Авторизация
 
  • 13:28 – ТИЛ БИЛГАН – ДУНЁНИ ТАНИР 
  • 15:49 – АМАЛИЙ ИШЛАР ДАВРИ 
  • 15:52 – “ВАДА”ЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАМИЗ ЁҲУД ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДАГИ ОЛМАЧИ МАҲАЛЛАСИНИНГ НОЧОР, АБГОР АҲВОЛДАГИ АЙРИМ КЎЧАЛАРИ ҲАМОН АҲОЛИ УЧУН ОҒРИҚЛИ НУҚТА БЎЛИБ КЕЛМОҚДА 
  • 10:23 – ТЕХНОЛОГИЯ ВА ТАЪЛИМ 
  • 15:36 – ВИЛОЯТ ИИБ ХАБАР ҚИЛАДИ 
  • 15:32 – РЕЙТИНГ — ҲОЛИСЛИК МЕЗОНИ 

ЎРТА ТУРК ТИЛИ НЕГА КЕРАК?

 

Қадимдан туркий халқлар ўзининг бой тарихи билан бошқа халқларга муносиб ўрнак бўлиб келган. Уларнинг маданияти, урф-одатлари, турмуш тарзи зўр қизиқиш билан ўрганилган ва бу жараён ҳануз давом этмоқда.

Қадимда туркий халқлар ўзининг умумий она тилига эга бўлганлар. Алифбо сифатида ўрхун-енисей ёзуви (қадимги битиклар), кейинчалик араб ҳарфларидан фойдаланганлар. Улар бир-бирини бемалол тушунганлар. Босқинчилик урушлари таъсирида туркий халқларнинг тарқаб кетиши натижасида туркий тиллар ҳам ўзгариб, ҳар хил туркий тил оилаларига бўлиниб кетган. Ҳозирги кунга келиб туркий халқларнинг тиллари бир-бирига яқин бўлсада, кимдир тушунади, кимдир тушунмайди.

Қадимда яшаб шу туркий тилнинг нақадар гўзал, нақадар жозибадор эканини ўзларининг шоҳ асарларида таърифлаб, тавсифлаб берган бобокалонларимиз асарлари мозий гавҳарлари сифатида қадрланади, ардоқланади. Жумладан, Маҳмуд Қошғарий Марказий Осиёда илк ўрта аср маданиятининг буюк арбобларидан бўлиб, тилшунослик, хусусан, туркий тилларни ўрганиш соҳасида машҳур бўлди ва тарихда ўчмас из қолдирди.

У яшаб ижод этган даврда - Мовароуннаҳрда Сомонийлар ўрнини Қорахонийлар сулоласи эгаллаган, туркий адабий тил минтақада кенг урф бўла бошлаган эди. Ҳатто Аббосийлар халифалиги марказларида, азалдан араб ва бошқа форсий халқлар яшаб келган ўлкаларда туркий элатлар намоёндалари кўпайиб, туркий тилга эътибор ошган эди. Маҳмуд Қошғарийнинг машҳур асари бўлмиш "Девону луғатит турк" китоби ўша даврда мусулмон Шарқида, бутун Яқин ва Ўрта Шарқда дин, фан тилига айланган араб ёзувида битилган бўлиб, туркий тилнинг бойлиги, мазмундор ва ранг-баранглиги маҳорат билан баён этилган.

Қошғарий ёшлигидан Қошғардан то Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган туркий ўлкаларни, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, ирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кезиб чиқади, турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганади, адабий тил билан солиштиради, ўз асари учун ниҳоятда бой материал тўплайди.

Қошғарий ўз асари ҳақида "…олдин ҳеч ким тузмаган ва ҳеч кимга маълум бўлмаган алоҳида бир тартибда" дея таъкидлайди. Унда кўп шевашуносликка оид қиёсий қоидалар, грамматик, морфологик, лексик, семантик аломатлар кўрсатилган. Асар фойдаланувчиларга ўрганиш осон бўлиши учун содда ёзилган. Унда қадим турк алифбоси, фонетик қонуниятлар ва орфографик қоидалар пухта тушунтириб берилган. Луғатда туркий сўз тузилиши анъаналари, жумладан, сўз тартиби, феъл шакллари, сўз этимологиясига оид фикрлар баён этилган. Асарда 7500 дан ошиқ туркий сўз ва иборалар изоҳланган. "Девону луғатит турк" ҳам, адабий тил ҳам асосий туркий шеваларни қамраб олган бўлиб, ундаги адабий тил ва шева унсурлари нисбати ўртача адабий тилдаги 10-12 сўзга, шевага оид бир сўзга тўғри келади, яъни умумтуркий адабий тилга алоҳида аҳамият берилган. Бу ҳолат ўша даврда туркий тил қанчалик кенг тарқалганлигини ва қанақа мавқега эга бўлганлигини тасдиқловчи қатъий далилдир.

Туркий халқлар тарихига оид қадимий афсона ва ривоятлар, 300 га яқин мақол ва маталлар, ҳикматли сўзлар, ҳар хил шеърлар китобнинг саҳифаларидан жой олган. Шеърий парчаларнинг кўп қисми туркий халқлар оғзаки ижодига оид хос тўртликлардан иборат.

Маҳмуд Қошғарийнинг исломдан илгари ва илк ислом даври туркий маданият обидаларини тадқиқ этиш, тўплаш ва авлодларга етказиб беришдаги хизматлари ниҳоятда улкандир. Унинг тарих, этно-графия, география хусусидаги кенг билим доираси, тил ва адабиёт соҳасидаги қомусий салоҳияти, тадқиқ қудрати бугунги кунда ҳам ҳайратланарли даражададир.

Туркийшунос олимлардан яна бири буюк давлат арбоби, ҳам буюк шоир, мутафаккир Мир Алишер Навоийдир. У кишининг асарларида туркий сўзларнинг катта тўплами акс этган. Шоир "Хамса" асарида жуда кўп туркий сўзлардан фойдаланган. Ўша даврда туркий тилни ҳунук тил деб билишган, бу тилда асарлар ёзилмаган. Навоий эса биринчи бўлиб туркий тилда асар ёзди. Биринчи бўлиб туркий тилнинг нақадар гўзал ва жозибадор тил эканини бутун дунёга исботлаб берди. Навоий асарларида 26 мингдан ошиқ туркий сўздан фойдаланган. Ҳатто Шекспир ва Пушкин ҳам бунчалик кўп сўздан фойдаланмаган.

Ҳозирги кунда инглиз, француз, испан ва рус тиллари дунё даражасига чиққан тиллар ҳисобланади. Қайси давлатга, дунёнинг қай бурчагига борманг ана шу тилларда гаплашишади. Наҳотки биз ҳам туркий тилни дунё даражасига олиб чиқолмасак? Ўрта турк тилини туркий давлатлар тилшунослари билан ҳамроҳликда яратиб ундан фойдаланиш наҳотки қўлимиздан келмайди? Туркий давлатларга бориб, қардошларимиз билан ўзимиз учун умумий бўлган тилда гаплашиш нақадар ёқимли. Ўрта турк тилини дунё даражасига олиб чиқолсак, нафақат туркий халқ-лар, балки, бутун дунёда қизиқиб ўрганишади. Бу тил мактаб, коллеж ҳамда институт ва университетларда дарслик сифатида ўргатилади. "Ойнаи жаҳон”даги телеканаллардаги кўрсатувлар ҳам шу тилда олиб борилади. Газета ва журналлар шу тилда чоп этилади. Хуллас, бутун дунё бизнинг ким эканлигимизни, аждодларимиз ким бўлганлигини билади.

Ўрта турк тилини яратиш, менимча, қийин бўлмаса керак. Зеро, ота- боболаримиз қолдириб кетган катта мерос бизнинг саъй-ҳаракатларимизга мустаҳкам замин бўлади.

Мирзо САИДБЕК

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter