюст) қўпортирган ким? Усмонхўжаев! Марҳумнинг қабрини ким кўчиртирди? Усмонхўжаев! Шунга қарамай, у сурбетларча буларнинг ҳаммасини Масковнинг иши қилиб кўрсатишга уринди. Ҳамма қилғиликни қилиб қўйиб, эндиликда, ҳибсдан чиққандан сўнг: "Шароф Рашидов республика учун энг кўп жон куйдирган одамлардан эди. Юзидан нур ёғилиб турган бу одам билан учрашиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди", - дея тилёғламалик билан фирибгарлик йўлига ўтиб олди ("Ёш ленинчи" (ҳозирги "Туркистон" газетаси), 1991 йил 12 ноябрь). Раҳматли акам ўша кезларда ношуд ва нобакор шогирдлар улғаяётганини, қўйнида шайтон урчиётганини ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

Даҳшатли фожиа яна шундаки, Усмонхўжаев, Нишонов марказдан ва бошқа жойлардан ўзлари чорлаб чақирган аксарият қизил фирибгарларга сажда қилиб ишлашди. Сажда қилишгина эмас, уларнинг кўнглини овлаб, барча шароитларни яратиб, жумҳурият ва халқимиз тақдирини уларга бутунлай топшириб қўйишди. Ўзлари эса ўша "қизил десантчилар" қўлида қўғирчоқ бўлиб яшадилар.

"Ўзбекистон Компар-тияси Марказий Комитети Бюросининг таклифига биноан, РСФСРнинг марказий областларидан, Украина, Белоруссия вабошқа республикалардан яхши ишлаб чиқариш тажрибасига, зарурий сиёсий ва байналмилал сифатларга эга бўлган ходимларни доимий ишлаш учун Ўзбекистон ССРга йўллаш тажрибаси давом эттирилади", деган эди И.Усмонхўжаев 1987 йил 17 январда Тошкентда бўлиб ўтган жамиятшуносларнинг республика йиғилишида сўзлаган нутқида. "Аргументы и факты" газетасининг 1988 йил сентябрь сонидаги интервьюсида эса Нишонов Усмонхўжаевга жўр бўлиб дейди: "Республикада жамият ҳаётининг барча жабҳаларини соғломлаштириш учун турғунлик даври меросига қарши қаттиқ, оғир кураш кетмоқда. КПСС Марказий Комитети кейинги тўрт йилда Ўзбекистонга юзлаб тажрибали кадрлар юборди. Аввало, республикага шундай кўламли ёрдам кейинги ўттиз йил мобайнида биринчи марта амалга оширилганлигини таъкидламоқчиман. Янги ходимларнинг келиши бизнинг чинакам бахтимиз бўлди". "Қизил десантчилар" эса қамчисидан қон томиб, қиличини қайраб, Бисмарк қатағони йўлини тутдилар. Жумҳуриятни оёқости қилиб, қанчадан-қанча бегуноҳ кишиларнинг ёстиғини қуритдилар. Аслини олганда, бу келгиндилар, одамларимизнинг юкини енгил қилиш учун эмас, аксинча, яна ўша кулфат чекаётган меҳнаткаш халқни талаб, хонавайрон қилиш учун келган чор мустамлакачиларининг давомчилари бўлиб чиқдилар. Янги келган раҳбарлар ҳам Марказ томонидан уюштирилган катта сиёсий ўйиннинг иродасиз иштирокчилари, пировардида эса унинг қурбонига айландилар. Ниҳоят, интиқом навбати ўзларига келганда, Иномжон Бузрукович, Рафиқ Нишоновни ҳам гум қилиб, ҳамёнларини тўлдирганча ҳайё-ҳу деб қочиб қолдилар. Мана, қалтис иш тутган раҳбарларнинг фожиали тақдири. Бирники - мингга, мингники - туманга...

 

(Давоми бор).

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter