Авторизация
 
  • 13:28 – ТИЛ БИЛГАН – ДУНЁНИ ТАНИР 
  • 15:49 – АМАЛИЙ ИШЛАР ДАВРИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 10:23 – ТЕХНОЛОГИЯ ВА ТАЪЛИМ 
  • 15:36 – ВИЛОЯТ ИИБ ХАБАР ҚИЛАДИ 
  • 15:32 – РЕЙТИНГ — ҲОЛИСЛИК МЕЗОНИ 

ГУЛЛАЁТГАН ГЎЗАЛ МАСКАН

 

 

Истиқлол йилларидагина халқимизнинг асрлар давомида топталган, хўрланган қадр-қиммати тикланди. Юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат замирида ҳам инсонни эъзозлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, халқнинг фаровон турмушини таъминлаш мақсади ётибди. Мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган туб ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари, туманларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган замонавий қишлоқ уй-жойлари, шаҳримиз марказидаги баланд иморатлар, гўзал боғлар-у фавворалар фикримизнинг яққол далилидир.

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 мартидаги "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори халқ ичидаги дарду армонларни ижобатга айлантирди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Жиззах шаҳри марказидаги Шароф Рашидов хиёбонини реконструкция қилиш ҳамда халқ суйган ижодкорлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонларини барпо этишга доир фармойиши эълон қилинди.

Буюк ипак йўли ёқасида жойлашган азим Жиззах бугун кун сайин чирой очиб, гўзаллашиб бормоқда. Айниқса, ҳозирда иккала хиёбонларда ҳам улкан қурилиш, ободонлаштириш ишлари авж олган.

"Агростандарт плюс" масъулияти чекланган жамиятининг юз нафардан зиёд аъзолари Шароф Рашидов хиёбонида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан машғул. Мазкур хиёбоннинг умумий майдони 6,4 гектарни ташкил этади. Дастлаб ер майдони текисланиб, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан бойитилди. Қурилиш чиқиндиларидан тозаланди. Учта артезиан қудуқ ишга туширилди. Майдонни суғориш учун қувурлар ётқизилди.

- Юртимизнинг ардоқли фарзанди Шароф Рашидов хиёбони қурилишида ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман, - дейди вилоят ҳокимлиги Инжинеринг компанияси етакчи мутахассиси Шухрат Казаков. - Мана қаранг, Бельгиядан олиб келинган 1400 туп Аризона сарви, қора ва тоғ қарағайи, қора қайин, ҳатто 20 дан ортиқ лола дарахтлари ҳам тез кунда иқлимимизга мослашиб баравж ривожланмоқда. Хиёбонни сайр қилган ҳар қандай кишининг баҳри-дили қувончга тўлади. Илҳом парилари сизни ижод қилишга ундайди. Айниқса, Шароф бобомизга ўрнатиладиган ҳайкал ёнида айланаси 24 метр бўлган 20 метр баландликка мусиқа садоси остида сув отадиган биллурли фаввора ишга тушса, уни томоша қилган юртдошларимиз қалбида кечадиган таассуротни сўз билан ифодалаш қийин.

Мажмуа шу йилнинг октябрь ойининг сўнгги кунларига қадар якунига етказилиши назарда тутилган. Ушбу ҳудуддаги барча қурилиш-монтаж, реконструкция ишлари учун жами 7 миллиард 380 миллион сўм маблағ сарфланади. Шаҳарнинг кўрки бўлган "Ўзбекистон" меҳмонхонасида ҳам таъмирлаш жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Келгусида меҳмонхонага ташриф буюрган меҳмонлар 1 ва 2 хонали барча замонавий қулайликларга эга бўлган хоналар хизматидан фойдаланишади. Мавжуд эски лифтлар жаҳон стандартига жавоб берадиган ускуналар билан алмаштирилади. 500 ўринли ресторан, 2 та буфет куну тун мижозлар хизматида бўлади. Учинчи қават эса анжуманлар залига айлантирилади.


Бугунги кунда воҳамизда тўрт юлдузли меҳмонхоналар йўқ. Ушбу меҳмонхона келгусида беш юлдузли меҳмонхоналардан қолишмайдиган ҳолатда халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган даражада жиҳозланаяпти. Бу ерга халқаро ва маҳаллий алоқалар учун оптик толали тармоқ ўрнатилади. Хавфсизлик учун видеокузатувлар, эшикларга пластик калитлар ўрнатиш режалаштирилган. Бинонинг олд қисми, балконларига қора ойналар қопланаяпти. Орқа томонида узунлиги 25 метр, эни эса 14 метрни ташкил этадиган сузиш ҳавзаси қурилмоқда.

"Ўзбекистон" меҳмонхонасининг реконструкцияси ва мукаммал таъмирланишига 20 миллиард сўм банк кредити ажратилган. Меҳмонхонанинг халқаро даражада хизмат кўрсатиши учун сартарошхона, гўзаллик салони ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш турлари йўлга қўйилади. Юртимизга келадиган хорижий тадбиркорлар, чет эллик сайёҳларга мазкур меҳмонхона манзур бўлса, ажаб эмас. Дарвоқе, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига баҚишланган бир қатор тадбирлар ана шу меҳмонхонанинг анжуманлар залида ўтказилиши назарда тутилган.

Лекин, вақт олий ҳакам. Ҳар бир кунимиз, қадрли. Унинг қадрига етиш, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш ўзимизга боғлиқ. Бугунги бозор талаби сифатли қилинган ишлар билан баҳоланади. Биз "Агроквант" масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан барпо этилаётган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонига йўл олдик. Объектда ишлар қизғин. 5,4 гектар майдонни эгаллаган ушбу мажмуада 6 миллиард 994 миллион 500 минг сўмлик қурилиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

- Дастлаб хиёбонни 2,5 метр чуқурликларда ётган бетон қолдиқлари, тош ва чиқиндилардан тозаладик, - дейди "Агроквант" масъулияти чекланган жамияти раиси, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Бахтиёр Аҳмедов. - Реконструкция ишларига 300 нафардан зиёд ишчиларни жалб қилганмиз. Кўриб турганингиздек, 5 та эксковатор, 15 та юк ташиш машинаси тиним билмади. Ҳозирда хиёбонда текислаш ишлари якунланиб, 1 минг 24 туп қора қайин, эман дарахти, оқ ва қизил сакура, лола дарахти, қора қарағай, жанубий қайрағоч каби манзарали дарахтлар экилди. Бундан ташқари, 191 туп япон беҳиси, зирк, ҳинд сирени ҳамда бошқа манзарали дарахтлар, буталар экилди.

Хиёбондаги қадимий иншоотлардан бири бўлган Хўжа Нуриддин мадрасасини таъмирлаш, Қиштларига жило бериш қўқонлик усталар зиммасида экан. Бу жойда ҳам қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

- Хиёбон марказига Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг ҳайкаллари ўрнатилади, - дейди "Агроквант" масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси, "Фидокорона меҳнатлари учун" ордени соҳиби, вилоят Кенгаши депутати, Илҳом Салимов. - Мана бу кўриб турганингиз эски бино - Хўжа Нуриддин мадрасаси бўлади. Таъмирлаш ишлари тезроқ битиши учун яна Қўқондан ҳунармандларни таклиф қилгандик, келишди. Келгусида бу жойда республика Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи фаолият кўрсата бошлайди. Яна ҳудудда жойлашган Шароф Рашидов тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги бинонинг таъмирланиши учун 320 миллион сўмлик маблағ йўналтирилди. "Нуронийлар" жамғармаси ҳудудий бўлими, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда милиция таянч пункти шу ерга жойлашади.

Хиёбонни оҳиста кезаркансиз кўзларни, дилларни қувонтирувчи, ўзига мафтун этувчи дов-дарахтлар, анвойи гуллар оғушида гўёки севги ва баҳор куйчиси Ҳамид Олимжон, Зулфия сиймоларини кўргандай бўласиз. Сокин, оҳиста шеърлар жаранги хиёбонни кесиб ўтаётган ариқлардаги сувларда майин такрорланади:

Деразамнинг олдида бир туп

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…

Лазиз МАМАТҚУЛОВ

* * *

Суратда: вилоят ҳокимлиги Инжинеринг компанияси етакчи

мутахассиси Шухрат Казаков (ўртада) қурувчилар билан кейинги қилинадиган ишлар юзасидан

суҳбатлашмоқда.

Муаллиф олган суратлар


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter