Авторизация
 
  • 10:39 – ОИЛАМ - БАХТИМ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:04 – 7 ЙИЛЛИК ДАРДНИНГ ИСИТМАСИ 
  • 16:09 – МАҲАЛЛАНИНГ МАВҚЕИ ОШАДИ 
  • 15:32 – ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР 

“ХАЛҚҚА АЙТИНГ, МЕН АСЛО ЎЛГАНИМ ЙЎҚ...”

Учтепада бугун ўзгача шукуҳ, ўзгача тантана руҳи ҳукмрон. Ҳамма шаҳарча маркази томон интилмоқда - кимнингдир қўлида байроқ ҳилпирайди, кимдир иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган яқинларининг суратини кўксига босиб олган.

 

Шаҳарчада янги бунёд этилган Хотира хиёбони атрофига йиғилган туман аҳли ҳар қачонгидан кўп бўлса-да, бу муаззам майдон узра сукунат чўккан. Буюк ғалабанинг 74 йиллиги, Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда шаҳарчада қурилган Хотира хиёбонининг очилишига бағишланган тантанали маросимни туман ҳокими Зоир Мирзаев очиб, халқимизга хос бўлган хислатлар, миллий анъана ва қадриятлар кўп эканлигини таъкидлади.

- Лекин бугунги дориломон кунларни кўролмаган аждодларимиз, урушларда ҳалок бўлган ота-боболаримиз, шу кунлар учун меҳнат қилиб, Ватан равнақи, тараққиёти учун умрини бахшида этган яқинларимиз хотираси қалбимизда абадий яшайди,- деди туман раҳбари.

З.Т. Мирзаев ушбу хиёбонни бунёд этишга ҳиссса қўшган барча-барчага, аввало, қурувчиларга миннатдорчилик билдирди.

Дарҳақиқат, мана шу хиёбонга қадам қўйган ҳар бир киши қалбида ўтмишда яшаган инсонлар қайта тирилгандай, оғир ва долғали даврлар жонлангандай бўлади. Улар қилган эзгу ишлар, яхши хислатлари ёдга олинади. Уларнинг фидокорлиги, амалга оширган бунёдкорликлари бугунги кун авлоди онгу-шуурига сабоқ бўлиб сингади.

Тантанада сўзга чиққан вилоят ҳокими Эргаш Салиев иккинчи жаҳон урушига вилоятимиз халқининг 40000дан ошиқ фарзандлари кетиб, кўпчилиги жанггоҳларда абадий қолиб кетганлигини ёдга олди.

- Жумладан, биргина Шароф Рашидов туманидан 6000 нафар ботир йигитларимиз урушда иштирок этиб, уч минг нафарига ўз ватанига қайтиб келиш насиб этди, - дея таъкидлар экан, Э.А.Салиев барча тантана қатнашчиларини ғалабанинг 74 йиллиги билан қутлади.

Хотира хиёбонининг ўртасида қад кўтарган "Мотамсаро она" ёдгорлиги гулларга бурканди. Вилоят, туман ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси номидан Э. Салиев, З. Мирзаев, Б. Узоқовлар гулчамбарлар қўйишди. Шунингдек, вилоят, туман ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вилоят ҳудудидаги ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия аскарлари ҳам ёдгорлик пойига гуллар қўйиб, ўз эҳтиромларини изҳор этишди.

Шундан сўнг тантана иштирокчилари хиёбонни айланиб, устунли айвондаги иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз номлари билан танишдилар.

Мана, саксон ёшни қоралаб қолган онахон титраган қўллари билан рўйхатдаги бир номни оҳиста силайди. Юзидан аламли ёшлар думалайди. Балки, у бешикдалиги пайтида отаси урушга кетиб, қайтиб келмагандир. Бир умр ота деган сўзни айтиш армон бўлиб қолгандир. Тенгдошларининг оталарига ҳавас билан тикилгандир, турмушга чиқаётганида отаси эмас, амакиси ёки тоғаси узатиб қолгандир - бу алам, бу армонлар ҳеч қачон унутилмайди. Майли, йиғланг онажон, бу ёшлар ҳам юрагингизни тошдек эзиб ётмасин, балки ўша алам ва армонларни ювиб кетар.

- Мен 2-Белоруссия фронтида хизмат қилдим, - дея хотирлайди иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Сойибназар Ғойибназаров. - Хотира китобида ватанга қайтиш насиб этмаган қуролдош дўстларимнинг номларини ўқиб, уларни яна бир бор ёдга олдим. Ўтганлар хотирасини абадийлаштираётган, шундай улуҚ ишларни бошлаб берган Президентимизга, унинг ҳар бир сўзини, топшириҚини оҚишмай бажараётган ҳокимларимизга ташаккур. Тинч, осуда замон берган Аллоҳга шукур!

Шу куни ушбу тантанага бошқа тадбирлар ҳам уланиб кетди. Спортнинг югуриш бўйича оммавий марафони, велопойгачилар беллашуви, ҳарбий техникалар кўргазмаси, ҳарбий оркестр концерти туман аҳлининг қувончига қувонч қўшди.

Уруш қатнашчилари, уларга тенглаштирилганлар, фронт ортини мустаҳкамлашда иштирок этган отахон ва онахонлар учун туман ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар томонидан байрам дастурхони ёзилди. Гурунг тўкин дастурхон атрофида давом этди.

Асад МУСТАФОЕВ
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter