Авторизация
 
  • 10:39 – ОИЛАМ - БАХТИМ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:04 – 7 ЙИЛЛИК ДАРДНИНГ ИСИТМАСИ 
  • 16:09 – МАҲАЛЛАНИНГ МАВҚЕИ ОШАДИ 
  • 15:32 – ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР 

Улуғликнинг тимсоли эди

  • Шароф Рашидов Ўзбекнинг отахон раҳбари, давлатимизнинг беназир ва суюкли ўғлони, умрининг сўнгги нафасига қадар ўз халқини, она юртини ўйлаган улуғ инсон эди. Менинг хотирамда эса бу атоқли арбоб одамийликнинг номдор вакили ва оқил раҳбар сифатида муҳрланган.

 

Раҳматли падари бузрукворим Файзи Ботиров Пайариқ туманида мироб, ер тузувчи, қатор хўжаликларда раис ва ижроқўм раиси лавозимларида фаолият кўрсатган. Не бахтки, шу даврда Шароф Рашидов билан бақамти меҳнат қилган. Жумладан, 1944-1946 йилларда Шароф ота вилоят фирқа қўмитаси котиби бўлиб ишлаб, Пайариқ туманига вакил бўлган. Отам эса туман ижроқўми раиси сифатида фаолият кўрсатган.

 

Отам ўша вақтларда бўлган бир воқеани кўп эсларди: "Урушнинг сўнгги ойлари. Халқимиз меҳнат фронтида жавлон урар, нимаики егулик жамғарса шунинг тўртдан уч улушини фронтга жўнатарди. Хўжалигимизда яшовчи етмиш ёшни қоралаб қолган отахон уч ўғлини жангга жўнатган, шу вақтгача икки ўғлидан қора хат келган, учинчисининг соғ-омон келишини кутар, фарзанд доғини ювиш, овуниш учун тинмай меҳнат қиларди. Бундай айрилиқдан ўжар бўлиб қолган отахон билан ҳаммаям гаплашолмасди. Иттифоқо, учинчи ўғлидан ҳам қора хат келди. Энди уни отахонга етказиш учун на почтачида, на бошқа кишида журъат етарди. Воқеадан хабар топган Шароф ака мени чақириб, отахон меҳнат қилаётган далага бошлашимни буюрди. Етгач, Шароф ака салом-аликдан сўнг, ўзини таништириб, ҳам раҳбар, ҳам ёзувчиларга хос гаплар айтдики, буни мен сўз билан ифодалай олмайман. Фақат шу аниқ бўлдики, фарзандидан қора хат келганини айтмаса-да, унинг ҳалок бўлгани ҳақида оғиз очмаган бўлса-да отахон буни тушунди, тақдирга тан берди. Шароф ака "Мана, мен фарзандингизман, қишлоқда яшовчи барча йигит-қиз болангиз", деди. Бу гапдан отахоннинг кўнгли тоғдай кўтарилди. Шароф ака Тошкентга кетиб, "Қизил Ўзбекистон" газетасига муҳаррирлик қилганида ҳам, Ёзувчилар уюшмасига раис бўлганида ҳам туманимизга икки-уч марта келди ва отахоннинг уйига борди. Саксон йил умр кўрган отахон давраларда "Менинг ўғлим Тошкентда, у ардоқли шоир, ёзувчи. Кўрасизлар ҳали у "катта одам" бўлади", деб дуо қиларди…

Иккинчи воқеа эса 1979 йилда бўлганди. Ўшанда отам билан иккаламиз поездда Тошкентга бордик. Мўлжаллаган ишимиз тугагач, отам Самарқандда бирга ишлаган Гаек Габриельянц ҳузурига - ВАСХНИЛ идорасига бордик.

Гаек бобо ва отамиз қучоқ очиб кўришди, анча вақт мириқиб суҳбат қилишди. Сўнгра Г.Габриельянц Марказқўмга қўнғироқ қилиб Шароф ака, Пайариқдан Файзи Ботиров келган, қабулингизга борса бўладими?” - деб сўради. Шароф ота "Келсин", деган шекилли биз дарров етиб бордик. Шароф Рашидов илиқ кутиб олди, ҳол-аҳвол сўради, Пайариқдаги ўнлаб оддий одамларни суриштирди, аҳолининг турмуш шароитлари билан қизиқди. Гап асносида "Файзи ака, раҳбар киши қандай йўл билан бўлса-да одамлар оғирини енгил қилиши, уларга елкадош бўлиши керак", деди самимият билан.

Отам катта ишларда ишлаган бўлса-да жуда камтар, тортинчоқ киши эди. Шунда мен отамга "Шароф ота билан суратга тушайлик", дедим секингина. Отам буни одобсизликка йўйиб, унамади. Шароф ота ниятимни сезди. Хонасидаги китоб жавони қаторида турган бир суратини бизга узатди ва сурат орқасига "Қадрдоним Файзи акага", деган сўзларни битиб ёзиб шу кунги санани ёзиб қўйди…

Ушбу учрашув ҳақида падари бузрукворим умрининг сўнгги дамларига қадар фахр ва ифтихорга тўлиб сўзлаб юрдилар. Дарвоқе, отам Шароф Рашидов берган суратни портрет қилдириб, хонасининг тўрига илиб қўйди. Аслини эса авайлаб сандиқда сақлади. Камина эса бу хотираларни мудом қадрлайман.

Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори,

Самарқанд вилояти
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter