Авторизация
 
  • 14:00 – КИТОБХОНЛИК АЙЁМИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:14 – МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИ ОРТМОҚДА 
  • 14:44 – ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУР 
  • 13:53 – ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ 

Улуғ инсон ҳақида ўчмас хотиралар

  • Шароф Рашидовнинг ҳаёт фаолияти, фидойилиги, Ўзбекистон халқи бахт-саодати йўлида қилган хизматлари ҳақида илк бор ўтган аср 40-йилларида Самарқанд тумани партия қўмитасининг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган бобом Ҳасан Обиддиновдан эшитганман. У киши Шароф Рашидов урушдан ярадор бўлиб қайтгач, "Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") газетасида, вилоят партия қўмитасида ишлаган йилларида қадрдон дўст бўлиб қолишган. Бобом Шароф Рашидов ташкилотчилиги, ташаббускорлиги билан одамларни улуғ ишларга отлантира олиш қобилиятига эга бўлгани, уларни ишонч ва самимият, меҳр билан ортидан эргаштиргани, уруш оқибатларини тугатиш, халқ хўжалиги иқтисодиётини тиклашда жонбозлик кўрсатганлигини фахр билан сўзлаб берарди.

 

Кейинчалик Шароф Рашидовдек улуғ инсон билан танишиш, суҳбатлашиш менга ҳам насиб этди. 1979 йили Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида сиёсий иқтисод кафедраси мудири бўлиб ишлардим. Сентябрь ойи эди. Институтнинг 50 йиллиги юбилейи муносабати билан Шароф Рашидов ташриф буюрди. У таълим-тарбия жараёни, иссиқхона ва тажриба участкасида олиб борилаётган тадқиқотлар, амалиёт ишлари билан яқиндан танишди. Профессор-ўқитувчилар, талабаларнинг ўқитиш, ўқиш, ишлаш ва яшаш шароитлари билан қизиқдилар. Институт жамоаси олдида турган қишлоқ хўжалиги учун етук мутахассислар тайёрлашни кучайтириш вазифаларини белгилаб берди. Илм-фанни, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, халқ турмушини яхшилаш учун республика ҳукумати маблаҚини аямаслигини таъкидлади. Олимлар билан танишиш чоғида менинг дўсти Ҳасан Обиддиновнинг қариндоши эканлигимни билгач, қадрдонининг ҳол-аҳволи, саломатлигини суриштирди. Вилоят раҳбарлари Б.Раҳимов, С.Ҳамроқуловга Ҳ.Обиддиновнинг 70 йиллиги юбилейини ўтказишни топширди.

Киши ўтган умр йўлларига хаёлан назар ташлар экан, бири-биридан тотли хотиралар қайта жонланаверади. Улуғ инсон Шароф Рашидов билан боғлиқ яна бир воқеа қалбимда ўчмас бўлиб муҳрланиб қолган. 1990 йил 18 февралда мустақиллик эпкини эндигина ўзининг илк муждаларини таратаётганида ЎзССР Олий Советига сайловлар бўлиб ўтди. 280-Гагарин сайлов округи сайловчилари каминага юксак ишонч билдириб, шу олий органга депутат қилиб сайладилар. 1990 йил 24 мартда Тошкентда ЎзССР Олий Советининг биринчи сессияси очилди. Уни Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби Ислом Каримов олиб борди. Демократик тарзда эркин ва ошкора ўтган сессияда кун тартибидаги масалалар бўйича депутатлар ўз таклифлари, мулоҳаза ва фикрларини дадил билдирдилар. Мен ҳам сўзга чиқиб, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий муаммолар, қонунчиликни мустаҳкамлаш бўйича мулоҳазаларимни баён қилдим-да, қўшимча тарзда ЎзКомпартия Марказий қўмитаси собиқ биринчи котиби Шароф Рашидов раҳбарлиги давридаги республика партия ташкилоти фаолиятига берилган сиёсий баҳони қайта кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия тузиш таклифини киритдим. Депутатлар ва мажлис раиси И.Каримов таклифимни қўллаб-қувватладилар. Ушбу таклиф овозга қўйилганида гулдурос қарсаклар янгради. Бу бежизга эмас эди. Шароф Рашидов шахсига собиқ марказдан тўҳмат тошлари отилаётган, Москвадан "ўзбеклар иши"ни кўриб чиқиш учун юборилган Гдлян, Иванов деган ёвуз кимсалар турли уйдирмалар, ваҳшиёна усуллар билан кўплаб бегуноҳ маҳаллий кадрлар номига туҳмат тамғасини босиб, халқимизнинг нафратини қўзғотаётган эдилар. Халқ юксак ишонч билдириб сайлаган биз, депутатлар бунга бефарқ қараб жим тура олмас эдик. Кўп ўтмай, ЎзКомпартия съезди бўлиб ўтди ва унда халқимизнинг ардоқли фарзанди Шароф Рашидов номи тикланди. Бу воқеалар ҳаётимиздаги энг ёрқин унутилмас лаҳзалар бўлиб қолди.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори эса адолат устуворлиги йўлида катта тарихий воқеа бўлди.

Эркин ХЎЖАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори.


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter