Авторизация
 
  • 11:16 – КУН НАФАСИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:39 – МАҚСАД - ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИНИ ҲОЛИСОНА ВА ТАНҚИДИЙ БАҲОЛАШ 
  • 11:15 – ХАРИДОР БОЗОРГА БОРГАНДА 
  • 13:38 – ХУЛҚ ОҒИШИ НИМА? 

ЁРДАМГА МУҲТОЖ ШИФОХОНА

 

"Мен даво излабон табибга борсам,

 

Нетай табибимнинг ўзи ҳам бемор".

Бу сатрларни шоир ишқ дардидан нажот топмай, дил оҚриҚи, жон ўртаниши билан битган. Аммо шаҳримиздаги 1-оилавий поликлиниканинг Амир Темур маҳалласи филиалидаги аҳволни кўрган киши, гўё кўп асрлар муқаддам бу сатрлар айнан шу тиббиёт муассасаси учун ёзилган бўлса керак, деган хаёлга боради.

Ёғиб ўтган ёмғирдан кейин маҳалла кўчаларида лойга ботиб қолмаслик учун одамлар чим босган ариқлар четидан юриб, қаёққадир шошишади. Биз сўраб-суриштириб, маҳалла поликлиникаси томон йўл олдик.

Амир Темур маҳалласи шаҳардаги энг баҳаво табиат қўйнида жойлашган. Тошкент-Самарқанд автомобиль йўлидан бошланиб, пурвиқор тоғларга туташиб кетган боҚларни кўриб, маҳалла аҳли меҳнатига, яратувчанлигига тасаннолар айтасиз. Вилоятимиз меҳмонлари ва ҳамшаҳарларимиз бу мўъжаз табиатни томоша қилиш, унинг соф ҳавосидан бир бора тўйиб нафас олиш учун бир зумга автомобилларини тўхтатиб ўтишлари бежиз эмас экан.

Тоғу-қирлар орасида сарбасар кезиб юрган шаббада баҳор яқинлашиб келаётганидан дарак бериб "уйғон, уйғон!" дегандай дарахтлар шохларини майин силкитади. Тайинли қор ёғмаган, совуқ ҳам забтига олмаган қиш нафақат одамларнинг, балки она-табиатнинг ҳам жонига тегиб кетган. Шунинг учун булутлар орасидан қуёш мўралаб илиққина нурларини замин узра таратади. Ҳадемай, ариқлар бўйи ялпизу-исмалоқлар билан қопланади. Атрофни дала гулларининг хушбўй ҳидлари тутади. Замин яшиллик билан қопланади - теварак атрофда ҳаёт қайнайди, янгиланиш, яшариш фасли бошланади.

Лекин…

Маҳалладаги битта ҳовли, ягона бинода янгиланиш юз бермаслигини маҳалла аҳли яхши билишади. Зотан, ҳар йили маҳалладаги биттаю-битта тиббиёт муассасаси бўлган поликлиникада аҳволни яхшилаш, уни таъмирлаш, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, муассасада мутахассис шифокорлар етишмаслиги тўғрисидаги муаммолар маҳаллада бўлган йиғилишларда, учрашув ва очиқ мулоқотларда кўтарилади. Бу ҳақда тадбирлар белгиланади, улар ижро учун қайсидир ташкилотларга юборилади, топшириқлар берилади, уларга жавоблар тайёрланади, режаларга киритилади. Аммо "Эски ҳаммом - эски тос" деганларидай ҳамма нарса ўттиз йил аввал қандай бўлса, шундайлигича қолаверади. Ўамма жафо қоҚоз зиммасига ортилади. Ўалиям Яратгувчи қоҚозга забон бермаган… Бўлмаса, унинг фарёди оламни тутган бўларди.

Поликлиника ҳовлисига кириб боришингиз билан совет тузумида русум бўлган, юпқа фанерадан ясалган эшикка кўзингиз тушади. Тўкилиб тушай деб турган эшик ҳар очилиб-ёпилганида "ғийқ"иллаб поликлиникага кимдир келганидан ҳамшираларни огоҳ этади. Поликлиника биноси ташқаридан қараганда хароб аҳволда эканлиги яққол кўзга ташланади. Бино томи, шифери эскириб, пўпанак босиб кетадиган жойга айланган. Нари-бери оқланган деворнинг оҳаги кўчган жойлари кишида ёқимсиз тасаввурлар уйғотади.

"Одатда дастлабки таассуротлар алдамчи бўлади. Қолаверса қиш фаслида бино сиртига алоҳида эътибор беришнинг имкони бўлмайди. Ичкариси ҳар ҳолда яхши бўлса керак", деган хаёл билан остонага қадам ташлаб, таассуротларимиз алдамаганига ишонч ҳосил қилдик. "Ранг кўр - ҳол сўр" деган нақл ушбу бино учун топиб айтилган экан. Дарахт тўнкасидан ясалган ўриндиқларда беморлар навбат кутиб ўтиришибди. Ўрта аср қаъридан лоп этиб чиққан бу Қаройиб мебель ҳар қандай музейга зеб бериши мумкин, лекин поликлиникага эмас. Бундай ғаройиботга дуч келган одам қайси даврда яшаётганини ҳам унутиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Ямалавериб унниқиб кетган пол тўшамасини йиртиб юбормаслик учун авайлаганча қадам ташлаб хоналарни кўздан кечирамиз. Хоналарнинг деярли ҳаммаси таъмирга муҳтож. Муолажа хонасида ишлаш учун шароит етарли эмас, мебеллар эскириб кетган.

- "Эскини ямаб эсинг кетади" деган гап тўғри экан. Деворнинг нураган жойларини таъмирласанг, бошқа жойи кўчиб тушади, - дейди ҳамшира Шохиста Хидирова. -Лекин дори-дармон етарли, шундан хурсандмиз.

Эмлаш хонасига кириб ҳайрон қолдик. Негаки, хона чиройли қилиб таъмирланган экан. Кейин маълум бўлишича, Зулфия Сайдалиеванинг ишга ўтганлигига икки ой бўлибди. У фаолиятини хонани тўлиқ таъмирдан чиқаришдан бошлаган экан. Қурилиш материалларини ўз ҳисобидан сотиб олибди, уста билан ҳам ўзи келишибди.

 

 

- Ишга келганимда хона ачинарли аҳволда эди, - дейди Зулфия. - Бозордан 450000 сўмга қўл ювиш ускунасини сотиб олдим. Эмлаш хонаси доим озода туриши ва ҳамшира ҳар бир эмлашдан олдин қўлини совунлаб ювиши лозим.

Маълум бўлишича, поликлиникада тиббий мебеллар етишмайди. Беморларнинг дам олишлари, нав-бат кутишлари учун шароит йўқ. Поликлиника лабораториясига кириб, муаммолар фақат уларгагина хос эмас эканлигига амин бўлдик.

- Биз малака ошириш учун ўқишга борганимизда замонавий тиббий асбоб-ускуналарда ишлашни ўргатишади. Улар ҳақида биз фақат орзу қиламиз, холос, - дейди лаборатория ҳамшираси Мухаббат Исроилова.

Дарҳақиқат, лаборатория ускуналари ўтган асрдан қолган, ўз вазифасини ўтаб бўлган. Бу хонада оддийгина, аммо тиббиётда муҳим ҳисобланган стериллаш асбоблари етишмайди. Лаборатория дафтар-китобларини ҳамширанинг ўзи харид қилиб келибди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси СоҚлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Қарорининг 2-банди билан яхши таниш бўлишларига қарамай яна бир бор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларига эслатиб ўтишни жоиз деб ўйлаймиз. Унда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқаруви органлари раҳбарлари "… соғлиқни сақлаш соҳасида ривожланиш ҳудудий дастурларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, тиббиёт ташкилотларини ва аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш, тиббий ва махсус техниканинг самарали ишлаши ва ўз вақтида янгиланиши"га шахсан масъул эканлиги қайд этилган. Афсуски, қарорнинг ушбу бандидаги вазифалар Амир Темур маҳалласидаги тиббий муассасада деярли бажарилмаётир.

 

"Фуқаролар сифатли тиббий ёрдам олиш учун доим вилоят ёки мамлакат марказидаги шифохоналарга интилишади. Ҳатто, вилоят миқёсида ўтаётган семинарлар, тажриба алмашишга мўлжалланган тадбирлар ҳам марказдаги тиббий муассасаларда ташкил этилади. Чунки, бу ташкилотлар ташхислаш ва даволашнинг энг янги, замонавий тиббий техника ва технологиялари билан таъминланган, биноларида барча шароитлар яратиб қўйилган. Шифокорлари ҳам ҳар ҳолда юқори малакали ҳисобланади. Туманлардан келган шифокорлар улардан нималарнидир ўрганади, бу муассасаларда меҳнат қилаётган ҳамкасбларига ҳавас билан қарашади”, деган ақида мавжуд эди яқингача. Аммо бугунги кунда вилоят марказидан энг узоқ бўлган қишлоқларда ҳам ташхислаш ва даволашга мўлжалланган, давримизнинг энг янги асбоб-ускуналари билан жиҳозланган тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

 Шундай бир пайтда вилоят марказидаги 10774 нафар аҳолиси бор Амир Темур маҳалласидаги поликлиниканинг бундай аҳволга тушиб қолгани кишини ўйлантириб қўяди. Поликлиникада меҳнат қилаётган уч нафар врач, 15 нафар ҳамшира, 4 нафар кичик тиббий ходимлар поликлиникада ЭКГ аппарати ва танометр борлиги билангина мақтанишлари мумкин.

 

Бир сўз билан айтганда, бу муассасадаги муаммолар аллақачон кўпчиликнинг эсидан чиққанга ўхшайди. Акс ҳолда ҳеч бўлмаганда беморлар ўтирадиган ўриндиқлар билан таъминланган бўларди.

 Ва ниҳоят вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларига сўнгги савол: "Айтингчи, ўз яқинларингизни биринчи тиббий ёрдам олишлари учун ушбу поликлиникага олиб борган бўлармидингиз? Ёки таклиф этишса, ўзингиз шу поликлиникада оддий врач бўлиб ишлармидингиз?” Холбуки, йилдан йилга нураб бораётган бинода йўқни йўндириб бир гуруҳ шифокорлар меҳнат қилишмоқда. Чунки, улар ўн минг етти юз жуфт қора кўзлар ўзларига умид билан қараб турганини ҳис этишмоқда. Фидойилик дегани ҳам аслида шу.

 

Гулбаҳор МУСИНОВА,

шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Асад МУСТАФОЕВ,

"Жиззах овози"нинг махсус мухбири

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter