Авторизация
 
  • 10:39 – ОИЛАМ - БАХТИМ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:04 – 7 ЙИЛЛИК ДАРДНИНГ ИСИТМАСИ 
  • 16:09 – МАҲАЛЛАНИНГ МАВҚЕИ ОШАДИ 
  • 15:32 – ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР 

ЭЗГУЛИК ВА ОЗОДЛИК ТАНТАНА ҚИЛГАН КУН

Олам аҳли, билингизким иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлинг бир-бирингизгаким эрур ёрлиғ иш

 

 

Олис XIV асрда назм султони Алишер Навоий қаламидан тўкилган ушбу сатрлар беш асрдан ошиқ вақт ўтгач сайёрамиз узра акс-садо берди. Инсоният энг улкан ва қонли жангу жадалларни ўз ичига олган иккинчи жаҳон уруши билан юзма-юзкелди.

1418 кунга чўзилган иккинчи жаҳон уруши сайёрамиздаги 73 та давлатнинг 62 тасини қамраб олди. Ер курраси аҳолисининг 80 фоизи жанговар ҳа-ракатларда иштирок эди. Европа, Осиё, Африка қитъалари ва тўрт океанда олиб борилган ҳарбий операцияларда 110 миллиондан кўпроқ қурллли жангчилар иштирок этди. Мақсадсиз жангу жадаллар 1,7 миллиард одамнинг ёстиғини қуритди. Қадрдон диёрига қайтиб келиш насиб этмаганлар орасида 500 минг нафардан зиёд ўзбекисонлик жангчилар ҳам бор.

Дарҳақиқат, 1945 йилнинг 9 майида қозонилган зафар барча халқларни фашизм деган балодан асраб қолди. Курраи заминдаги халқларга озодлик келтирди. Миллати, дини, тили бошқа-бошқа бўлсада, тинч-тотув яшашни асосий мақсади деб ҳисоблайдиган одамларга осойишталикни туҳфа қилди.

Аммо академик шоиримиз Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда "ўалабанинг ўзи келмайди…". Фашизм отлиғ вабони ер саҳнидан буткул супуриб ташлаш учун курашган халқлар ҳамжиҳатлигида эришилган зафар осон кечмади. Қардошлик, мардлик, матонат, фронт орқасини мустаҳкамлаш учун қилинган фидокорона меҳнат Рейхстаг узра ҳилпираб, оламшумул муждани ёшу қарига етказган байроқ тимсолида намоён бўлди, буюк Ғалабанинг муҳим омиллари вазифасини ўтади. Шундай экан, гитлерчилар Германиясининг тор-мор этилишида ўзбек халқининг ҳам буюк ҳиссаси бор, деб айтишга ҳақлимиз.

Тўрт йил давом этган бешафқат урушда 1,5 миллион нафардан кўпроқ ўзбекистонликлар қатнашди. Шимолий Муз океанидан Қора денгизгача бўлган ҳудудларда кечган жангу жадалларда юртдошларимиз қасамёдларига содиқ қолишди. Фарзандлик бурчини тўлиқ оқлашди.

Егор Иванин, Эшонқул Исмоилов, Иван Рижов, Григорий Губарков, Жўрақул Тўраев Жиззахга қаҳрамонлик олтин юлдузи билан қайтиб келди.

1941-1945 йилларда ҳарбий комиссариатларга ариза бериб, фронтга отланган ҳамюртларимизнинг ҳар етти нафаридан бирига туғилиб ўсган гўшасига қайтиш насиб қилмади. Йигитларимиз билан бир қаторда хотин-қизларимиз ҳам қирғинбарот даврнинг аччиқ-чучугини тотиб кўришди.

Жиззахлик ҳарбий шифокор Баҳринисо Бобоева Сталинград фронтида хизмат қилди. "Қизил юлдуз" ордени, бир неча жанговар медаллар билан мукофотланди. Бироқ, ғалаба лаҳзаларини кўра олмади. 23 ёшида оғир жароҳатланиб ёруғ олам билан эрта хайрлашди.

Фашизм устидан қозонилган Қалабанинг 74 йиллиги шодиёналари бошланиб кетган файзиёб дамларда Жиззах шаҳрида ҳамда Шароф Рашидов туманида истиқомат қилиб келаётган Юнус бобо Турсунов, Абдужалил бобо Абдужабборов, Вера Толпаева, Анна Лазарева, Мустафо Умаров, Лидия Абдуллаева, Холмат Шарипов, Соибназар ота Ғойибназаров, Мамашариф ота Содиқов сингари иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, шунингдек, 200 нафарга яқин меҳнат фронти фахрийлари ҳақида самимий сўзлар айтсак арзийди. Улар олдида доимо қарздормиз.

Маълумки, Ғалаба фақат шиддатли жанглар эвазига қўлга киритилмаган. 1941-1945 йилларда фронтни мустаҳкамлаш учун кураш борган. "Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!" шиори барчани ягона мақсад сари бирлаштирган.

Ҳарбий хизматга чақирилган эркаклар ўрнини аёллар, ёш болалар, ногиронлар эгаллашган. Масалан, 1942 йилда Жиззах туманида асосий ишловчиларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этган. Холисона айтиш керак, улар ҳалол ишлашган. Жумладан, Фотима Сафарова етакчилигидаги звено ҳар гектардан 800 центнерга етказиб лавлаги ҳосили етиштирган.

Ҳаёт-мамот йилларида маҳаллий бошқарувга ишлаш учун келган Саодат Санақулова Меҳнат қаҳрамони унвонига лойиқ кўрилди. Парпи она Саидова, Каромат Соатова қирқ йил мобайнида ҳалол меҳнат қи-либ, эл-юрт ҳурматини қозонишди.

Ҳарбий давр тақозосига кўра, янгидан ташкил этилган Жиззах таъмирлаш заводи цехларида танклар учун деталлар, энг зарур техник жиҳозлар тайёрланди. Жиззахлик Зокир Норматов Фарҳод гидроэлектростанцияси қурилишига бош-қош бўлди. Ҳамюртларимиз Бекободдаги Ўзбек металлургия заводи, Катта Фарғона канали сингари объектларнинг барпо этилишида ҳаммага намуна кўрсатишди.

Шунга қарамасдан, мана шу улуғ ғалабада собиқ СССР халқлари, республикалари, жумладан, Ўзбекистонимизнинг тутган ўрни ва ролига ҳаққоний баҳо берилмасдан келинди. Собиқ Иттифоқ даврида "марказ"нинг таъсири кучли бўлгани боис уруш ҳақидаги ҳақиқатни кўпчилик билмасдан келди.

Мустақиллигимиз шарофати туфайли урушда эришилган ғалабада ¤збекистоннинг ҳиссаси жуда катта эканлиги маълум бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан таъсис этилган 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни ана шу ҳақиқатнинг эътирофи вазифасини ўтади. Мана, йигирма йилдирки, энг улуғ ва энг азиз байрам кенг нишонланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 апрелда имзоланган "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ва "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида уқтирилганидек, халқимиз азалдан элимиз эркинлиги, мустақиллиги ва дахлсизлиги учун курашган қаҳрамонларини эъзозлаб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлади.

Дастуриламал ҳужжатлар билан белгилаб берилган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида"Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият". "Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч" шиорлари остида Жиззах шаҳар ва Шароф Рашидов тумани ҳокимликлари, маданият, жисмоний тарбия ва спорт, мудофаа ишлари, ички ишлар, халқ таълими, мактабгача таълим бўлимлари, тиббиёт бирлашмалари, хотин-қизлар қўмиталари, "Нуроний" жамғармалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маҳаллий Кенгашлари, маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлинмалари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказлари ҳамкорлигида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларда учрашувлар, адабий-бадиий кечалар, хайрия акциялари ҳамда хотира тадбирлари мунтазам йўлга қўйиб борилаяпти.

Бугун ҳам сафларимизда туриб Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7,5 миллион сўмлик пул мукофотини топшириш байрамона вазиятда йўлга қўйилмоқда. Моддий ва маънавий рағбатлантиришдан фронт ортини мустаҳкамлашда иштирок этган фахрийлар, шунингдек, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзолари ҳам баҳраманд бўлишаяпти.

Мазкур тоифага мансуб фуқароларимиз ҳузурига мулкчилик шакли турлича бўлган субъектларнинг раҳбарлари ҳам совға-саломлар билан бориши давом этмоқда.

Ёлғиз ва кам таъминланган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалга оширилаяпти. Нуронийларимизга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида доимий фаолият кўрсатадиган патронаж хизматини ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз уқтираётганидек: "Ҳаёт йўлларида бизга таянч ва суянч бўлган табаррук инсонлар олдида биз ҳамиша бурчлимиз".

Шунинг учун ҳам мана шу қутлуғ байрам кунларида бутун халқимиз бундай даҳшатли уруш энди ҳеч қачон қайтмасин, деб чин дилдан ният қилмоқда. Бугунги тинч ва осойишта, фаровон ҳаёт учун шукрона билдирмоқда.

Дунёда турли қарама-қаршиликлар кескинлашиб, терроризм, экстремизм хавфи кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Демак, биз "Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак", деган даъватнинг моҳиятини чуқур англаган ҳолда, тинчлик учун ҳар биримиз масъул эканимизни унутмасдан, ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашимиз керак.

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter