Авторизация
 
  • 11:04 – “МЕН ҲАРБИЙ БЎЛАМАН!” 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:40 – 467 МИЛЛИАРД СЎМ МАБЛАҒ САРФЛАНАДИ 
  • 11:24 – МАЪНАВИЙ МУВОЗАНАТ ИЗДАН ЧИҚМАСИН 
  • 09:19 – МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ ЎЧОҒИ 

ТОМОРҚА ОИЛА ФАЙЗИ (ИККИНЧИ МАҚОЛА)

Уй, ҳовли, томорқа - юртнинг бир парча гўзал гўшаси, дейишади. Ҳовлини саранжом-саришта қилиб қўйиш, томорқада рўзғор учун мевали дарахт-у экинларни экиш, расамадли қилиб парваришлаш, аввало, юртга меҳрлиликнинг бир бўлаги. Баҳор фаслининг қуёшли кунларидан унумли фойдаланиб, тобга келаётган ер билан тиллашган деҳқон ютқазмайди. Одатда биз табиатнинг оддий инъоми деб қабул қиладиган неъматларимиз, дуккакли ўсимликларнинг шифобахш хусусиятлари, уларнинг қанчалик даромадга кон эканлиги билан қизиқавермаймиз. Қизиққанимизда эса. Очиғи, ўзимиз ҳам ҳайратга тушамиз. Унинг биз билмаган қанчалик хусусиятлари мавжуд. Экиб, кўпайтириш эса катта даромад, соғлик-саломатлик манбаи эканлигини унчалик ҳам тасаввур қилавермаймиз. Кўплаб юртдошларимизнинг томорқада, ер майдонларида етиштираётган маҳсулотларидан олаётган даромадларига қизиқамиз ва ҳавасимиз келади. Бугун эса бу ҳавасларни рўёбга чиқариш сиз билан бизнинг єз қўлимизда.


КАРАМ ЕТИШТИРИШ

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Фарао F1, Назоми F1, Парел F1, Июньская, ўртапишар Саратони, Тошкент-10, Термиз-2500, кечпишар Шарқия-2, Ўзбекистон судьяси. Эрта баҳор ва ёзги муддатларда экиладиган оқбош карам кўчатлари 30-40 кунлик, барглари тўқ яшил, илдизлари дуркун ривожланган ва соғлом бўлиши лозим. Далага экиш пайтида кўчатларда 6-7 та барг бўлиши керак.

 


Экиш олдидан майдонлар ўтмишдош экинлар қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотих ерга 200-250 килограмм (10 сотихга 2-2,5 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 сантиметр чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текисланади, суғориш эгатлари олинади.

Карамни 3 хил муддатда экиб, парваришлаш мумкин. Эртаги карам кўчатини республикамизнинг жанубий вилоятларида 10-12 февраль, ўрта муддатларда 10-12 май, кечки муддатларда 1-15 август; марказий минтақада ҳамда водий вилоятларида эртапишар навларнинг кўчатини 25 февраль - 10 март, ўртапишар навларни 15 апрель - 1 май, кечпишар навларни 15 июнь - 10 июль; шимолий ҳу-дудларда эртапишар навларнинг кўчатини 15-30 март, ўртапишар навларни 1-15 апрель, кечпишар навларни - 25 май - 5 июнь оралиҚида экиш мақбул ҳисобланади.

Қатор оралари 70 сантиметр, уялар ораси 30 сантиметр, ҳар бир уядаги кўчат сони 1 сотих майдонга 476 (10 сотихга 4760) туп ўсимлик тўғри келади. Кўчат экиб бўлгандан кейин майдон кетма-кет суғорилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатларнинг оралари, кўчатларнинг атрофи юмшатилади ва биринчи ўғит берилади. Иккинчи чопиқ экин суғорилгандан сўнг ўтказилади. Оқбош карам икки марта чопиқ қилинади. Карамни озиқлантириш учун 1 сотих майдонга 2 килограмм азот, 1,5 килограмм фосфор ва 0,7 килограмм калий солинади. Бўз тупроқли ерларда эртаги карамни 8-10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6-8 марта суғориш тавсия этилади.

Карам бити, карам куяси, карам оқ капалаги қуртларига қарши биологик усулда олтин-кўз, хонқизи қўнғизлари қўлланилади. Барг кемирувчи қуртларга қарши трихограмма тухумхўри ва бракон энтомофаглари ишлатилади. Кимёвий усулда 10 литр сувга Циперметрининг 25 фоиз эритмаси. (16 мл.га), Долприд 200 г/л с.э.к. (10 мл/га) препаратларининг биронтасидан фойдаланилади. 10 сотихга 60-70 литр сувда тайёрланган аралашма ишлатилади.

Аҳоли томорқаларида экилган оқбош карам оддий узун пичоқ ёрдамида 2-3 дона барги билан қирқиб олинади. Эртаги карам сақлашга мойил эмас, шунинг учун уни дарҳол истеъмолга чиқариш зарур. Вақтида йиғилмаган карамларнинг бошлари ёрилиб кетади.

НЎХАТ ЕТИШТИРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ

НЎхат эрта баҲорги экин. У эрта баҳорги дон экинлари билан бир вақтда экилади. Тупроқнинг уруғ экиладиган қатламида ҳарорат 6-70С га етиши уруғ экиш учун энг қулай муддат ҳисобланади. Нўхат лалмикорликда текис-тепалик минтақада февраль ойи ва мартнинг биринчи ўн кунлигида, тоғли ва тоғ-олди минтақасида февралнинг охирги ўн кунлиги ва март нўхат экиш учун энг мақбул муддат. Лалмикорликда эрта, энг оптимал муддатларда экилган нўхат мўл, сифатли уруғ ҳосили беради. Экишни кечиктириш ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади.

 


Нўхат қатор оралари 45 ёки 60 сантиметр қилиб экилади. Нўхат уруғлари қатор оралари 60 сантиметр, ўсимликлар оралиғи 6 сантиметр қилиб экилганда уруғ ҳосили 25 центнерга етган ёки қатор оралари 45 ва 70 сантиметр қилиб экилгандагина хушлаётган ҳосилдорлик 3-4 центнерга ошган. Тажрибаларнинг кўрсатишича, туплар оралиғи 6 ва 9 сантиметр экилганда энг яхши натижалар олинган. Бунда экиш меъёри гектарига 60 ва 80 килограммни ташкил қилади.

Нўхат тупроқни азотга бойитади, қатор оралари ишланадиган экин сифатида далани бегона ўтлардан тозалайди. Суғориладиган, шунингдек, лалмикор ерларда нўхат кузги дон экинлари учун яхши ўтмишдош. Брухус қўнғизидан зарарланмайди. Дуккакли дон экинлари орасида лалмикорликда энг юқори - 10-12 центнер дон ҳосили беради.

Нўхат баҳорда ёки кузда экилганда ҳосилдан бўшаган майдонлар дарҳол ҳайдалиб маккажўхори дони ёки силос учун картошка ва бошқа экинлар экилади. Кўплаб ўтказилган тажрибаларнинг натижаларига кўра нўхат ўзидан кейин тупроқда 40-80 килограмм соф азот қолдиради. Нўхатдан бўшаган далаларга экилган ғўза, картошка, маккажўхори, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги ортиб, дон сифати яхшиланади.

Суғориладиган ерларда нўхат экиладиган 1 гектар майдонга асосий ўғит сифатида 70-90 килограмм фосфор, 50-60 килограмм калий ва 15-20 тонна чириган гўнг солинади. Асосий ўғитлар ерни ҳайдаш олдидан берилади.

Нўхат майсалари ҳосил бўлмасдан ва ҳосил бўлгандан кейин бороналашни ўтказиш мумкин. Майсалар 6-7 сантиметр баландликка етганда бороналаш яхши натижа беради. Бороналаш кундузи майсалар бироз сўлиганда ўтказилади. Нўхат қатор оралари 2-3 культивация қилинади, суғоришдан олдин жўяклар олинади.

Ўзбекистон шароитида нўхат ёзнинг жазирама иссиқ даври - июнь ойларида етилади. Пишганда мева банди ва дуккак пўчоқлари тез қурийди. Ҳосил қисқа, энг мақбул муддатда ўриб-янчиб олинмаса нобудгарчилик кўпаяди. Ўримдан олдин комбайнлар қайта жиҳозланади, созланади, барабанлар айланиш тезлиги камайтирилиб (500-600 минутига) уларнинг оралиғи кенгайтирилади. Нўхатни Самарқанд қишлоқ хўжалик инс-титутида яратилган "Умид" нави баланд бўйли бўлганлиги учун комбайн билан ўришга жуда қулай. Паст бўйли навлар ҳам яхши парвариш қилинганда бўйчан бўлади ва комбайн ёрдамида дон ҳосилини ўриб-янчиб олишга яроқли ҳолга келади.

 

ҚОВОҚ

Экиладиган қовоқ уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Қовоқ етиштиришда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора-тадбирларнинг яхши наф беришини таъминловчи муҳим шартдир. Ерни шудгорлаш олдидан минерал ва органик ўғитлар берилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади. Қовоқ экини эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта шудгорлаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда чопиб чиқилади.

 


Қовоқ уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқдир. Жанубий вилоятларда 15 апрелгача, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 апрелгача, шимолий минтақаларда 30 апрелгача экилади. Қовоқ уруғини ер ҳарорати 14-15°С га етганда экишга киришилади.

Қовоқ экиш учун қатор оралари 360 сантиметрли кенг эгат олинади. Бундай эгатлар қовоқ палакларининг яхши таралишига имкон беради. Уруғлар 3-6 сантиметр чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих ерга 50-60 грамм уруғ сарфланади. Ниҳоллар униб чиққач 20-25 кун ўтказилиб, 2-3 чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилиб, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25-30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4-5 марта чопиқ қилинади.

Экинга 5-6 марта сув бериб, тупроқнинг нам бўлишига эришиш лозим. Бу эса қовоқ мевалари сифатли бўлишини таъминлайди. Пишган ҳосил кеч кузда бир марта йиғиштириб олинади.

 

СОМОН ОСТИДА КАРТОШКАНИ ЕТИШТИРИШ

Ерда етиштириладиган одатий картошкалар жуда мураккаб ва тез унум кўрмайди. Натижада, ҳосилдорлик режадагидан анча паст кўрсаткични ташкил этади. Кузда тупроқни уруғлантириш керак. Экиш мавсумида кортошка уруғини кузда ва баҳорда қазиб олиб уларни текислаб, чоҳ қазиб жойлаштириб кейин унинг устига сув қуйиб тупроқ сочиб кўмиш керак. Картошка илдиз отганида тупроқни юмшатиб туриш керак ва ўсимликнинг пояси қуриши билан қазиб олинади. Бугунги кунда барчамиз бу усулни яхши биламиз. Бугун картошкани сомон остида осон етиштириш тажрибасини синаб кўриш вақти етиб келди.

 

 


Ушбу усул жуда содда ва ях-ши самарадорлик кўрсатади. Бугунги кунга келиб, ривожланган давлатларда ҳам бу усулни жуда яхши қўллашади, ҳар хил тажрибалар олиб боришади ва ўсиб бораётган шароитга мослаштиришади. Бу усул картошкани етиштириш йўлини сезиларли даражада осонлаштиради.

Сомон остида етиштирилаётган картошканинг илдизи ва тупроғи қизиб кетмайди. Бу эса жуда муҳим омил ҳисобланади. Чунки картошка ҳарорати +220С дан юқори бўлса, ўсишдан тўхтайди. Туманимиз иқлим шароити ёзда иссиқлиги, кузда ёғингарчиликнинг камлигини ҳисобга олиб, бу усулни қўллаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Натижада, сомонда намлик сақланиб туради, қуёш нурининг ҳаддан ортиқ тушмаслиги бегона ўтларнинг ўсишига йўл қўймайди. Тўшалган сомон бир неча йиллардан сўнг тупроқ билан аралашиб ўғитга айланади.

Картошкани экиш қоидаларига амал қилиб, ерни сифатли шудгорлаш, экишдан сўнг суғориш ҳамда сомонни етарли миқдорда, яъни 10-15 сантиметр қалинликда сепиш керак. Сомон тупроқни қуёшдан сақлайди, кун ва тун ҳароратини бир хилда ушлаб конденсат ҳосил қилади. Бундай шароит картошканинг униши учун энг зарур ва яхши омиллар ҳисобланади. Агар сомон кўпайиб кетса тупроқ қизий бошлайди ва ўсишдан тўхтайди, ҳаво ўтиши ҳам қийинлашади.

Саҳифани мутахассислар маслаҳати асосида

Лазиз МАМАТҚУЛОВ тайёрлади

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter