Авторизация
 
  • 10:39 – ОИЛАМ - БАХТИМ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:04 – 7 ЙИЛЛИК ДАРДНИНГ ИСИТМАСИ 
  • 16:09 – МАҲАЛЛАНИНГ МАВҚЕИ ОШАДИ 
  • 15:32 – ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР 

КЕЛДИ ФАСЛИ НАВБАҲОР БОШЛАБ ТЎКИНЛИК ЁЗИНИ

 Зуллисонайн шоир Жонибек Қувноқов Нурота тоғ тизмаларидаги Порашт қишлоғида, деҳқон оиласида дунёга келди. Ўсмир дастлаб қишлоғидаги тўлиқсиз ўрта мактабда, сўнгра Самарқанд вилоятининг Нурота туманидаги Сентоб қишлоғида очилган ўрта мактабда ўқиди. Таҳсилни Хўжанд Давлат педагогика институтининг тарих ва филология факультетларида давом эттирди.

 

"Ҳақиқати Ленинобод" (Хўжанд вилояти) ва "Ҳақиқати Ўзбекистон" (Тошкент шаҳри) газеталарида босилган шеърлар ёш ижодкорни кенг жамоатчиликка танитди. 1973-1990 йилларда Жонибек Қувноқов "Юрак тўлқинлари", "Сенга интиламан", "Қарз", "Арзидил", "Ифтихор", "Розхо", "Зангула" шеърий китобларини ўзбек ва тожик тилларида чоп эттирди.

Ширин калом шоир, устоз Муҳаммаджон Васфий сингари забардаст ижодкорлар сабоғидан баҳра олган журналист Жонибек Қувноқов учун "Ҳақиқати Ўзбекистон" газетасининг адабиёт ва маданият бўлимида кечган йиллар ниҳоятда самарали бўлди. Ўша кезларда Дақиқий, Зоконий, Ҳилолий, Мушфиқий, Биноий, Насафий, Саҳбо, Маъдан, Савдо, Шоҳин, Дониш, Ҳайра, Асирий, Садриддин Айний сингари тожик ижодкорларининг ижодидан намуналар мутаржим томонидан ўзбек китобхонларига тақдим этилди. Бир вақтнинг ўзида Жонибек Қувноқ Алишер Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" достонини, Ўткир Ҳошимовнинг "Нур борки, соя бор", Абдулла Ориповнинг "Ҳаким ва ажал" асарларини, Эркин Воҳидов, Барот Бойқобилов, Нормурод Нарзуллаев, Назармат шеърлари билан тожик китобхонларини яқиндан таништирди.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаоллиги билан барчага намуна бўлган Жонибек Қувноқ Ўзбекистон ва Тожикистондаги оммавий ахборот воситаларида икки тилда материаллар, кўрсатувлар ва эшиттиришлар мунтазам берилиши ташаббускори бўлди. "Дўсти мо, биродари мо", "Гулдастаи Самарқанд" китобларининг чоп этилишига бош-қош бўлди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жонибек Қувноқ гарчи бугун орамизда бўлмаса-да, унинг ўтли шеърлари дўст-у биродар ва азалдан қондош ўзбек ва тожик халқлари, адабиёт ихлосмандлари хотирасида мангу яшаб келаяпти.

Навбаҳор

Келди фасли навбаҳор бошлаб тўкинлик ёзини,

Лола тутди зар қадаҳ, гул бошлади пардозини.

Чашма бўлди тоғ кўзидан томган ул ҳар қатра ёш.

Боққа оқди чертибон меҳру вафонинг созини.

Кўз очиб наргис узолмас пахтазордан кўзларин,

Балки кўрмоқчи бўлар ул пахтазор шоввозини.

Жуфт бўлиб қушлар учарлар сўзлабон ўз лафзида,

Рози эдим кошки айтса, дилбарим дил розини.

Пат гилам ёзди табиат дашту саҳро устига,

Буркади бошдан оёқ зийнатга қиш қоғозини.

Ўтди гулшандан нигорим нозу истиғно билан,

Гул бош эгди бир нафас кўрган каби устозини.

Бир данакнинг икки мағзи навбаҳор меҳнат билан,

Кўрсатур меҳнат баҳорнииг кўзгусида ёзини.

Қўшқанот бергин шеърингга навбаҳорда, Жонибек,

Орзулар осмонида этсин давом парвозини.

Меҳр гул қилар

Кун бўйи ўғилчамиз булбул каби чул-чул қилар,

Келган илҳом мулкини яксон этар, бир пул қилар.

Қаҳр билан боқсам лабида бир ширин кулгу кўриб,

Қаҳр тикани қовжирар, дил борида меҳр гул қилар.

Айни султонлик чоғи, оламни билмайди ҳануз,

Ойни ширмой кулча дер, ўз сўзини маъқул қилар.

Боланинг болдай тили фикру хаёлим сеҳр этар,

Сўзларим заҳрин ювиб, қанду навотин мўл қилар.

Болали уй мисли бозор дердилар, ҳaқ гaп экан,

Бўлмаса бир лаҳза уйда, уйни худди чўл қилар.

Умримиз карвонининг сарбони бўлгай бир куни,

Номимиз ўчмаслиги-чун ҳарна қилса ул қилар.

Она

Ассалом, меҳр-у муҳаббат мулкига султон, она,

Тож-у тахтингнинг бисоти шафқат-у эҳсон, она.

Ногаҳон фарзанд томон эсса агар нохуш шамол,

Айлагайсан кўкрагингни тоғ каби қалқон, она.

Оқ сутинг бирлан қилурсан сен жаҳонга жон ато,

Мушкули дунё бўлур амринг билан осон, она.

Кўзларингда кўрганимда гоҳида ҳасратли ёш,

Кўз ёшидан ер юзи гўё бўлур уммон, она.

Солса ҳар ким гар дилингнинг торига мунгли наво,

Бўлса ҳам олим, бўлолмас ҳеч қачон инсон, она.

Мижжа қоқмай алла айтиб чиққанинг-чун бир кеча,

Бир умр хизматда бўлсам қолмагай армон, она.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter