Авторизация
 
  • 14:43 – КУН НАФАСИ 
  • 15:38 – ЭНГ ФАОЛ ДЕПУТАТ ВА ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ АНИҚЛАНДИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 15:03 – ҲУДУДИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЖИЗЗАХДА 

ҲУҚУҚИЙ ДЕМОКРАТИК ЖАМИЯТ ВА КОНСТИТУЦИЯ

 

Демократлаштириш ва либераллаштириш, биз учун принципиал жиҳатдан мутлақо янги бўлган давлатни шакллантиришдир. Албатта, бу бир-икки йилда ҳал этиладиган вазифа эмас, балки муайян муддат билан чегараланиб қолмайдиган узоқ ва узлуксиз жараёндир. 1992 йилнинг 8 декабрида халқаро ҳуқуқ нормалари ва андозалари талабларига жавоб берадиган замонавий Конституция қабул қилинди ва шу кундан бошлаб мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш сари қатъий қадам қўйилди.

1990 йил 20 июнда эълон қилинган "Мустақиллик декларацияси" ва 1991 йил 31 август-даги "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Конституциявий қонуни талабларини ўзида тўлиқ акс эттирган Конституциямизда инсон ҳаёти ва эркинлиги, шаъни, қадр-қимматининг олий қадрият эканлиги ҳақидаги халқимизнинг тарихий орзу-умидлари мустаҳкамлаб қўйилди. Бош қонунимизнинг муқаддимасида санаб ўтилган устувор меъёрлар Ўзбекистон халқи, ҳар бир фуқароси ҳаётининг маъно, мақсади қай даражада улуғвор ва эзгу эканини бутун жаҳонга маълум қилади.

"Конституция" сўзи лотинча бўлиб, "белгилаш, қарор қилиш, тайинлаш" деган маъноларни англатади. Конституция давлатнинг олий юридик кучга эга бўлган асосий қонуни, барча жорий қонунларнинг асосидир. Шундай экан, Конституцияни давлатнинг ҳуқуқий пойдевори десак, янглишмаймиз. Конституция бошқа жорий қонунлардан бирмунча жиҳатлари билан фарқ қилади. Унда энг асосий, энг барқарор ижтимоий муносабатлар, узоқ даврларга мўлжалланган қатъий қоидалар мустаҳкамланади. Бу қоидаларга амал қилинган ҳолда, келгусида ушбу муносабатлар қонун ҳужжатларида очиб берилади ҳамда аниқлаштирилади. Конституцияда мавжуд бўлган қоидалар негизида бошқа қо-нунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади, қабул қилинади. Бундай ҳолларда барча жорий қонунларнинг ҳуқуқий асоси, бош манбаи Конституция бўлиб қолаверади. Қабул қилинаётган жорий қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси унга мувофиқ келиши лозим. Конституциянинг асосий қонун сифатидаги аҳамияти, обрў-эътибори, барқарорлиги оддий қонунлардан шу жиҳати билан фарқ қилади.

Конституциянинг муқаддимасидаёқ, Ўзбекистон халқининг инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига, демократия ва ижтимоий адолатга содиқлиги, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устуворлигини тан олгани ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни мақсад қилиб қўйгани қайд этилади. Ушбу мақсаддан келиб чиқиб, давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, конституциявийлик ва қонун устуворлиги, мамлакат халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ташқи сиёсат юритиши Конституциянинг асосий тамойиллари этиб кўрсатилди.

Ўтган мустақил тараққиёт йўлида Ўзбекистон эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани - буларнинг барчаси Конституция асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, унга эришишга қаратилган ислоҳотлар самарасидир.

Мамлакатимизда истиқлолга эришилгач, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади этиб белгиланган. Бундан 25 йил аввал қабул қилинган мамлакатимиз Конституцияси ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.

Конституцияда давлатимизнинг мақсади, суверенитети, ички ва ташқи сиёсат борасидаги принциплари ўз ифодасини топиши билан бир вақтда инсон ҳуқуқлари, демократия ва ижтимоий адолат тамойилларига содиқлиги баён этилган. Шунингдек, мазкур ҳужжат фуқаролар учун муносиб ҳаётни таъминлаш, барқарор бозор иқтисодига асосланган демократик давлат, фаровон жамият учун ҳуқуқий пойдевор яратиб берди.

Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида Конституция талабларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил каби миллий институтларни бирлаштирган жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадларида тузилган узлуксиз ҳуқуқий тизим шакллантирилди.

Умуминсоний принципларга асосланган Конституциямизда инсон энг олий қадрият сифатида эътироф этилади. Жумладан, Конституциянинг 18-моддасида шундай дейилади: "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар...".

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дейилганда, давлат томонидан ўрнатилиб, Конституцияда белгиланган, ҳар бир фуқарога берилган имтиёзлардан шахсий ҳаётда ва жамоат ишларида қатнашиш учун фойдаланиш имконияти тушунилади. Шунингдек, Конституциянинг 2-моддасида давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканининг белгилаб берилиши ҳам Конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилганидан далолат беради.

Миллий қонунчилигимизнинг асосий қоидалари асосида мунтазам такомиллашиб бораётган Конституция халқимиз ҳаётида муҳим ўрин эгаллаётганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.

Маълумки, ҳуқуқий демократик давлат қуриш - халқимизнинг асосий стратегик мақсади саналади. Ҳуқуқий давлатга олиб борадиган устувор тамойиллардан бири эса ҳокимиятнинг конституциявий асосда бўлиниши тамойили ҳисобланади. Дунёдаги барча тараққий этган демократик мамлакатларда давлат ҳокимияти ана шу принцип асосида ташкил этилади ва фаолият юритади. Шунинг учун жаҳон давлатчилик тажрибасини чуқур ўрганиш мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилишда ҳокимиятнинг конституциявий асосда бўлиниши тамойили унинг мустаҳкамланишига олиб келди. Бу тамойил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида "Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади" деб ифодаланган.

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолати сифатида юртимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий пойдевор бўлиб келмоқда.

Алишер БОЙМУРАДОВ,

шаҳар прокурорининг ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter