Авторизация
 
  • 10:36 – ЯНГИ КОРХОНА ИШ БОШЛАДИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:32 – ИСТИҚБОЛНИ БЕЛГИЛАГАН ҲУЖЖАТ 
  • 11:04 – Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти туман бЎлими фаолиятидан 
  • 14:05 – “ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНИ” 

ВИЖДОНИНГИЗНИ ЙЎҚОТИБ ҚЎЙМАНГ!

 

Уйдаги ўй-хаёллардан қутилиш учун кўчага чиқаман. Атрофдан ўтаётган одамларнинг гап-сўзлари қулоққа чалинади: "Эшитдингми, бу йил газета ва журналларга обуна мажбурий эмас экан?".
"Худога шукур, обунага кетадиган пулга оиламга керакли нарса олар эканман. Бу янгиликни ювиш керак, чойхонага кетдик, битта-битта сомса билан юз-юз урамиз…".

 

Ҳа, уйдаги ўй-хаёлларим аллақачон шов-шувга айланиб бўлган экан. Ҳар қадамда шу гап - биров хурсанд, кимдир бошини сирли чайқаб мийиғида кулиб қўяди. Уларни кузатар эканман, ўтган долғали 1980 йиллар ёдимга тушади. Собиқ иттифоққа М.Горбачев раҳбар бўлиб, матбуотга эътибор бирдан сусайиб кетди. Бир ойда ўн икки марта чиқадиган газеталар тўрттага тушиб қолди. Одамлардаги ишонч сусайиб, ғояга эмас нарсага сиғиниб бошлашди. Ит эгасини танимайдиган даражадаги бошбошдоқлик бошланиб кетганди. Охир оқибатда давлат таназзулга юз тутди. Ўтмиш ҳақида ўйлар эканман, У.Черчиллнинг "Ҳокимиятни қўлга олмоқчи бўлсанг, аввало матбуотни қўлга ол" деган сўзлари ёдимга тушди. Наҳотки, ўн йиллаб дунё сиёсатига салмоқли таъсир кўрсатган, инглиз халқини фашизм балосига қарши курашга кўтаролган одам нотўғри гапириб қўйган бўлса? Агар бугунги кун муҳитидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, давлатни, ҳукуматни, жамиятни тўртинчи ҳокимиятсиз ҳам бошқариш мумкин экан-да!

 

Яқинда таҳририят ходимлари мақола уюштириш учун ташкилот ва муассасаларга чиқиб келишди. Шаҳардаги бир мактабда бўлган ҳангомани сўзлаб беришар экан ҳайратда эканликларини яширишмади. Мактабда ўқитувчилар ўз иш тажрибаларини оммалаштириш учун газетага мақола беришмоқчи эканликларини айтишибди. Мухбир бунинг учун аввал газетага обуна бўлиш лозимлигини айтиб, обунани расмийлаштириш тартибларини тушунтирибди. Бир ўқитувчи шаҳар газетасига ҳар йили обуна бўлишини ва бу анъанани давом эттириш ниятида эканлигини айтибди. Аммо унинг гапларини эшитиб турган директор ўқитувчини кабинетига чақириб роса тузлабди:

 

- Сиз менинг интернетга чиқиб кетишимни хоҳлайсизми?! Обуна бўлмоқчи экансиз мактабда айюҳаннос солиб, бошқа ўқитувчиларни ҳам йўлдан уриш шарт эмас эди. Мактабда ҳеч қандай обуна расмийлаштирилмайди, хоҳласангиз уйингизга чақиринг обуна қилувчиларни!

Бу гаплар директор кабинетининг қия очиқ эшигидан бутун мактабга эшитилиб турган. Мактаб раҳбарининг маданиятсизларча ўшқиришини ўқитувчилар билан бирга ўқувчилар ҳам эшитган. Дакки олган ўқитувчи кабинетдан шолғомдек қизариб чиқибди.

Нега мактабнинг қайсилигини, директорнинг кимлигини очиқ ёзмаяпсиз, деб таъна қилишингиз ҳам мумкин. Лекин, кимларнингдир ноғорасига ўйнай оладиган, мактабда маърифатни эмас, маданиятсизликни устувор қилишга бел боғлаган раҳбар айтган гапидан тониши ҳеч гап эмас. "Оқни қора, қорани оқ" дейишдан қайтмайдиган одам мухбиримизга "тухматчи" деган тамғани босишини хоҳламадим, холос.

Гап келганда бугунги кунда мактаблардаги вазият ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтиш жоиз деб ўйлайман. Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбарининг китоб мутолааси хусусидаги фармойиши хурсандчилик билан кутиб олинди. Журналистларнинг қувончи чексиз эди. Чунки, кўплаб ўзбек шоир ва ёзувчилари қаторида Шиллер, Ги де Мопассан, Гарсия Маркес, Лев Толстой ва бошқа юзлаб даҳоларнинг номлари-ю, ўлмас асарлари унутилаёзган эди. Барча таълим муассасаларида китоб мутолаасига шитоб билан киришилди. Ҳар куни бир тадбир, кунора бир кўрик... Юқори синф ўқувчилари ҳатто таҳририятга келиб, "Мен шунча китоб ўқидим, кейинги йилда улар сонини шунчага етказаман" деган оширилган мажбурият ҳам қабул қилишди. Бироқ бирорта инсон "Ўқитувчилар ҳам китоб ўқийдими?" деб сўрамади. Ҳа айтгандай, "Мулланинг айтганини қил-у, қилганини қилма" деган нақл бор, ахир. Ўқитувчи ўқимаса ҳам бўлаверади. Қолаверса, газета ўқимасликни раҳбарининг ўзи талаб қилиб тургандан кейин пул тўлаб китоб сотиб олишга, газетага обуна бўлишга ҳожат бормикин! Албатта, бу гаплар ҳамма ўқитувчиларга тегишли эмас, бўш вақтларини китоб мутолаасига сарфлайдиган, раҳбари қарши бўлса ҳам газета ўқийдиган ўқитувчиларни яхши биламан. Уларга ҳурматимиз, эҳтиромимиз баланд.

Энди матбуотнинг қатағон қилинишига нима сабаб бўлганлиги, мақсад нима эканлигига тўхталиб ўтсак. Аслида бу ғоя Ўзбекистонда туғилмади. Бу чуқур ўйланган, пухта режалаштирилган хуруждан бошқа нарса эмас. Агар эътибор қилган бўлсангиз миллий қадриятларни тиклаш, халқимизни "оммавий маданият" деган балои офатдан сақлаб қолиш учун биринчи бўлиб матбуот воситалари жанггоҳга отилиб кирган эди. Ғарбона очиқликдан миллий маданият, санъат, адабиётимизни асраб қолиш учун ҳаёт-мамот жанги бошланган эди. Тан олиш керак, матбуотимизнинг қўли баланд келаётганлиги халқимизни манқуртга айлантиришни истовчи кучларнинг режасида йўқ эди. Шунинг учун ҳам "Мажбурий обуна" деган шов-шувли режани тайёрлаб, Ўзбекистонга тадбиқ этишди. Ўзича "янгилик яратиб" катта раҳбарнинг назарига тушишни ният қилган раҳбарчалар уларнинг тегирмонига сув қуйиб туришди. Режани тайёрлаганлар айнан ўша раҳбарчаларнинг маънавий сўқирлиги, давлат, халқ манфаатидан кўра амал курсисида бир кунгина кўпроқ ўтиришни афзал кўришларини яхши билишар ва шунга суянишган эди. Афсуски, режалари қайсидир миқёсда амалга ошди!

Бугун бутун республикамизда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлаётган газета ва журналлар ҳақидаги хабарларни таассуф билан эшитмоқдамиз, таҳририятлардаги иш ўринларининг қисқараётганлиги, ўнлаб журналистларнинг бошқа ишларга кетишаётганини изтироб билан кузатиб турибмиз. Яшириб нима қиламан, тобора кучайиб бораётган хуруж "Жиззах овози"ни ҳам четлаб ўтмади. Ҳар йили бўладиган 7000 дан ошиқ обуна сони бу йил 1000 тага ҳам етмади. Биз ҳам айрим иш ўринларини қисқартиришга мажбур бўлдик, агар аҳвол шу тарзда давом этса, балки яна қисқартирармиз. Лекин гап бунда эмас. "Жиззах овози" вилоятдаги энг нуроний газета бўлиб, деярли 90 йилдан буён чоп этиб келинмоқда. Демак, газета Жиззахнинг тарихи - халқ билан энг оғир дамларда ҳам, қувончли кунларда ҳам унинг дарди, байраму - шукуҳли кунлари ҳақида бонг урган.

Газетада Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Насрулло Охундий, Сарвар Азимов, Назиржон Баракаев, Орифжон Икромов, Оқилжон Ҳусанов каби шоиру-адибларнинг ўтли нафаслари қолган. Уларнинг порлоқ хотиралари ҳаққи ҳурмати учун ҳам газетани бўҳронлардан, долғали кунлардан омон-эсон олиб чиқиш барча жиззахликларнинг бурчидир. Буни юракдан ҳис этиб, севимли газетаси учун жон куйдираётган ҳамшаҳарларимизга, Шароф Рашидов тумани аҳлига чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Бу йил ҳам 100 нусха обуна бўлган Жиззах пластмасса заводи жамоасига алоҳида ҳурматимизни изҳор этамиз. Шунингдек, газетхон шифокорлар, ўқитувчилар, ишбилармон ва тадбиркорлар, суд-ҳуқуқ, ички ишлар органлари ходимларига миннатдорчилик билдирамиз. Зеро, тақдирини ўз шаҳри, тумани тақдири билан яккаш деб билган инсонлар бор экан газета яшайверади.

Ва ниҳоят бугуннинг гапини устозлар ўгити билан якунлашни лозим топдим. "Журналист ўз даврининг виждонидир!" дейишарди улар. Шу нақл билан устозлар қалбимизга ҳалоллик, тўғрисўзлик, поклик ва иймон уруғларини қадаб келган. Инсон қаерда бўлмасин кунини кўради. "Тишни берган Аллоҳ ризқни ҳам беради", дейишади-ку. Энг муҳими, виждонни йўқотиб қўймайлик.

Асад МУСТАФОЕВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter