Авторизация
 
  • 14:00 – КИТОБХОНЛИК АЙЁМИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:14 – МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИ ОРТМОҚДА 
  • 14:44 – ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУР 
  • 13:53 – ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ 

ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИБ ЯШАШ ВИЖДОН АМРИГА АЙЛАНСИН

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шаҳар Халқ қабулхонасига 2017 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан 1698 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 1443 таси ҳудуддаги тегишли ташкилотларга юборилди, шундан 365 тасига тушунтириш берилган бўлса, 407 та мурожаат ижобий ечимини топган, 720 та мурожаат ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал этилди.

Ҳамма мурожаатлар ҳам қисқа муддатларда ечим топмайди. Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатлардан 79 таси асосли деб топилиб, ҳал этилиши қўшимча ҳужжат, муддат ва ўрганиш талаб қилиши белгиланди, 5 таси рад қилинган, 6 таси эса кўрилмай қолдирилди.

Фаолиятимизда асосий эътиборимизни маҳаллаларга қаратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўтган давр мобайнида шаҳар Халқ қабулхонасига "Иттифоқ" маҳалласидан 122 та, "Заргарлик" маҳалласидан 53 та мурожаат келиб тушган. "Иттифоқ" ва "Заргарлик" аҳолиси кўп маҳаллалар ҳисобланади. Лекин "Заргарлик"дан "Иттифоқ" махалласига қараганда 2,5 баробар кам мурожаат келиб тушгани бу ҳудудда муаммолар кам деган гап эмас. "Заргарлик" маҳалласининг аксарият фуқаролари вилоят Халқ қабулхонасига боришади.

3-сектор штаби шу маҳаллада жойлашган ва шаҳар Халқ қабулхонаси ҳам ушбу маҳалла худудига яқин бўлсада маҳаллада яшовчилар сектор ёки шаҳар Халқ қабулхонасига эмас, вилоят Халқ қабулхонасига боришга ўрганиб қолишди. Бу маҳалла фаоллари ва сектор ишчи гуруҳи аъзоларининг тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб боришга етарли эътибор бермаётганидан дарак бериб турибди..

1-сектор штаби шаҳар Халқ қабулхонасига энг кўп мурожаат келиб тушган "Иттифоқ" маҳалласида жойлашган. Маҳалла ва сектор ишчи гуруҳининг талаб даражасида иш олиб бормаётганлиги натижасида ушбу ҳудуддан Халқ қабулхонасига бўлаётган мурожаатлар сони ортиб бормоқда.

"Иттифоқ" маҳалласидаги 52-уйнинг 8-хонадонида яшовчи Зумрад Салимова кўп қаватли уйда ижарада яшовчилар у эккан дарахт ва гулларга қасддан зарар етказаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Мурожаат шахар ДСИ билан кўриб чиқилиши натижасида ушбу кўп қаватли уйда ижарада яшовчиларнинг аксарияти ҳеч қандай ижара шартномасисиз яшаётганлиги аниқланиб, уй эгаларига ва ижарачиларга тегишли чоралар кўрилди. Ваҳоланки, фуқаро З.Салимованинг бу ҳақда маҳаллага қилган мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган. Ҳолбуки, бу масалани маҳаллада ҳал этиш мумкин эди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Пенсия пули уйига олиб келиб берилишида ёрдам кўрсатиш, хонадонида газ таъминотини яхшилаш, қўни - қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик ва шу каби муаммолар ҳам бевосита маҳаллада ўз ечимини топиши мумкин эди.

"Заргарлик” маҳалласида ҳам юқоридаги каби ҳолатни кузатиш мумкин. Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолидан намунали уйлардан олиш тартиби ҳақида маълумот олиш каби масалаларда мурожаатлар келиб тушган. Бу масалаларга ҳам маҳалла ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари ходимлари томонидан аниқлик киритилиши мумкин эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида Жиззах шаҳрида шаҳар ҳокими, шаҳар прокурори, ИИБ бошлиғи, ДСИ бошлиғи раҳбарлигида секторлар ташкил этилди. Қарорнинг 13-қисмига мувофиқ уларнинг фаолияти шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан етти марта мониторинг ўтказиш йўли билан ўрганиб чиқилди. Мониторинглар мобайнида секторлар фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланди. Жумладан, барча секторларда сектор жойлашуви кўрсаткичи ҳалигача ўрнатилмаган. Секторларнинг фуқароларнинг мурожаатларини қайд қилиш китобига мурожаатлар қайд этилган бўлиб, кўриб чиқиш натижалари ёзилмаган, тўлиқ тўлдириб борилмаган. Секторлар томонидан махаллаларни ўрганиш тўлиқ тузилмаган.

Секторлар штабида уйма-уй юришни ҳисобга олиш дафтари мавжуд, лекин Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 сентябрдаги 746-сонли қарори билан тасдиқланган уйма-уй юришни ҳисобга олиш дафтарига тўлиқ кўчирилмаган, ҳатто айрим китоблар ип ўтказиб муҳрланмаган. Алохида тоифадаги оилалар ва фуқаролар рўйхати (11 та) шакллантирилган, лекин уларнинг ўрганилганлиги хақида маълумотлар мавжуд эмас, 1-сектордан бошқа секторлар штаби интернет тармоғига уланмаган.

Барча секторларга ҳудудига кирувчи маҳаллаларда яшовчи фуқаролар томонидан Жиззах вилояти ва Жиззах шаҳар Халқ қабулхоналарига қилинган мурожаатлар доимий равишда ўрганиб бориш, назоратга олиш учун юборилган, лекин мурожаатлар алоҳида жилдга тикилган холос, улар ўрганиб чиқилмаган.

Маҳаллаларда яшовчи айрим фуқаролар секторлар фаолият юритаётганлигидан, унинг вазифа ва мақсадлари, фаолият йўналиши хақида умуман маълумотга эга эмас.

Бу секторлардаги ишчи гуруҳ аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Худудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тўлиқ таниш эмасликларини, қарорнинг мазмун - моҳиятини билмасликларини кўрсатиб турибди. Натижада секторга мурожаат қилган фуқаронинг аризаси қонуний кўриб чиқилиши ва ҳал этилишига эришилмай қолмоқда.

Дастлабки ўтказилган ўрганишларда секторлар фаолиятида бир қатор камчиликлар аниқланган ва сектор раҳбарларига ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар ва тавсиялар берилган. Кейинги ўрганишларда аниқландики, аксарият ташкилий масалалардаги камчиликлар бартараф этилган, лекин секторнинг амалда бажариши лозим бўлган вазифаларининг ижроси, яъни биринчи навбатда Халқ қабулхоналарига келиб тушган фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилишини таъминлаш қониқарли даражада эмас.

Бу эса фуқаролардан такрорий мурожаатлар келиб тушишига, уларнинг ҳудудда ҳал этиладиган муаммо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат этишларига сабаб бўлмоқда.

Оқибатда жорий йил 8-10 январда вилоят Халқ қабулхонасига Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролардан 97 та мурожаат келиб тушган. Жумладан ишга жойлашиш масаласида 19 та, табиий газ ва электр энергиясидан асоссиз қарздорлик хисобланганлиги тўғрисида 7 та, алимент ва етказилган зарарни ундириш бўйича 6 та, уй-жой билан таъминлаш хусусида 11 та, солиқдан қўйилган қарздорликка аниқлик киритиш масаласида 4 та, фуқаролик суди қароридан норози бўлганлардан 3 та, соғлиқни сақлаш соҳасидан 5 та, уй-жойларнинг таъмирга мухтожлиги юзасидан 3 та, моддий ёрдам ва болалар нафақаси тайинлашни сўраб 2 та мурожаат бўлган.

Агар маҳалла фуқаролар йиғинлари, маҳаллий ҳокимлик ва сектор ишчи гуруҳлари ўзларига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажаришганда, ҳудудлардаги ҳақиқий аҳвол ўрганиб чиқилганда эди, мурожаатлар бунчалик кўпайиб кетмаган бўларди.

Мурожаатларнинг асосий қисми маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятига оид эканлиги ҳудудлардаги айрим идора ва ташкилотлар иш услубида ҳамон мурожаатларга, демакки, инсонлар дардига, тақдирига бефарқ қараш, лоқайдлик, ўзибўларчилик каби кайфиятлар ҳукмрон эканлигини кўрсатмоқда. Бундай салбий ҳолатларга барҳам берадиган вақт келди. Президентимиз таъбири билан айтганда, халқни рози қилиб яшаш ҳар бир раҳбарнинг виждоний бурчига айланиши лозим.

Ҳабибулло ТУРҒУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Жиззах шаҳар Халқ қабулхонаси

мудири


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter