Авторизация
 
  • 13:28 – ТИЛ БИЛГАН – ДУНЁНИ ТАНИР 
  • 15:49 – АМАЛИЙ ИШЛАР ДАВРИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 10:23 – ТЕХНОЛОГИЯ ВА ТАЪЛИМ 
  • 15:36 – ВИЛОЯТ ИИБ ХАБАР ҚИЛАДИ 
  • 15:32 – РЕЙТИНГ — ҲОЛИСЛИК МЕЗОНИ 

ШАРҚ МЕҲМОНДЎСТЛИГИНИНГ РАМЗИ

 

XXI асрда туризм индустрияси жаҳон иқтисодиётининг энг жадал ривожланиб бораётган тармоқларидан бирига айланиб улгурди. Жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улушнинг 10 фоиздан кўпроғини туризм ташкил қилади. Ер юзидаги аҳолининг 8 фоизга яқини ушбу тармоқда муқим иш билан банд. Дунё бўйлаб туризм хизматларини экспорт қилиш етти фоиздан зиёдни ташкил этади. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал риожлантириш жараёнига тамал тошини қўйди.

Яхши эслайман. Дастуриламал ҳужжат эълон қилинган, кенг жамоатчилик томонидан ўқиб-ўрганилаёган кезларда Буюк Британиянинг "Financial Times" газетасида 2017 йилда саёҳат қилиш тавсия этилаётган мамлакатлар ҳақида мақола чоп этилди. Нуфузли нашрга илова қилинган рўйхатда энг диққатга сазовор тўққизта давлатлар орасида ¤збекистон 2-ўринда қайд этилди.

Ҳар куни қарийб 2,3 миллион одам ўқийдиган, сайёрамиздаги энг машҳур нашрнинг кўп сонли туристларга агар бугун Буюк Ипак йўли бўйлаб сафар қилиш имкони топилмаса, Ўзбекистонга боришни тавсия этгани кўнгилларда у шукуҳ уйғотиб юборгани, шубҳасиз.

Улкан туризм салоҳиятига эга мамлакатимизда бугунги кунда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорликлар ва улуғвор ҳамда бетакрор архитектура намуналари мавжуд. Бу яхши, албатта. Лекин, очиҚини айтиш керак, Ўзбекистоннинг туризм индустрияси, туризм хизматлари инфратузилмаси, туризм хизматлари сифати ва унинг даражаси, шунингдек, тармоқни бошқариш тизими глобаллашув ва кескин рақобат шароитида замонавий талабларга мос келмаслиги ҳақида фармонда алоҳида таъкидланди.

Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Айни пайтда туризмнинг 30 дан ошиқ тури мавжуд бўладиган бўлса, мамлакатимизда узоқ йиллар мобайнида 15 та турга эътибор берилди. Янаям соддароқ қилиб тушунтириладиган бўлинса, иш мамлакатимиздаги тарихий шаҳарлар, осори атиқаларни томоша қилдиришдан нарига ўтмади.

Барча жойда бўлганидек, ви-лоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти имзо чеккан фармонни ҳаётга татбиқ этиш борасида қизғин ишлар бошланди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг ушбу масалага тааллуқли қарорлари қабул қилиниб, ҳу-дудда туризм индстриясини ривожлантириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

2016 йилги фаолият сарҳисоби чиқарилганида Сангзор воҳасига Европа қитъаси, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё, Шимолий ва Жанубий Америкадан, Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларидан 4 минг нафардан кўпроқ сайёҳ келиб кетгани маълум бўлди. Вилоятимиздаги шаҳару қишлоқларда 20 минг нафардан ошиқ маҳаллий меҳмонлар бўлгани қайд этилди.

Рақамларга алоҳида эътибор қаратилганининг боиси шундаки, фойдаланилмаётган имкониятларимиз ҳали бисёр. Ўзбекистоннинг марказий минтақасида жойлашган, Жиззах деб аталмиш қадимий юртдаги аждодларимиз заковати, салоҳиятидан дарак берувчи, қадимий туркийларнинг қуёш йили тимсоли - "Қуёш тақвими" ("Саклар тақвими"), ҳар йили 19 февралдан 21 мартга қадар қуёш нури тушадиган Қуттош, шунингдек, Қантар тепа, Ҳамалтошлар сирли бир дунё. Саъд ибн Ваққос, Усмон ота, Новқа ота, Хў-жамушкент ота, Парпи ота, Сайфин ота, Саврук ота, Қулфисар ота каби зиёратгоҳларда азалий қадриятларимиз мужассам.

Ўтган вақт оралиғида муайян ишларни амалга оширдик. Зомин туманида "Асал ва доривор гиёҳлар фестивали"ни, Фориш туманида улоқ-кўпкари ва миллий халқ ўйинлари фестивалини ўтказдик. Россия Федерациясининг пойтахтида очилган халқаро кўргазмада минтақамизнинг ўзига хос туризми бугуни ва келажаги тўғрисида тақдимот маросими уюштирилди. Сайёҳлик фирмалари билан музокаралар олиб борилиб, истиқболли ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

JICA (Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги) волонтёри Хироюки Иваи ҳамроҳлигида вилоятимизнинг олису яқинларини кезиб чиқдик. Энг муҳими, ҳаммамизнинг ниятимиз битта - Жиззахни жаҳон билсин, ўзи учун кашф қилсин. Ўша лаҳзаларга шоҳид бўлишни жуда-жуда орзу қилганимиз бор гап.

Зомин туманида Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, "Ўзбекнефтгаз" холдинг компанияси, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти биттадан энг замонавий санаторийлар барпо этиши, "Ўзсаноатқурилишбанк" томонидан 5 та янги болалар оромгоҳи қурилиши туризм индустрияси юксалиши учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Тоғли воҳада Уструшона, Пешағор каби тарихий жойлар, Такалисойдаги қояларга ишланган расмлар, Бахмал, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларидаги ер ости йўлаклари, кўҳна Будда ибодатхонаси каби археологик ёдгорликлар, машҳур Амир Темур дарвозасини туризм йўналишлари рўйхатига киритиш, зарур инфратузилмаларга асос солиш ишлари босқичма-босқич ҳал этилаяпти.

2021 йилгача бўлган вақт оралиғида Айдар-Арнасой кўллари атрофида яратиладиган инфратузилма ҳам туризм равнақининг ижобий самарасини ўзида акс эттиради. Бу ривожланиш ўз навбатида, келгусида ҳар йили қарийб 5 минг нафарга яқин чет эллик туристларни кутиб олиш, бир вақтнинг ўзида 200-250 нафарга яқин ҳамюртларимизга мезбонлик қилиш имконини яратади.

Режаларнинг тўлиқ бажарилишига ишончимиз комил. Нега деганда, ҳар бир ишларнинг йўлга қўйилишида амалий эътиборни ҳис этаяпмиз. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишидаЎзбекистонга келадиган сайёҳлар оқимини кенгайтириш вазифаси қатъий қилиб қўйилди. Бу талаб ҳаммамизни янада шу азиз Ўзбекистоннинг ҳақиқий ватанпарвари бўлишга ундаб туради.

Лола САНАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

туризмни ривожлантириш

Давлат қўмитасининг

вилоятимиздаги ваколатли

вакили, биология фанлари номзоди

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter