Авторизация
 
  • 14:43 – КУН НАФАСИ 
  • 15:38 – ЭНГ ФАОЛ ДЕПУТАТ ВА ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ АНИҚЛАНДИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 15:03 – ҲУДУДИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЖИЗЗАХДА 

ОРЗУЛАРИ ЎШАЛГАН АЁЛ

 

"Ҳаётимнинг мазмуни - гул етиштириш, гўзаллик яратиш, инсонларга эзгулик улашишдир. Гул бор жойда озодалик, илиқлик, меҳр-оқибат, қувончу шодлик, барака ҳукм суради. Шунинг учун барча юртдошларимни гуллар билан қутласам дейман”.
(Тадбиркор, "Йил аёли", "Ташаббус" кўрик-танловларининг вилоят босқичи ғолибаси Шарофат Нориеванинг кўнгил битикларидан).

Шарофат опа меҳнаткаш, фидойи аёл. Юртимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшаётган бундай аёлларимиз ҳақида, қолаверса, маҳалладошимиз ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эканмиз. Узоқ-узоқлардан келган мақтовлар, унинг эришаётган ютуқлари ҳақида эшитганда ҳайрон қоламиз. Шунда беихтиёр, уларнинг ички дунёси, маънавий-руҳий олами негадир эътиборимизни тортади. Аслида бундай замондошларимизнинг ҳаёти ҳам, ўзи ҳам мўъжиза, қўлида бир олам сеҳру жозиба, қалбида эса дунёларга татигулик меҳр-муҳаббат жамланган бўлади. Айниқса, бундай сифатлар она замин, юрт садоқати билан уйҚунлашиб кетган бўлса, таърифлашга тил ожиз.

Шарофат опанинг асли касби акушер-ҳамшира. Лекин у ҳаётининг мазмунини деҳқончиликсиз тасаввур эта олмаган. Ота-онаси Эргаш бобо, онаси Шаҳринисо момо (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) йўлини танлади. Ака-укалари, опа-сингиллари билан ҳамжиҳатликда ишлаб, гулчилик билан шуғулланди. Кейинчалик тадбиркорлик ишлари юришгач, "Флора гуллари" масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди. Аммо унинг тупроқ шароитини яхши билиб, ҳар кун, ҳар соат ер билан тиллашиб, гулчилик, кўчатчиликда катта мавқега эришганини, гўзаллик ва нафосат шайдосига айланганини бугун воҳамиз аҳли, қолаверса, республикамизнинг барча гўшалари яхши билади, меҳнатини қадрлайди. Шарофат Нориеванинг қилган меҳнатлари Юртбошимиз томонидан муносиб тақдирланиб, "Шуҳрат" медали билан мукофотланганини эшитиб қувондик. У мана шу ютуқларга етгунга қадар қанча заҳмат чеккани, аммо машаққатлар қаршисида ўзини йўқотиб қўймаганига тан бердик.

У ҳар гал бир ишга қўл урар экан, отасининг кўп бор таъкидлаган сўзлари ёдига тушади - "Ер инсонни кийдиради, тўйдиради, икки дунёсини обод қила оладиган ризқу барака инъом этади". Балким шундан бўлса керак ерга бўлган муҳаббат, Ватанига садоқат туйҚуси уни баланд-баланд чўққилар сари чорлаётгандир.

- Мен ҳаётим давомида отамнинг айтган сўзларига амал қилиб, ҳаёт тажрибамда унинг нақадар тўғри эканлигига тўла иқрор бўлдим, - дейди Шарофат опа. - Истайманки, фарзандларим ҳам бу сўзларга амал қилиб, деҳқончилик илмининг билимдонлари бўлсин, шаҳару-хиёбонларни, қолаверса, юртдошларимни қучоқ-қучоқ гулларга буркасин.

Ота дуоси - олтин. Уни ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Ростда, бир дунё орзу-ниятлар билан ўстирган ўғил-қизларинг аҳил, иноқ, бунинг устига меҳнаткаш, камтар, ҳаётда ўз ўрнини топган бўлиб етишса, ўз фикри, матлабига эга бўлса, ота-она учун бундан ортиқ бахт ва толе борми?!

Бир пайтлари Эргаш бобо томорқасида гул кўчатлари етиштиришни бошлаганида кўпчилик мийиғида кулиб қўйган эди. Деҳқончиликда тўплаган тажрибалари ҳамда фарзандлари кўмагида қилган меҳнатлари кўп ўтмай ўз мевасини берди. Отаси бошлаган ишни фарзандлари давом эттириб, ҳар бир ўсимлик билан тиллашди. Дастлабки иш фаолияти давомида ташвишлар бирмунча кўп бўлди. Фойда ва зарар ҳам ёнма-ён юрди. Тинимсиз меҳнат, изланиш ўз самарасини берди. Эндиликда, иқлимимизга мос гуллар, мевали ва манзарали дарахтларнинг янги навлари етиштирилаяпти, изланишлар олиб борилаяпти.

Боғдорчиликка ихтисослаштирилган "Холмўминов Зохид" фермер хўжалиги ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Ҳар йили 28 гектар майдоннинг 5 гектарида ғалла, 2 гектарида пиёз, 3 гектарида исмалоқ етиштирилмоқда. 600 минг тупдан зиёд гул кўчатлари парваришланмоқда. Фермер хўжалигини ривожлантириш, иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида гўшт, тухум етиштириш ҳам йўлга қўйилди. 1000 бош бройлер жўжалар олиб келинди, 700 бош бедана парваришланмоқда. Улардан кунига 300 дона тухум олинмоқда.

Борлиқда қиш ҳукмронлик қилаётган шу кунларда фермер хўжалигида иш қизғин. Бири-биридан гўзал, дуркун ниҳолларни кўриб, баҳри-дилингиз очилади. Лоланинг ўнлаб навлари, петуния, сальвия, катранус, георгина, гансалия каби гуллар ерда, қора шаҳзода, бегония, тутгул, уй юкаси, Вашингтон пальмаси каби элликдан ортиқ номдаги гуллар эса тувакларда кўпайтирилмоқда.

Айни чоғда 30 нафар ишчи бугунги кундан эртанги куннинг чароғонлиги учун астойдил ишлаётир. Нориевлар хонадонининг барча ўғил-қизлари, келинлар, куёвлар ва ҳатто неваралар ҳам гулчиликка меҳр боғлаб, гўзаллик оламига ўзгача кўрк бағишламоқдалар. Қишлоқ тадбиркори айниқса, акаси Бахтиёр, опалари Муҳаббат, Саломат, Мамлакат, укалари Баҳодир, Умид, синглиси Шоҳсанам, турмуш ўртоғи Холмурод, келинлари Зуҳра, Назира, Раъно, поччалари Шавкат, Рашид, ўғиллари Зоҳиджон, Шералижонлардан миннатдор.

- Пойтахтимизда ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида Президентимиз "Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам ҳам қатъий давом эттирамиз” дедилар. Биз, қишлоқ тадбиркорларига нисбатан "қалбимга энг яқин инсонлар” деган иборани қўлладилар, - дейди Шарофат опа. - Энди бу эътирофни меҳнат билан оқлашимиз керак. Шундай экан, ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Режаларимиз бисёр.

"Ватан", "Истиқлол", "Озодлик", "Ободлик", "Бахт", "Тақдир". Мустаҳкам тақдир халқалари каби бир-бирига чамбарчас боғланган бу муқаддас сўзларнинг мазмун-моҳиятини, қудрати ва ҳикматини мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган, курашларда тобланган инсонлар тўла англашга, ҳис этишга қодир.

Шарофат опа юксак орзу ва умидлар билан яшаётган юртдошларимизнинг бири. Агар унинг қалб гўзалликларини тўла идрок этишни истасангиз, Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов тумани, қолаверса, вилоятимизнинг барча кенг ва равон кўчалари, хиёбонлари, диққатга сазовор жойларида эрта баҳордан кеч кузгача барқ уриб, яшнаб, очилиб турган анвойи гулларни томоша қилинг, улардаги гўзалликлардан завқ олинг, қалбингизни беғубор орзуларга ошно этинг.

- Зиммамиздаги масъулият янада ортмоқда, - дейди у. - Ўзим туғилиб ўсган маҳалла ёшлари ва хотин-қизлари қувончларига шерик бўлишни истайман. Шу мақсадда маҳалла болаларининг маданий дам олишлари учун кичик-кичик атракционлар олиб келиб ўрнатдик, маиший хизмат шохобчаларини ишга тушириш арафасида турибмиз. Новвойхона, сартарошхона, тикувчилик цехи ҳам яқин кунларда иш бошлайди. Бу билан хотин-қизларни муҳим иш билан таъминлаб, турмушда янада фаол бўлишга даъват этмоқчиман.

Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда тадбиркорликка, хусусан, оилавий тадбиркорликка кенг имкониятлар яратиб берилганидан бошқалар ҳам фойдаланишларини, шу йўл билан турмушини обод, кўнгилларини шод қилишларини истайман.

Лазиз МАМАТҚУЛОВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter