Авторизация
 
  • 11:04 – “МЕН ҲАРБИЙ БЎЛАМАН!” 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:40 – 467 МИЛЛИАРД СЎМ МАБЛАҒ САРФЛАНАДИ 
  • 11:24 – МАЪНАВИЙ МУВОЗАНАТ ИЗДАН ЧИҚМАСИН 
  • 09:19 – МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ ЎЧОҒИ 

Икки мактуб тарихи

Абдулла Орипов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири


Азиз ўқувчим! Мен ҳозир сизга иккита мўътабар мактубнинг тарихини баён қиламан. Улар Шароф Рашидов номи билан боғлиқдир. Мен у кишининг қўл остида бевосита ишлаган эмасман. Шароф ака давлат арбоби бўлиш билан бир қаторда, адиб ҳам эдилар. Бу икки жиҳат Шароф акадан адабиётни мунтазам кузатиб боришни тақозо этар эди. Табиийки, камина ҳам у кишининг назарида бўлганман.

 

Катталарнинг қовоғига кўп нарса боғлиқ. Шароф аканинг тарбияси туфайли бўлса керак, Марказқўм девонида бир қанча маданият мутасаддилари хизмат қилардиларки, уларнинг баъзилари оқни қорадан бемалол ажрата олар, демак, биринчи котибга ҳам тўғри маълумот етказар эдилар.

 

Буюк Шарқ олими Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллиги яқинлашиб келмокда эди. Шароф ака мени чақиртирдилар ва Ибн Сино ҳақида бирор достон ёзишимни маслаҳат бердилар. Мен Ибн Синонинг касб-коридан унчалик хабардор эмаслигимни айтдим. Шунда Шароф аканинг рухиятида ёзувчилик сифатлари "ярқ" этиб намоён бўлди. У киши буюк олимнинг серқирра фаолияти ҳақида, умуминсоний қадр-қиммати хусусида жўшиб гапирдилар. Ибн Синонинг қадимий туркийда ёзилган бир шеъри ҳам мавжудлигини эслатиб ўтдилар. У киши соғлиғимни суриштирдилар-да дарҳол бир масъул ходимни чақириб, мени биринчи даволаниш масканига аъзо қилишни буюрдилар.

Кези келганида шуни айтиб ўтайки, Шароф аканинг вафотидан сўнг биринчи даволаш масканидан мени зум ўтмай бадарға қилишди. Сабаби: "Мақомингиз тўғри келмайди", дейишди. Ниҳоят, Халқ шоири унвонига эга бўлганимдан сўнггина маломатсиз даволанадиган бўлдим.

Энди яна бояги гапга қайтсак: хуллас, биринчи даволаниш масканига аъзо қилишни тайинлаганларидан кейин Шароф ака Чехословакиянинг Карлови-Вари булоғининг сувини ичишимни маслаҳат бердилар. У жойга уз ҳисобимдан, Шароф аканинг топшириғига кўра, йўлланмани тўғрилаб беришди. Нархи ўша вақтнинг пули билан ҳисоблаганда йўл харажатидан ташқари минг сўм эди. Карлови-Варининг суви ёқмадими, соғлиғим бироз оғирлашди. Қайтиб кетишдан бошқа иложим йўқ эди. Бироқ, мен ўзимга ажратилган кенг хонада йиққан материаларим асосида "Ҳаким ва ажал" достонини ёза бошладим. Йигирма кунда уни битказдим. Тошкентга қайттач, достон қўлёзмасини ўша вақтдаги Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари Яшин домла орқали Шароф Рашидовга чиқариб юбордим. Шароф ака: "Мен бу болани даволанишга юборсам, достон битказиб қайтибди-да", - деган гапларни айтибди. Асарим у кишига маъқул тушибди. Сал ўтмай Марказқўм девонидан менга қўнғироқ қилишди ва бир мактубни дарҳол олиб кетишимни сўрашди. Мактуб Шароф Рашидовнинг ўз қўллари билан яшил сиёхда ёзилган эди. Мана ўша мактубнинг асли;

Укам Абдулла ОРИПОВга!

Ибн Сино шундай бир қуёшки, у минг йиллар тарихини ҳам ёритиб, ҳам иситиб, ҳам безаб турибди. Унинг ҳаёти ва ижоди ҳам умумхалқ маданияти тарихининг мангу қуёшидир.

Бу ҳақда мен кўп ўйладим. Кўп ўқидим. Ва, Уйғун домуллага мурожаат қилиб, ибн Сино таваллудига муносиб совға сифатида бирор бадиий асар ёзишни илтимос қилдим. Уйғун ака илтимосимизга "лаббай" деб жавоб қилдилар. Ажойиб асар яратдилар. Энди бу асар халқимизнинг фахри ва Қуруридир. Шу пайтда Сиз ёзган достонни ўқишга муяссар бўлдим. Жасоратингизга ва меҳнатингизга балли, укам. Қойилман. "Ҳаким ва ажал" достони жонажон адабиётимизнинг жуда ноёб мулки сифатида, поэзиямизнинг шоҳ асари сифатида ўқилади. Бу ижодий зафар билан сизни чин дилдан табрик қиламан. Кам бўлманг, укам. Умрингиз узоқ бўлсин, қўлингиз ва дилингиз дард кўрмасин.

Ана шундай достонни ўқишга муяссар бўлганимдан бахтиёрман.

Эхтиром билан, Шароф Рашидов

1/VII.80.

Шароф Рашидов ҳақида хотиралар ва ҳужжатлар китобини тўплаётган институтдан менга қўнғироқ қилишиб Рашидов имзо чеккан, менга тааллуқли бир мактубнинг нусхаси борлигини, уни иложи бўлса шархлаб беришимни илтимос қилишди. Хат тарихий ҳужжат ҳисобланганлиги учун уни тўлиқ келтираман:

Москва.

"Советский писатель"

нашриёти.

ўрток. Н.В.ЛЕСЮЧЕВСКИЙга

Қадрли биродарим Николай Васильевич!

Сизга Тошкентдан қалб саломи!

Мен Сизга Абдулла Ориповни йўллаяпман. Яқинда ўзбек тилида унинг "Юртим шамоли" китоби босилиб чиқди. Мен уни синчиклаб ўқиб чиқдим ва бу тўпламга қандай чиройли шеърлар кирганлигидан ҳайратландим. Шуни айтишим керакки, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов яқин орада ўзбек миллий шеърияти, умуман олганда эса, бутун ўзбек миллий адабиёти савия даражасини белгилайдиган талантлардир.

Шунинг учун Абдулла Ориповни Сиз шахсан қабул қилишингизни, танишишингизни, у билан суҳбатлашишингизни ўтинч билан сўрайман. 1978 йилда москвалик энг яхши таржимонлар таржимасида унинг шеърлар китобини рус тилида нашр этиш керак. Мен уни Сизга йўллаётганимдан мақсад шуки, шоир шеърлари, таржималари юксак бадиий савияда бўлса. Сўзимга ишонаверинг: Абдулла Орипов шеърлари Сизга Расул Ҳамзатов, Эдуардас Межелайтис ва бошқа талантли шоирларнинг асарларини эслатади. Сиз ва биз бу ёрқин талант билан чуқур, ҳар томонлама пишиқ-пухта ишлашимиз керак.

Имкониятдан фойдаланиб, қадрли дўстим ва биродарим, Сизга мустаҳкам соғлиқ, ишингизда - муваффақиятлар, ҳаётда ҳамиша барқарор бахт ва қувончлар тилайман.

Сизни маҳкам қучиб, ўпиб қолувчи Шароф Рашидов.

1977 йил, 2 февраль.

Тошкент шаҳри.

Гап шундаки, Шароф ака бир вақт мени қабулига чақириб, ҳол-ахвол сўрагач, Москвада рус тилида эндигина босилиб чиққан бир китобимни кўрсатиб шундоқ деди: "Ука, китобингиз рус тилида чиққани яхши бўлибди, табриклайман. Бироқ, мен тўпламдаги шеърларнинг аслиятидан деярли хабардорман. Таржима ўхшамабди-ку, нега рози бўлдингиз?". Мен фикримни тушунтиришга ҳаракат қилдим: "Шароф ака, яхши таржимонларнинг деярли барчаси банд. Бизга ўхшаганларни эса, аллакимлар таржима қилса керак. Таржимани ўзимизга ҳам кўрсатишмайди. Миллий адабиётлардан шунча номда, шунча китоб чиқардик, дейиш учун биздақалар керак бўламиз, шекилли. Бу китоб ҳам расмий ҳисоботлар учун чиқарилган. Уни хатто бировга тортиқ қилишга ҳам уяламан", - дедим.

Шароф ака бир нафас ўйга толиб, жим қолдилар. У кишининг асабийлашгани кўриниб турарди. Менга қараб дафъатан, "Абдуллажон, сиз бугун Москвага учиб борасиз. Хат ёзиб бераман. Уни керакли кишига топширасиз", - дедилар. Хуллас, қўлимда сўрғичланган мактуб билан Москвага етиб келдим. Мактуб "Советский писатель" нашриётининг директори Лесючевскийга аталган эди. Лесючевский мактубни авайлаб очиб ўқигач, менга хайрат билан тикилиб қолди:

- Рашидов сенга ким бўлади? - деб сўради.

Мен жавоб бериб:

- Хар ҳолда у киши менга қариндош эмас, - дедим.

Лесючевский гапида давом этди:

- Мактубда нималар битилганидан хабаринг борми?

Мен "йўқ" дедим.

Лесючевский бироз ўйланиб тургач:

- Мен Рашидовнинг айтганини бажаришим керак. У киши мени бир маротаба сақлаб қолган. Сен боравер, мен яхши таржимонларни албатта, топаман, - деди,

Тез орада Лесючевский оламдан кўз юмди. Ёшлик қилдим шекилли, мактубнинг тақдири нима бўлганини Шароф акага вақтида етказа олмадим...

Подшонинг битта мактуби ёҳуд ишораси билан ҳеч бир ёзувчи классикка айланиб қолмайди. Бу гапларни яхши тушунардим. Шароф Рашидов адабиётимизни иложи борича кенгроқ ташвиқ қилишни истарди, холос. Лекин битга нарса мен учун кундай равшан бўлган эди. Москва аллақандай Шарқдан яна бир саркаш шоирнинг бош кўтариб чиқишини сира-сира истамасди. Улар мен-ку мен, Рашидовни ҳам алдашди. Бу гапларни, балки, ёзмаслигим ҳам мумкин эди. Бироқ, соҳта камтарлик ҳам мақтанчоқликка кирадики, энг тўғри йўл бор гапни яширмай айтишдир.

(Шоирнинг эсдаликларидан)

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter