Авторизация
 
  • 14:00 – КИТОБХОНЛИК АЙЁМИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:14 – МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИ ОРТМОҚДА 
  • 14:44 – ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУР 
  • 13:53 – ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ 

ЁШЛАР - КЕЛАЖАК БУНЁДКОРИ

 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг 2018 йилдаги самарали фаолияти Марказий Кенгаш томонидан муносиб рағбат топиб, "Иттифоқ кубоги” қўлга киритилди. Бу ҳақда "Жиззах" эркин иқтисодий зона мажлислар залида бўлиб ўтган мажлисда айтиб ўтилди.

Ўтган йилда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш, уюшмаган ёшларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлашда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож бир жуфтликнинг никоҳ тўйи, 16 нафар кам таъминланган оила фарзандларининг суннат тўйи ўтказилди. 436 нафар болаларга ўқув қуроллари, 132 нафарига кийим-кечак совға қилинди, 148 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, имконияти чекланган ёшларга иттифоқнинг вилоят Кенгаши томонидан 51 та ногиронлик аравачаси, 67 та тикув машинаси, 12 та эшитиш мосламаси ва 8 та қўлтиқтаёқлар топширилди.

Айтиш жоизки, "Энг яхши китобхон" республика танлови ҳақиқий китоб байрамига айланди. Биргина 2017 йилда ҳудудлардан 14 782 нафар ўқувчи-ёшлар танловда қатнашиш истагини билдирган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 22 862 нафарга етди. 20-30 ёш тоифасида Жиззах Давлат педагогика институти талабаси Дилноза Илҳомова танловнинг республика босқичида 3-ўринни эгаллади. Ёшларнинг илмий ва бадиий китобларни ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш борасидаги ютуқлар бу билан тугамайди. "Бахтиёрлар диёри" танловининг республика босқичида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейининг "Сарафроз"жамоаси ғолиб деб топилди.

Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш йўлида ҳам кўплаб самарали ишлар амалга оширилди. "Ёшлар шахмат тахтаси" мусобақасининг республика босқичида вилоятимиз жамоаси 2 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади. "Ёш чегарачилар" ва "Ёш қутқарувчилар" мусобақасида ҳам вилоятимиз вакиллари республика бўйича тенгсиз деб топилди.

- Ўтган йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 4568 та тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, 187 356 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Дилмурод Худойшукуров. - Ҳарбий хизматга бориб келган, иш билан банд бўлмаган йигитлар "Жасорат" клубига бириктирилди ва улар томонидан 287 маротаба рейдлар ташкил этилди. Бунинг натижасида ёшлар жинояти ўтган йилнинг 11 ойига нисбатан 37 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида эса 16 фоизга камайишига эришилди. Шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этиб, чин дилдан пушаймон бўлган 43 нафар ёшлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилган ҳолда суд залидан озод этилди. Уларнинг 18 нафари тўгаракларга жалб қилинди, қолганлари ишга жойлаштирилди.

Бугунги кунда вилоятимизда 64 483 та ёш оилалар мавжуд. Уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича иттифоқ томонидан кўплаб ишлар йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида 1000 дан ортиқ ёш оила вакиллари билан 663 дан ортиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари уюштирилди. Нотинч, муаммоли ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ёш оилалар аниқланиб, уларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. "Оилаларни мустаҳкамлаш ойлиги" доирасида иттифоқнинг вилоят Кенгаши томонидан ажримларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар ташкил этилиб, 45 та ажрим ёқасида турган ёш оилалар яраштирилди. Ёш оилаларга муносиб уй-жой ва ижтимоий шароитлар яратишга қаратилган мақсадли ишлар назардан четда қолмади.

 

- Ўтган йили мен ҳам "Ёшлар уйи" соҳибига айландим, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг матбуот котиби Элдор Наврўзов. - Бу эътибор ва имкониятлар Ватанимиз тараққиёти учун хизмат қилишда янада куч-ғайрат ва шижоат бағишлайди. Жорий йилда мен каби "Ёшлар уйи" соҳиблари қаторига яна 154 та оила қўшилади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйини барпо этиш дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, йирик шаҳарларда кўп қаватли, қишлоқ туманларида 1-2 қаватли арзон уйлар ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб қурилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи талабаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам ташаббускор. 2018-2019 ўқув йилида иттифоқнинг вилоят Кенгаши олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз бўлган 79 нафар ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ўқишга қабул қилинган 481 нафар талабаларга тўлов-контракт суммасининг 35 фои-зини тўлаб берди. 13 нафар чин етим, ногирон ҳамда "Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган талабаларга эса шартнома тўловининг 50 фоизи тўлаб берилди.

- Шартнома пулининг тўлаб берилиши биз, ёшларга берилган катта имконият ва билдирилган ишончдир. Бу имтиёз менга ҳам насиб қилганидан бошим кўкка етди, - дейди Шуҳрат Абдуллаев. - Билдирилган ишончни оқлаб юртимга сидқидилдан хизмат қиламан.

Ўтган вақт мобайнида иттифоқ мақсадли ишларни амалга оширди. Ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг замонавий касбларни эгаллашга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, истеъдодли ёшлар ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш, илмий фаолиятга жалб этиш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш каби долзарб масалаларга эътибор қаратди, мазкур соҳадаги камчиликларни бартараф этишга енг шимарди. Бир сўз билан айтганда, кўзланган мақсад томон дадил қадам ташланди. Бу эса келгусида ёшларнинг Ватан равнақи учун фидокорона хизмат қилишига замин ҳозирлайди. Зеро, тараққиёт учун яратилган шароитлар мева бермай қолмайди.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter