Авторизация
 
  • 14:43 – КУН НАФАСИ 
  • 15:38 – ЭНГ ФАОЛ ДЕПУТАТ ВА ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ АНИҚЛАНДИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 15:03 – ҲУДУДИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЖИЗЗАХДА 

XX АСР БОҒЧАЛАРИ ҚАЧОН ТАЪМИРЛАНАДИ

 

Тарбия ҳақида жуда кўп ва хўп айтилмоқда. Миллатимиз келажаги учун жон куйдираётган инсон борки, ҳар қандай тараққиёт таълим-тарбия билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидлайди.

 

Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида айтган сўзларидан ошириб бирор нарса дейиш қийин. Президентимизнинг "Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган ХХI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда" деган сўзлари нақадар куйинчаклик билан айтилганини ўша қурултойда иштирок этган вилоятимиз ёшлари тез-тез эслаб, тенгдошларига айтишаётганини бир неча бор эшитганмиз. Демак, ёшлар ўз тақдирига бефарқ эмас, улар йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш зарурлигини англаб олишди. Қолаверса, давлат, халқ уларга ғамхўрлик қилишга тайёр эканлигини ҳис этиб туришибди.

Ёшлар, ёшлар деймиз-у, улар аслида ўз фарзандларимиз эканлигини негадир баралла айтмаймиз. Агар буни кимдир унутган бўлса, ёдига тушириб қўйишимиз мумкин! Бешикда ётган гўдак ҳам, мактабгача тарбия муассасасига қатнаётган болакай ҳам, мактабу-коллежлар, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўқувчилар, талабаларнинг ҳаммаси фарзандларимиздир. Уларга ғамхўрлик қилиш, ўқитиш, тарбия бериш ҳар бир кишининг биринчи галдаги инсоний бурчидир.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, 2-5 ёшдаги бола дунёнинг тузилиши, теварак-атроф, одамлар ва табиат ҳақида кўникмаларни ўзига кўпроқ сингдирар ва ўша таассуротлар бир умр хотирасида сақланиб қолар экан. Демак, инсон болалик даврида ҳаёт ҳақида қанча кўп яхши таассурот олса, улғайгач, бошқаларга меҳр кўрсатадиган, яхшиликка интилувчан инсон бўлиб етишар экан. Бола эса илк кўникмаларини мактабгача тарбия муассасаларида олади, ўша ерда яхши ва "ёмон" опаларни учратади, МТМда оиласидан ўзгачароқ интизом, маданиятга дуч келади.

Хўш, фарзандларимизни тарбиялаб, вояга етказишга ҳаракат қилаётган МТМларда аҳвол қандай? Шу саволга жавоб топиш учун Учтепа шаҳарчасидаги МТМларга ташриф буюрдик.

XX АСР БОҒЧАЛАРИ ҚАЧОН ТАЪМИРЛАНАДИ 

 

4-"Лола" мактабгача тарбия муассасаси шаҳарчанинг қоқ марказида жойлашган. Ушбу муассасага халқимизнинг 140 нафар дилбандлари қатнайди. Уларга МТМнинг 23 нафар ишчи-ходимлари кўз-қулоқ бўлиб туришибди. Гапнинг очиғи, бино ичкарисига қадам қўйишимиз билан ҳафсаламиз пир бўлди. Чунки, хоналар жуда ёмон аҳволда - болалар ётадиган ўриндиқлар эскириб кетган, ердаги тўшама (линолиум)нинг ранги ўчиб, айрим жойлари йиртилган. Хоналарда болалар билан қандайдир машғулот ўтказишни ҳатто тасаввур этиб бўлмайди. Деворларига суркалган бўёқлар ҳам унниқиб, рангини йўқота бошлаган. Деворларга тарбиячилар қоғоздан тайёрлаган кўргазмали қуроллар ёпиштириб қўйилган. Хуллас, "Бу хоналарда тарбияланаётган бола нимани ўрганади-ю, нимадан баҳра олади, қандай таассуротлар билан уйига қайтади?", деган саволларга жавоб топа олмадик.

МТМ биноси 1982 йилда қурилган экан. Лойиҳа қувватига мувофиқ мазкур бинода 200дан ошиқ болалар тарбияланиши лозим эди. Лекин, айни пайтда 140, ҳатто ундан ҳам кам болалар келишмоқда. Бунга сабаб битта - бу бинода бола тарбиясини замон талаблари асосида ташкил этиш учун умуман шароит йўқ.

- Ушбу бино қурилгандан бери бирор марта ҳам капитал таъмирланмаган, - дейди МТМ мудираси Нилуфар Жўраева. - Фақат 2000 йилда томи шиферланди.

Ҳа, 2000 йилдан кейин ҳам 17 йил вақт ўтди. Буни шиферларнинг ҳолатига қараб ҳам билиб олиш қийин эмасди. Шифер қопламасининг айрим жойлари синган. 2016 йилнинг куз-қиш мавсумида илк бор қор-ёмғир сувлари томдан сизиб ўтибди. Агар бу йил зарур чора кўрилмаса, бино бутунлай абгор аҳволга тушиб қолиши шубҳасиз.

Болакайларнинг аксарият қисми ёзнинг жазирама иссиғида кўчадаги шийпончаларда ўтиришиб, тарбиячи опалар билан савол-жавоб қилишмоқда. Фақат рус гуруҳи тарбиячиси Бердиеванинг гуруҳига кириб бутунлай бошқа дунёга тушиб қолгандай бўлдик. Хона деворлари кўзга хуш ёқувчи ранг билан бўялган, кўргазмали қуроллар ҳам чиройли ва мазмунли, ерга тоза, чиройли гилам тўшаб қўйилган. Наҳотки, МТМдаги битта шу хона тўлиқ таъмирланган бўлса? Кўнглимиздан кечган саволга опанинг ўзи жавоб берди:

- Ота-оналарни йиғиб, аҳволни тушунтирдим, улар ёрдам беришга қарор қилишди. Гуруҳимиз хоналари ҳашар йўли билан таъмирланди, шароит яратилди. Мана бу тўшанчиларни туман ҳокими МТМга келиб кетганидан кейин олиб келиб беришди.

Шу туфайли ғамхўр тарбиячи иссиқ кунларда ўз гуруҳидаги болаларни ташқарига чиқармай, соя-салқинда машғулотлар ўтмоқда.

Дарҳақиқат, туман ҳокими  Учтепадаги мактаб ва МТМларнинг ҳаммасини бориб кўрди. Уларга баҳоли қудрат ёрдам кўрсатди. 4-"Лола" МТМга ҳам болалар ётадиган тўшанчи, шкаф ва бошқа жиҳозлар етказиб берилди. Бу анжомлар иккита гуруҳни жиҳозлашга етди, холос. Гапнинг индаллосини айтганда, бинонинг деворлари, томи тўкилай деб турганда янги жиҳозлар МТМдаги нуқсонларни ёполмас экан. Лекин ҳар ҳолда болалар янги, тоза тўшакларда ҳордиқ чиқараётгани кўнглимизга бироз таскин берди. МТМдаги энг катта муаммолардан яна биттаси - бу ичимлик сувининг йўқлигидир. Тоза ичимлик суви неча йиллардан бери ташиб келтирилмоқда. Ҳовлида яккам-дуккам бўлиб қолган дарахтлар ҳам ташиб келтирилаётган сув ҳисобига қуриб қолмаган ҳойнаҳой.

4-"Лола" МТМдан чиқиб, йўл бўйлаб 150 метр юрсангиз 18-"Умид" МТМга дуч келасиз. Ушбу муассаса биноси ҳам ХХ асрда бунёд этилган. Аҳвол "ранг кўр - ҳол сўр" деганларидек, "Лола"дагидан ҳеч фарқи йўқ. Тарбиячилар қаерда соя бўлса, ўша жойга тўшанчи солиб болаларни ўтқазиб қўйишган. "Алдагани бола яхши" деганлари шу бўлса керак-да!

Бугун Учтепа замонавий кўринишда қайта қурилмоқда. Болалар мусиқа ва санъат мактаби, "Баркамол авлод" болалар маркази ва  бошқа маъмурий, ишлаб чиқариш корхоналарининг бинолари шаҳарчага кўрк бағишлаб турибди. Аммо ХХ асрда қурилган шаҳарча марказидаги иккита собиқ боғча бинолари янги кўйлакка тикилган ямоқ каби кўнгилни хира қилади.

Шундай экан, ҳақли савол туғилади: Хўш, "Лола" ва "Умид" МТМ бинолари қачон таъмирланади? Бу саволга тумандаги мутасадди раҳбарлардан жавоб кутамиз.

 

Нозима ТУРҒУНОВА,

Ўзбекистон Давлат

жаҳон тиллари университети халқаро

журналистика факультетининг

талабаси 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter