Авторизация
 
  • 14:00 – КИТОБХОНЛИК АЙЁМИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:14 – МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИ ОРТМОҚДА 
  • 14:44 – ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУР 
  • 13:53 – ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ 

МОҲИР ЖАРРОҲ ЭДИ

Фориш туманида халқ саломатлиги йўлида фидойилик кўрсатиб, фаолияти эътирофга лойиқ оқ халат соҳиблари бисёр. Уларнинг билим ва тажрибалари, беморларга бўлган муносабати туфайли туман аҳолисининг саломатлик даражаси юқори. Шундай қўли енгил шифокорлардан бири моҳир жарроҳ ва ажойиб инсон Исроил Иброҳимов эди.

 

Исроил Иброҳимов Фориш туманининг Илончи қишлоғида, ўқитувчилар оиласида дунёга келди. Одатда фарзандлар ота-она изидан боришга, уларнинг касбини эгаллашга ҳаракат қилишади. Аммо Исроил Иброҳимов бир қадар мураккаб бўлган шифокорлик касбига меҳр қўйди.

У ўрта мактабни битириб, Самарқанд тиббиёт институтида таҳсил олди. Устозлари – профессорлар М.В. Голуб, М.Қ. Қулматов, А. Ж. Жамоловлардан жарроҳлик сир-синоатларини ўрганди. Шифокор деган шарафли касб эгаси бўлиб Форишга қайтди.

Жарроҳлик тиббиётнинг нозик соҳаси ҳисобланади. Кичик эътиборсизлик ҳам катта кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин. Жарроҳлик амалиёти жараёни муваффақиятли чиқиши учун билим ва малака билан бирга ҳушёр ва эътиборли бўлиш ҳам жуда зарур. Шунинг учун у олий даргоҳда устозларидан олган билим ва кўникмаларга қаноат қилмасдан бу соҳанинг нозик ва сирли қирраларини эгаллаб бориш учун тинмай изланди, интилди, тиббиёт оламидаги қанча китобларга кўз нурини тўкди. Натижада, қисқа вақт ичида Исроил Иброҳимов Фориш туманининг қўли енгил, моҳир жарроҳи, меҳрибон ва ширинсўз шифокорига айланди. Асосийси, халқ ишончини, ҳурматини қозонди.

Маълумки, Фориш кўп миллатли туман ҳисобланади. Бу ерда ўзбеклар билан бирга тожиклар, қозоқлар, руслар ва бошқа миллат вакиллари аҳил-иноқликда яшаб келишади. Исроил Иброҳимовнинг яна бир ютуғи бу – унинг кўп тилларни билиши эди. У беморларга ўз она тилида сўзлаб, кўнгилларини кўтарарди, уларни ширин сўзи билан даволарди. Исроил Иброҳимов Самарқандда ўқигани учун тожик тилида равон сўзлашарди. Тожикча шеър ва қўшиқларни маромига келтириб айтарди. Унинг бу хислати тожик беморларини даволашда қўл келарди. Шу боис агар бирон тожик бемор бўлса, дарров Исроил аканинг олдига югурарди. Исроил ака ҳам очиқ чеҳра, ширин сўз билан уларни қабул қилиб, иложи топилса беморни ўзи даволарди, бўлмаса керакли мутахассисга йўналтирарди.

Исроил Иброҳимов оилада ҳам бахтли инсон эди. У турмуш ўртоғи Чинор опа билан 11 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Фарзандларидан икки нафари ота касбини танлади. Қолганлари бошқа соҳаларда она- Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилаяпти.

Мана, йигирма бир йилдирки Исроил Иброҳимов орамизда йўқ. Бугун унинг ишини фарзандлари, шогирдлари давом эттиряпти. Бу дегани унинг эзгу ишлари давом этяпти.

Исроил Иброҳимов хотирасини фарзандлари, шогирдлари, у киши таниган ва даволаган барча инсонлар ҳамиша эҳтиром билан ёдга оладилар.

Абдукарим ШАРИПОВ,

Жиззах Давлат педагогика институтининг "Зиё чашмаси” газетаси бош муҳаррири

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter