Авторизация
 
  • 11:04 – “МЕН ҲАРБИЙ БЎЛАМАН!” 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:40 – 467 МИЛЛИАРД СЎМ МАБЛАҒ САРФЛАНАДИ 
  • 11:24 – МАЪНАВИЙ МУВОЗАНАТ ИЗДАН ЧИҚМАСИН 
  • 09:19 – МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ ЎЧОҒИ 

ТОМОРҚА – ОИЛА ФАЙЗИ

 


 

Одатда биз табиатнинг оддий инъоми деб қабул қиладиганларимиз кўплаб мевалар, дуккакли ўсимликларнинг шифобахт хусусиятлари, уларнинг қанчалик даромадга кон эканлиги билан қизиқавермаймиз. Қизиққанимизда эса… Очиғи, ўзимиз ҳам ҳайратга тушамиз. Оддийгина иссиқхона қуриш ва у ерда хонадонимиз учун керакли бўлган маҳсулотлар етиштиришни олиб кўрайлик. Унинг биз билмаган қанчалик хусусиятлари мавжуд. Экиб, кўпайтириш эса катта даромад, соғлик-саломатлик манбаи эканлигини унчалик ҳам тасаввур қилавермаймиз. Билганимиз кўплаб юртдошларимизнинг томорқада етиштираётган маҳсулотларидан олаётган даромадларига қизиқамиз ва ҳавасимиз келади. Бугун эса бу ҳавасларни рўёбга чиқариш сиз билан бизнинг ўз қўлимизда.
 

ИССИҚХОНА ҚУРИШ

Бир сотихлик иссиқхона қуриш учун узунлиги 18-20 метр, эни 6 метр бўлган майдон танланиши маъқул. Бунинг учун тупроқ 20 сантиметр чуқурликда ковлангач, шу ернинг ўзидан эни 30-35 сантиметр, бўйи 45-50 сантиметр бўлган пойдевор кўтарилади. Шундан сўнг икки ён томонга 2,8 ёки 3 метр баландликда 8 тадан устун ўрнатилади. Устунларнинг ҳар иккитаси оралиҚида баландлиги 80 сантиметр, эни эса 40 сантиметрликдаги шамоллатгич (туйнук) қолдирилиб, пишиқ ғишт ёки пахса девор билан бекитилгач, сувоқ қилиб ташланади. Иссиқхонани ёпиш учун устунлар устига кенглиги 5-8 сантиметрликдаги металл узунасига пайвандланади. Бу икки томонлама қўйилганда 1 сотих ерга 36 метр металл кетади, дегани.

 


Бир қаватли полиэтилен плёнка билан қопланган, бир сотихлик иситиладиган иссиқхона тиклаш учун (металл, симлар, таянч устунлари, бетон қоришмалари, пайвандлаш, тупроқ ишлари) кетадиган сарф-харажат 450-500 минг сўмдан ошмайди. Бунга полиэтилен плёнка, транспорт, иситиш, дорилаш харажатлари қўшилса, иссиқхонанинг жами нархи 700-750 минг сўмга боради.

Полиэтилен пленкалар ва арматураларни "Агрофирмалар" орқали таъминотчи ташкилотлардан ёки тўғридан-тўғри савдо тармоқларидан сотиб олиш мумкин.

Иссиқхонада шу кунларда помидор кўчати етиштиришда маҳаллий Ситора, ТМК-2, Авицена, Шарқ юлдузи, Дўстлик, Севара, Шафақ, Сурхон-142, Заковат, Нурафшон Ф1 навларини экиш тавсия этилиб, бир сотих майдонга етарли миқдорда кўчат тайёрлаш учун 350-400 гр. Уруғ сарфланади. 1 кг помидор уруғининг ўртача нархи 100 минг сўмни ташкил қилади.

Помидор уруғлари "Мева ва сабзавот экинлари ва картошкачилик" ИТИ ва "ўзмевасабзавотуруғсаноати" уюшмасида ташкил этилган агрофирмалар орқали етказиб берилаяпти.

1 сотих ердан 80-100 мингта кўчат олинса, очиқ ерда сотиш даврида 1 дона помидор кўчатининг нархи 80-100 сўм бўлганда, жами даромад кўчат олинса, 8 миллион сўмни ташкил қилади. Жами харажатлар-иссиқхонани қуриш, уруғлик, иситиш ва бошқа харажатлар 2,5 миллион сўмни ташкил қилса, соф фойда 5,5 миллион сўмни ташкил этиши мумкин.


КАШНИЧ ЕТИШТИРИШ

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Орзу ва Янтарь. Экиладиган кашнич уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ерни тайёрлаш. Дала ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотихга 150-200 кг (10 сотихга 1,5-2 тонна) чириган гўнг солинади. Ўсимлик қисқа муддатда етилишини инобатга олиб гўнг солиш билан бирга 1 сотих майдонга 1 килограмм азотли, 1 килограмм фосфорли, 0,5 килограмм калийли ўғит солиш талаб этилади. Ер 20-25 сантиметр чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текисланади, суғориш эгатлари (пол) олинади.

 


Экиш муддати ва схемаси. Эртаги кашнич уруғи 10-15 февралда, ўртагиси 15 апрелда, ёзгиси 15 июнда, ке-йингилари 15 августда, 15 октябрда ва тўқсонбости қилиб 25 ноябрдан 10 декабргача полларга қалин қилиб сепилади. Бир сотихга 100-120 грамм (10 сотихга 1-1,2 килограмм) уруғ сарфланади. Уруғлар лентасимон усулда 2-3 қатор қилиб ёки сочма усулда сепилади. Уруғ сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилиб устидан майда чириган гўнг сепилади.

Ерда нам етарли бўлса уруғ 5-10 кунда униб чиқади. Асосий парвариш 1-2 марта ўташ, қалин ерларини бироз яганалаш ва 3-4 кунда суғоришдан иборат.

Кашнич касалликларга анча чидамли, салқинсевар ўсимлик ҳисобланади. Шунинг учун уруғ униб чиққан кундан бошлаб 40-50 кунда истеъмолбоп бўлади. Аҳоли кашнични янги узилган барра ҳолида ва қуритиб қишда ҳам ишлатади. Бу кўкат йил бўйи истеъмол қилинади. Унинг барра баргларини 2-3 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1-1,5 сантиметр танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади. Вақтида ўриб олинмаса, уруғ поя ҳосил қилиб, истеъмолга ярамай қолади.


АЧЧИҚ ҚАЛАМПИР

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Марғилон-330, Пикантный, Уч-қун, Тилларанг, Мумтоз, Саид. Экиладиган аччиқ қалампир кўчатлари 40-45 кунлик, 8-10 баргли, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.

Аччиқ қалампир кўчатлари вилоятимизда мартнинг учинчи ўн кунлигида 70х20 сантиметр тизимида, ер ости сувлари яқин бўлган ерларда 90х20 сантиметр тизимида экилади. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 555-714 та кўчат сарфланади.

 


Экилган ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилганидан 10-12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12-15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач, яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Аччиқ қалампир ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.

Аччиқ қалампир етиштиришда 1 сотих майдонга 7,6 килограмм сульфат аммоний, 2,6 килограмм аммофос, 1,6 килограмм калий хлор берилади.

Аччиқ қалампир сувга талабчан ўсимлик бўлиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5-6 м3 ҳисобидан 14-16, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 10-12 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 10-14 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Аччиқ қалампир ҳаддан ортиқ суғорилганда ундаги аччиқлик хусусияти пасайиб кетиши мумкин.

ўсимликнинг асосий зараркунандалари - шира, каналар, оққанотга қарши 10 сотих майдонга Моспилан 20 фоизли кукун (25-30 грамм) қўлланилади. Касалликлардан - Меваларнинг учидан чириши, бактериал қора доғ, сўлишга қарши Топаз 10 фоиз эм.к. (15 мл ), Курзат Р н.кук. (200-250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигининг 60-70 литр сувга тайёрланган аралашмасини қўллаш мумкин. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш зарур.

Аччиқ қалампирни кўклигида ҳам, қизарганида ҳам истеъмол қилиш мумкин. Аччиқ қалампир кўклигида йиғиб олинса, ҳосил миқдори нисбатан кўпроқ бўлади. Совуқ тушиши арафасида аччиқ қалампир пояси мевалар билан биргаликда тупроқдан суғуриб олиниши, қуритилиши ва кейинчалик ишлатилиши мумкин.


ПЕТРУШКА

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Нилуфар, Сахарная, Новас. Экиладиган петрушка уруҚи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазн-дор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Петрушка қисқа муддатда етилишини инобатга олиб гўнг солиш билан бирга 1 сотих майдонга 1 килограмм азотли, 1 килограмм фосфорли, 0,5 килограмм калийли ўғит солиш зарур. Ер 20-25 сантиметр чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.

 


Эртаги ҳосил олиш учун петрушка уруғлари кузда ёки эрта баҳорда экилади. Уруғлар эрта баҳорда 15 февралдан 10 мартгача сепилади. Кузда сентябрнинг иккинчи ярми-октябрда очиқ далага лентасимон усулда 2-3 қатор қилиб ёки сочма усулда экилади. Уруғ сарфи 1 сотихга 50-60 грамм. Уруғлар сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Майсалар униб чиққандан сўнг 10-12 кун ўтгач 1-марта, 2-3 ҳафта ўтгач 2-марта ягана қилинади. Бунда ўсимликлар ораси 3-5 сантиметр бўлиши лозим. Ўсимликни парваришлашга - ўташ, қатор ораларини юмшатиш, суғориш ва минерал ўҚитлар билан озиқлантириш ишлари киради.

Петрушка касалликларга анча чидамли салқинсевар ўсимлик ҳисобланади. Бўйи 15-20 сантиметрга етган петрушка ўсимлиги эрта тонгда - кун нисбатан салқинлигида ўткир ўроқ билан ўриб олинади.


САЛАТ БАРГИ

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Крупнокачанный ва Кўкшох. Экиладиган салат уруҚи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илиқ сувда 3-4 соат ивитиб қўйилади.

Уруғ сепиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 150-200 килограмм (10 сотихга 1,5-2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 сантиметр чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

 


Баргли ва бош ўрайдиган салатлар уруғи очиқ далага эрта баҳорда - февраль охири-март ойининг бошида ва кузда - сентябрнинг иккинчи ярми-октябрда полларга ёки лентасимон усулда 2-3 қатор қилиб экилади. Ленталар ораси 45-60 сантиметр, лентадаги қаторлар ораси 15 сантиметр бўлади. Бир сотихга баргли салат уруғи 40-50 грамм, бошли салатники 30-40 грамм меъёрда экилади. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Ниҳоллар униб чиққандан кейин 10-12 кун ўтгач 1-марта, 2-3 ҳафта ўтгач 2-марта ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8-10 сантиметр, бошли салатда эса 12-15 сантиметр масофа қолдирилади.

Салат барги касалликларга анча чидамли, салқинсевар ўсимлик ҳисобланади. Бошли салатнинг ҳосили 45-50 кундан кейин уларнинг етилишига қараб эрта тонгда, баргидан шудринг кўтарилгандан кейин бирин-кетин узиб олинади.

Лазиз МАМАТҚУЛОВ


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter