Авторизация
 
  • 14:00 – КИТОБХОНЛИК АЙЁМИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:14 – МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИ ОРТМОҚДА 
  • 14:44 – ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУР 
  • 13:53 – ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ 

ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР

Китоб мутолааси, китобхонлик маданияти, буюк мутафаккирларнинг китоб хақидаги қимматли фикрлари ифодаланган баннерлар билан безатилган мактаб ҳовлиси байрамона манзара касб этган. Пойтахтимиздан ташриф буюрган "Китоб дунёси" масъулияти чекланган жамиятнинг дўкондорлари кўчма расталарга турли жанрлардаги юзлаб номдаги китобларни дид билан териб қўйишган.

 

Мактаб раҳбарияти томонидан ота-оналар ҳамда ҳозирда турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётган шу билим даргоҳининг собиқ ўқувчиларига йўлланган таклифномалар ижобий самара берди чоғи кун тезда мактаб ҳовлиси одамлар билан гавжум бўлиб кетди. Қадам ранжида қилувчиларнинг кети узилмайди. Одамлар оқими орасида йигирматадан зиёд китобларни қўлтиқлаб олган саксон ёшлардаги бир отахон ҳам бор. Мўйсафидни уринтириб қўймаслик учун юқори синф ўқувчиларидан бири югурганича бориб отахоннинг унинг қўлидаги бебаҳо адабиёт хазиналарини олди.

Гап шундаки, юртимиз узра кенг қулоч ёзган "Энг китобхон мактаб" лойиҳаси доирасида туманимиздаги 14-умумий ўрта таълим мактабида "Бир фарзандга уч китоб" ҳамда "Ўзим ўқиган мактабга йигирмата китоб совға" акциясига старт берилган эди. Тадбирни мактаб директори Лола Исанова очиб, Президентимиз ташаббуслари билан ўқувчи ёшларнинг, шу жумладан бутун халқ оммасининг китобга, китобхонликка бўлган муносабатлари яхшиланиб бораётганини таъкидлаш билан бирга барчани ушбу акцияда фаол иштирок этишга чақирди.

– Шахсий кутубхонамдаги китобларнинг айримларини менга таълим ва тарбия берган шу муқаддас даргоҳга илиндим, – дейди маҳалла фаоли, истеъфодаги подполковник Жонузоқ ота Турдимуродов. – Кўп китоб ўқиш керак, лекин ўқиш билан бирга унинг мағзини ҳам яхшилаб уқиб олиш керак. Бадиий асар мазмунини чуқур англаб етган боланинг ахлоқ-одоби гўзал, фикрлаш қобилияти юқори бўлади. Муҳтарам Юртбошимизга беадад раҳмат айтсак арзийди, мудроқ кўзларимизни очди. Ёшларни қўя турайлик, кўпчилик катталар ҳам китоб ўқишни эсдан чиқариб қўйган эди. Мактабда яхши бир акция бошланган экан, уни тўхтатмаслик керак. Менимча, натижаси зўр бўлади, яъни фарзандларимизнинг китобга ошнолиги янада кучаяди.

Дарҳақиқат, бу мулоҳазаларда тўла жон бор. Аслида бундай ҳаракат ўтган йили бошланган эди. Йил адоғида Жиззах аккумулятор заводи акциядорлик жамияти раҳбарияти юзтача китоб совға қилган бўлса, жорий йилнинг апрель ойи бошларида вилоят "Қишлоқ хўжалик кимё" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Алишер Исроилов 50 та, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Эркин Холбўтаев 20 та китобни мактаб кутубхонасига топшириб кетишди. Навбатдаги акцияда эса тадбиркорлар Маҳмуд Жабборов, Элмурод ҳожи Пирматов, Жиззах туманлараро ўрмон хўжалигининг раҳбари Абдукарим Холматов, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик жамиятининг ходими Абдували Эшмирзаев сингари кўплаб собиқ ўқувчилар билан бир қаторда ушбу мактаб директори Лола Исанова, раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳулкар Бозорова ҳам 20 тадан китоблар тўпламини ҳадя қилиб билим масканининг китоб фондини бойитишга муносиб ҳисса қўшди.

Ҳадя қилинган китоблардан айримларига аудиодиск илова қилинган. Жумладан, Обиддин Маҳмуд қаламига мансуб етти фаслдан иборат "Фарзанднома” китобида 2 дона аудио ёзуви ҳам бор. Фарзанд тарбияси ва унинг камолотига бефарқ бўлмаган ота-оналарга, устоз-у мураббийларга, қолаверса, инсониятнинг маънавий юксалиши йўлида астойдил тер тўкаётган заҳматкаш зиёлиларга мўлжалланган бу асар кўп сонли мутолаа ихлосмандларининг маънавий мулки бўлиб қолади, десак муболаға бўлмайди.

– Китоб савдоси кўнгилдагидай кечаётганидан мамнунмиз, – дейди сотувчи қизлардан бири. – Ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳозиргача қилинган харид миқдори беш миллион сўмга етай деб қолди.

Байрамона кайфиятда бошланган тадбир асносида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг китобхонлик даражаси ҳам аниқлаб олинди. "Энг китобхон ўқитувчи" ҳамда "Энг китобхон ўқувчи" номинациялари бўйича ўтказилган беллашувда бошланғич синф ўқитувчиси Гулмира Норқулова билан 9-синф ўқувчиси Шоҳжаҳон Абдухалилов ғолиб деб топилиб, мактаб раҳбариятининг "Фахрий ёрлиғи" ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Зиёга ошнолик тадбири истеъдодли ўқувчиларнинг шеърхонлиги, ашула ва рақс гулдасталари билан иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади.

Дилфуза Аҳророва,

тарих ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси,

халқ таълими аълочиси

Имомқул Бердиев,

мактаб ота-оналар кузатув кенгашининг раиси, "Шуҳрат” медали соҳиби

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter