Авторизация
 
  • 11:04 – “МЕН ҲАРБИЙ БЎЛАМАН!” 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:40 – 467 МИЛЛИАРД СЎМ МАБЛАҒ САРФЛАНАДИ 
  • 11:24 – МАЪНАВИЙ МУВОЗАНАТ ИЗДАН ЧИҚМАСИН 
  • 09:19 – МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ ЎЧОҒИ 

Асил Рашидов ЯНА АКАМ ҲАҚИДА (Давоми. Аввали ўтган сонларда)

Русийзабон ўзбек адиби Комил Икромов отаси Акмал Икромов ҳақида ёзган романида фавқулодда мунофиқлик қилиб Шароф Рашидовлар сулоласи ҳақида ўта беандишалик билан ғирт ёлғон гапларни ёзган. Улар тирик эканликларида бир-бирларини беқиёс ҳурмат қилишган. У акамни "маънавий отам" деб ардоқлаган. Улар ўртасидаги ёзишмалар ҳам бунга гувоҳлик беради.

К.Икромов ўзининг "Караваны уходят" ("Карвон ўтади"), "Круглая печать" ("Юмалок муҳр") номли китобларини акамга туҳфа этади. Бундан беҳад қувонган "маънавий ота" ҳам дарҳол унга мактуб йўллайди.

"Қадрли Комил!

Мен ҳозиргина ўртоқ Н.В.Подгорнийни кузатиб, аэропортдан қайтиб келдим ва сенинг юборган икки китобингни... олдим. Уларни албатта ўқиб чиқаман. Ишончим комилки, улкан завқ оламан.

Азизим Комил! Биз сенинг қилаётган ишларингни кузатиб бораяпмиз. Биз сенинг яратган янги асарларинг билан ҳам танишмиз. Уларнинг ҳар бири бизга қувонч келтиради ва албатта бизнинг Қуруримиздир. Шу боисдан фахрланамизки, бизнинг адибимиз Ватанимизнинг пойтахтида яшаб, ижод этмоқда ва заҳмат билан меҳнат қилмоқда, партия шарафи, халқнинг равнақи, адабиётларимизнинг истиқболи йулида тер тўкмоқда. Азиз қадрдоним! Сенга баҳодирона соғлиқ, яхши кайфият, янги ижодий омадлар, қувонч ва бахт тилайман.

Сени қаттиқ қучиб ва ўпиб Шароф Рашидов.

22 март. 1977 йил, Тошкент шаҳри".

Устоз саховатидан терисига сиғмай кетган шогирд ҳам дарҳол дил сўзларини изҳор этади:

"Азиз Шароф Рашидович!

Сизнинг олижаноб ва меҳрга тўла, оталарча Қамхўрлик билан битилган мактубингиз менда ва оила аъзоларимда жуда улкан таассурот қолдирдики, уни ҳикоя этишга муносиб сўз тополмаяпман. Қайта-қайта ўқир эканман, сизнинг эътиборингизга тушганим ва Қамхўрлигингиз учун қандай жавоб қилишим хусусида ўйладим.

Қисқароқ қиламан. Ҳурматли Шароф Рашидович, Сизга ваъда бераманки, ҳозирги Ўзбекистоннинг ажойиб кишилари ва уларнинг мисли кўрилмаган меҳнат зафарлари ҳақида, халқлар дўстлиги тўғрисида, халқнинг ворислиги, инқилобий ва маданий анъаналари хусусидаги бош китобимни - шахсан Сиз бутун ҳаётингизни, истеъдодингизни, ақл-заковатингизни бутунлай бахшида этаётган барча ишлар ҳақидаги романимни битаман...

Ҳамиша Сизнинг К.Икромов. 27.03.1977 йил."

Шароф Рашидов вафот этгандан сўнг тўнини тескари қийиб олган шогирд устозига нисбатан таъна тошларини ёғдириб, уни бадном қилишга уринади. "Отаси чор ҳукуматининг соқчиси бўлганини Рашидов яширади. Фалокат унинг бу ва яна бошқа баъзи нарсаларни яширганида ҳам эмас, балки у ёлғон ичида ёлғон ҳаёт кечирганида. Улуғ Ватан уруши йилларида Рашидов сирли бир ҳолатда ҳаш-паш дегунча армиядан қайтди, унинг жангдан қочганлиги ҳақида жиноий иш қўзғатилган ва бу иш бирданига ёпиб юборилгани ҳақида гап-сўзлар ҳам юради, лекин булар миш-мишлар. Бу миш-мишларни текшириб кўриш жуда ҳам душвор деб ўйлайман", ("Знамя" ойномаси, 1989, 6-сон, 82-бет.)

1991 йили "Путь моего отца" деб номланган мазкур асар "Советский писатель" нашриётида алоҳида китоб ҳолида чоп этилган бўлиб, алмойи-алжойи миш-мишлар қисқартирилиб ташланган. Хуллас, К.Икромовнинг бўхтонлари бангихонадан чиққан нашаванднинг алахсирашларига ўхшаб кетади. Ўйламай гапирган, оғримай ўлар, деганларидек, К.Икромов бу манфур сўзлари учун судга берилиши олдида 1989 йилнинг 3 июнида бандаликни бажо келтиради. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқ керакки, бу гаплар биргина Комилнинг уйдирмалари бўлибгина қолмай, аслини олганда, улар билан оғиз-бурун ўпишиб, ҳамтовоқ бўлиб юрган "маҳаллий" гумашталари, Шароф Рашидов билан тиригида ҳам, ўлигида ҳам курашиб келган Р.Ғуломов, О.Алимов, М.Муҳаммаджонов сингари бир нечта совет-партия ходимларининг қабиҳ бўҳтонларидан бошқа нарса эмасди.

Акам жонига теккан бу "кимсалар" ҳақида "Менинг ашаддий душманларим, устимдан Москвага турнақатор шикоят хатлари ёзавериб тинка-мадоримни қуритганлар ҳам шулар бўлди", деб оҳ ургани ҳамон эсимда. Бу маккорлар эртаю кеч маишат устида бир қултум заҳар-заққумнинг қулига айланиб қолган Комилни ҳам ўзларининг қўлбола маддоҳларига айлантириб олган эдилар.

Агар ёзаман десам улар билан акам ўртасидаги бу кураш ўзи бир тарих, бошқача айтганда уларнинг қилмишлари хусусида гап очсам тугамайди.

Акам бир шеърида "Тарихнинг қаҳри-ла қайрадим қилич" деб ёзган эди. Тарих ҳар доим аччиқ ҳақиқат ва буюк мураббийлик мезони бўлиб келган. Давр ўтиши билан тарих айёр, маккор, ғаразгўй кимсаларни бирин-кетин қиличидан ўтказмокда,

Комил Икромовнинг жанг майдонларида Ватан шаънини ҳимоя қилган акам Шароф Рашидов ҳақида ёзишга умуман маънавий ҳаққи йўк эди. Шунинг учун бу "айбнома"ларга ҳозир батафсил жавоб ёзиб ўтиришга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Шундай бўлсада, икки оғиз маълумот. Акам, юқорида айтиб ўтганимдек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат дорилфунунининг филология факультетида ўқиб юрган кезлари 1941 йилда уруш бошланиши биланоқ кўнгиллилар қатори ҳарбий хизматга кетади ва Калинин фронтининг ҳаёт-мамот жангларида сиёсий рахбар сифатида алоҳида жасорат кўрсатганлиги учун "Қизил байроқ" ордени билан мукофотланади. Демак, Шароф Рашидовнинг сирли бир ҳолатда армиядан қайтганлиги, жангдан қочганлиги асоссиз бўлиб чиқади.

Отамиз Рашид бобо Халилов суяги меҳнатда қотган, дехқончилик илмининг миришкори эдилар. У киши кейинчалик колхозда звено бошлиғи, бригадир, ундан кейин ҳосилот кенгашининг раиси, маълум муддат колхоз раиси вазифасида ишлайди. Буни у туғилиб ўсган Жиззах туманининг Совунгарлик қишлоғида (ҳозирги Ҳамроқул Носиров хўжалиги) яшовчи қариялар жуда яхши билишади.

Шундай қилиб, акаларим Шарофиддин ва Саҳобиддин Рашидовлар айни қиёмат-қойим уруш давом этиб турган пайтда 1942 - 1944 йилларда ҳаракатдаги армия сафида, қонли жанггоҳларда қатнашган ва жанг майдонидан ярадор бўлиб қайтишган. Уларнинг кўкрак тўла жанговар мукофотларини бир бошдан санасам К.Икромов сингари баъзи асаби бузилган адибларнинг ранжида бўлишлари турган гап. Шуни ҳам айтиш керакки, акаларим оёқда тургунга қадар хийла ночор аҳволда яшаганмиз.

Ўрни келганда биз ака-укаларни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган камсуқум онажонимиз Қўйсиной буви Ҳалилова ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтсам.

Юқорида эслатиб ўтганимиздек, оиламиз оддий деҳқон оилаларидан унчалик фарқ қилмасди. Онаизоримиз эртаю кеч одатдагидай уй ишлари ва кўпинча колхоз юмушлари билан банд бўларди. Ўша кезларда қишлоғимизда саводсизликни битириш тўгараги очилган бўлиб, волидамиз маълум даражада хат-саводли бўлгани боис, оқшомлари мазкур тўгаракда сабоқ берарди.

Бувимнинг бутун ички ва ташқи қиёфаси тасаввуримда муҳрланиб қолганди... Уйимизга узоқ-яқин қариндошлар меҳмон бўлиб келиб қолишса, ўзини қўярга жой топа олмай боши осмонга етарди, уларни ҳамиша ихлос ва самимият билан кутиб оларди. Мухтасар қилиб айтганда, мунису мушфиқ бувижонимиз тиниб-тинчимас, меҳнатсевар, одамижон, меҳридарё инсон эдилар.

Яна мавзуга қайтай. Гап 1964 йил декабрда Тошкент бирлашган партия конференциясида область партия комитетининг ташкилий-партиявий бўлими мудири муовини Вали Усмоновнинг "классик" нутқи хусусида бормоқда (бу нутқни ўз ташаббусим билан сўзлаганман, дейди у). Гапнинг индаллосини айтганда, мазкур нутқ юқорида номлари зикр этилган Р.ўуломов, О.Алимов, М.Муҳаммаджонов сингари ҳамтовоқ маслакдошларнинг фикри эди.

У конференциядаги нутқида шундай деган эди: "Шароф Рашидов ўз нутқида Хрушчёвнинг номини ўн-ўн икки марталаб тилга олади. Совет Ўзбекистони экономикаси ва маданиятини ривожлантиришда қўлга киритган ютуқларни унинг номи билан боғлади. Агар мажозий ифодалаш мумкин бўлса, у Хрушчёвга худога сиғингандек сиғинди... Ўртоқлар, ахир бу мамлакат олдида турган барча энг мураккаб масалаларни Октябрь революциясидан бери социализм ва коммунизм манфаатлари йўлида ҳал этиб келаётган буюк партиямиз ва Совет ҳукуматига туҳмат-ку".

Конференция қатнашчилари шу пайтдаёқ бу даъвога муносиб жавоб қайтаришади. Навбат обкомнинг янги таркибини сайлашга келганда, залда ғала-ғовур авжига чиқади. ҳамма ёқни бақириқ-чақириқ босиб кетади.

"Бундай одамни партия комитетининг яқинига ҳам йўлатмаслик керак". "Партиявий масаласини кўришни обкомга топширмоқ зарур ва ҳоказо". Йиғинни бошқараётган раис бир зум довдираб қолади. Шунда кутилмаганда Шароф Рашидов сўз сўрайди.

(Давоми бор).

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter