Авторизация
 
  • 14:00 – КИТОБХОНЛИК АЙЁМИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:14 – МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИ ОРТМОҚДА 
  • 14:44 – ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУР 
  • 13:53 – ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ 

ЛОБАР ЮРТИМИЗДА ҚАЙТАРИЛДИ

 

Бугун дунёда миграция жараёнлари бир мунча фаоллашди. Фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тадбиркорлик қилиш ва бошқа шу каби мақсадларда хорижий мамлакатларга чиқиш учун имкониятлари кенгайди. Шу билан бирга айрим трансмиллий жиноятларнинг ҳам кескин ортиши кузатилди. Одам савдоси жинояти ҳам шулар жумласидандир.

Ушбу жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш каби қилмишлар турибди. Энг ачинарлиси, маҳаллаларда ва барча оммавий ахборот воситаларида одам савдосидан жабрланиб қолмаслик хақида қайта-қайта огоҳликка чорланаётган бўлса ҳам айрим фуқаролар орзу-ҳаваслари ақлдан устун келаётгани сабабли ўз эркларини одамфуруш кимсаларга тутқазиб қўймоқдалар. Бу жиноий фаолиятнинг асосий қурбонлари ҳамон аёллар ҳисобланиб, улар сони тобора ортиб бормоқда. "Istiqlol avlodi" ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказига жорий йилнинг 10 ойи давомида одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг 148 нафари мурожаат этган бўлса, уларнинг 62 нафарини хотин-қизлар ташкил этди.

Хорижий давлатларда одам савдосидан жабрланган хотин-қизларнинг 6 нафари Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM) кўмагида оиласига қайтарилди. Одам савдосидан жабрланган хотин-қизларнинг тўрт нафари Россия Федерацияси ва икки нафари Тайланддан олиб келинди.

Жумладан, Жиззах шаҳрида яшовчи Лобар (исми ўзгартирилди) исмли 28 ёшли аёл ўрта мактабни тугатиб, турмушга эрта чиққан ва эри билан ажрашган, вояга етмаган фарзанди ва онаси билан бирга яшаган. Онасининг ҳам бир неча йиллар олдин оиласи бузилган. Лобар ҳеч қаерда ишламай, бўш вақтларини ўзига ўхшаган дугоналари даврасида кўнгилхушлик қилиш билан ўтказиб келган.

Навбатдаги базмда Лобар Малика исмли аёл билан танишиб қолади. У Лобарга бекор юриб, ҳамманинг кўзига ёмон кўрингандан кўра бирга Тайланд давлатига ишга боришни таклиф этади. Хорижда тўкин ҳаёт ва жарақ-жарақ пул борлигига шама қилади. Малика Лобарга Тайланддаги қаҳвахоналардан бирида ишлаб, бир ойда бемалол 500 АҚШ доллари топиши мумкинлигини айтади. Хорижга чиқиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришга сарфланадиган барча харажатларни Малика ўзининг ҳисобидан қоплашга ваъда беради. Лобар вояга етмаган фарзанди таъминотини яхшилаш ҳамда ўзининг юриш-туриши хақидаги маҳалладошлари дашномларидан қутилиш, бойлик орттириб келиб, ҳаммани "куйдириш" учун Маликанинг таклифига рози бўлади.

Қисқа муддатда хорижга чиқиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, самолётда Бангкок шаҳрига бирга учиб кетишади. Бангкокда Малика Лобарни кафега официанткалик ишига жойлаштирмасдан, миллати озарбойжон бўлган Фатима исмли исловатхона хўжайинига катта миқдордаги пул эвазига сотиб юборади. Лобарнинг фуқаролик паспорти ва бошқа ҳужжатларини ҳам Фатимага топширади. Лобар бир неча ой исловатхонада мажбуран фоҳишалик қилиб кун кечиради. Мунтазам таҳқирлашлар ва аёвсиз калтакланишлар, зўрлашлардан қутилиш мақсадида исловатхонадан бир амаллаб қочишга муваффақ бўлади.

Бангкок шаҳрининг бир чеккасида жойлашган, рус миллатига мансуб кишига тегишли кичик қаҳвахонадан қўним топиб, шу ерга фаррош бўлиб ишга жойлашади. Кафеда ишлаб юрган вақтида Интернетдаги "Фейсбук" сайти орқали Жиззах вилоятидаги "Istiqlol avlodi" ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг (0371) 222-94-01 рақамли "Долзарб алоқа тармоғи" хақида ўқиб қолиб, марказга оиласига қайтишида ёрдам сўраб мурожаат қилади. У "Istiqlol avlodi" ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ва Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM) кўмагида оиласи бағрига қайтарилди. Жиззахга келгач, марказ томонидан Лобарга тиббий, руҳий, психологик ва хуқуқий ёрдамлар кўрсатилди. Натижада, аёлнинг саломатлиги тикланди ва уни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.

Одамларни ёллаб, сотиб юборувчи кимсалар ўзларининг навбатдаги қурбонларини мана шундай топади. Қалтис вазиятда қолган ёки мураккаб турмуш тарзини кечираётган ёш қиз ва аёлларга "қармоқ" ташлашади. Уларга ғамхўрлик қилиб, ўзларини халоскор қилиб кўрсатишади, бахтли, тўкин-сочин ҳаётни ваъда қилишади. Хорижда юқори маошли иш борлиги, ҳар ойда оиласига мўмайгина бойлик жўнатиб туриши, қисқа муддатда уй-жой, машина сотиб олиши мумкинлиги хақида орзу-ҳавас уйғотувчи сўзларни айтишади. Оқибатда эса орзу-ҳавас қулига айланган аёлларнинг қисмати ҳам Лобарнинг тақдирига ўхшаб якун топади. Шу боис доим огоҳ бўлайлик!

Собир ЮНУСОВ,

вилоят "Istiqlol avlodi" ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-

қувватлаш маркази хуқуқшуноси


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter