Авторизация
 
  • 10:36 – ЯНГИ КОРХОНА ИШ БОШЛАДИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:32 – ИСТИҚБОЛНИ БЕЛГИЛАГАН ҲУЖЖАТ 
  • 11:04 – Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти туман бЎлими фаолиятидан 
  • 14:05 – “ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНИ” 

ШОМИРЗА - БРОНЗА МЕДАЛЬ СОҲИБИ

Таълим тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар ўзбекистонлик ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён қилиш учун замин яратаяпти. Халқаро олимпиадаларда ўқувчиларимизнинг эришган ютуқларини сўзимизнинг исботи сифатида келтириш мумкин.

 

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган олимпиадада 18 давлатдан келган 540 нафар ўқувчилар математика, физика ва информатика фанлари бўйича билимини синовдан ўтказди. Жаутиков номли 15-халқаро олимпиадада ўзбекистонлик ёшлар муносиб иштирок этиб, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза - жами 10 та медални қўлга киритишди. Қувонарлиси, совриндорлар орасида вилоятимиз вакили ҳам бор.

 

Жиззах Давлат педагогика институти ҳузуридаги академик лицейнинг ўқувчиси Шомирза Асқаровнинг ёшлигидан фанлар маликаси - математикага меҳри бўлакча. Шавкатжон ака ва Шодия опа фарзандининг қизиқишини беэътибор қолдиришмади. Бу эса Шомирзанинг мактаб пайтидаёқ кучли билим олиши жараёнига замин ҳозирлади. "Билимлар беллашуви" ва фанлар олимпиадасида фахрли ўринларни эгаллаган замондошимиз мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Жиззах Давлат педагогика институти ҳузуридаги академик лицейга ўқишга кирди.

- Математика фанини нима учун ёқтиришимни тушунтириб бера олмайман, ақл чархи бўлгани учундир балки, - дейди Шомирза. - Академик лицейга ўқишга киргач, устозим Санобар Кенжаева янада пухта билим эгаллашимга кўмаклашиб келаяпти. Уларнинг жонкуярлик билан берган билими натижасида биринчи бос-қичда ўқиганимда лицей ички олимпиадасида 1-ўринни эгалладим. Иккинчи босқичга ўтганимдан сўнг эса фан олимпиадасининг вилоят босқичидаги иштироким муваффаққиятли якунланди.

Ютуқлар боис устозларнинг Шомирзага ишончи янада ортди. Санобар Кенжаева ва Сардор Ғаффоров уни янада каттароқ марраларни эгаллашга ундаб билим олишга йўналтиришди. Ҳаракатлар бесамар кетмади. Жорий ойда Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган Жаутиков номли 15-халқаро олимпиадада Шомирза муносиб иштирок этди. Унинг билими бронза медалига муносиб кўрилди.

- Мазкур олимпиада ҳақиқий синов майдони бўлди, - дейди Шомирза Асқаров. - Боиси, қатнашчилар саралар ичида сараланган кучли билим эгалари эди. Улар орасида тенг-сиз учликка киришнинг ўзи катта бахт. Айниқса, жаҳон шоҳсупасида юртимиз байроғини кўкларга кўтаришга мушарраф бўлганим ундан улкан бахт. Ота-онам, устозларимнинг ишончини оқлаганим, тенгдошларимнинг бугун менга ҳавас билан қараши мақсадимни қатъийлаштирди: "Келгусида халқаро олимпиадаларда олтин медални қўлга киритишга интиламан".

Таҳсилни Ўзбекистон Миллий университетида давом эттиришни ният қилган Шомирза келгусида ўқитувчилик касбини эгаллаб, иқтидорли ёшларни тарбиялашга бел боғлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Шомирза июнь ойида Буюк Британияда бўлиб ўтадиган халқаро математика олимпиадасига (IMO) тайёргарлик кўрмоқда.

Сифатли таълим-тараққиёт пойдевори. Зеро, кучли билим соҳиблари, салоҳиятли ёшларгина Ватанни янада ривожлантиради. Мамлакатимиз таълим тизимида қилинаётган ислоҳотларнинг такомиллашиб бораётгани бежиз эмас. Ўйлаймизки, Шомирза Асқаров каби халқаро танловларда юксак поғоналарни эгаллайдиган ёшлар сафи янада ортиб боради.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter