Авторизация
 
  • 10:39 – ОИЛАМ - БАХТИМ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:04 – 7 ЙИЛЛИК ДАРДНИНГ ИСИТМАСИ 
  • 16:09 – МАҲАЛЛАНИНГ МАВҚЕИ ОШАДИ 
  • 15:32 – ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР 

ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ

Иккинчи жаҳон уруши бошқа давлатлар каби ўзбек халқига ҳам катта талофатлар келтирган. Минглаб аёллар бева ва болалар етим қолишган. Ота-оналар фарзандлари доғида қайғу-алам билан бу дунёдан кўз юмишган. Қанчадан-қанча одамлар очлик ва касалликлардан нобуд бўлишган.

 

Уруш йилларида машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қайғу-алам гирдобида жон беришган. Азобли даврни бошидан ўтказганларнинг бири – Шароф Рашидов туманининг Қўшкўприк маҳалласидаги Қулама кўчасида яшовчи Мамашариф бобо Содиқов бу йил тўқсон етти ёшини қарши олди.

– У кунларни биз кўрдик, ҳозирги авлод вакиллари урушнинг соясини ҳам кўришмасин, – дейди суҳбатдошимиз Мамашариф бобо. – Уруш бошланган йили эндигина ўн тўққиз ёшда эдим. Отам ва мен биргаликда деҳқончилик қилиб рўзғор тебратар эдик. Кунларнинг бирида уруш ҳақидаги шум хабар келди-ю, барчамизнинг ҳаловатимиз йўқолди. Тез орада ёш йигитлар ва ўрта ёшдаги эркаклар билан уруш ўчоғига бордик. У ерда мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни бошдан ўтказдик. Ҳар кунимиз ўлим билан юзлашиш, яъни тирик қолишдан умидимизни узган ҳолда ўтарди. Уруш ўз номи билан беаёв. Кундан кунга қурбонлар сони ортиб борарди. Буларнинг ҳаммаси даҳшатли тушга ўхшарди. Кўз ўнгимда қанчадан қанча қуролдошларим ҳалок бўлишди, кўпчиликлари оғир яраланишди.

Уруш тугади, маълум вақт ўтиб, мен соғ-омон уйимга, ота-онам бағрига қайтдим. Кўпчилик жондош биродарларидан айрилган, бунинг устига юртимизда очарчилик ҳукм сурарди. Қирғинбарот уруш йилларининг заҳридан ҳеч ким четда қолмади. Аччиқ хотиралар барчамизни бирдек қийнарди.

Яратганга минг шукр, тинч-осойишта замонларга ҳам етиб келдик. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг қадр-қиммати ўрнига қўйилиб, уларга ҳурмат кўрсатилмоқда. Ҳар йили 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни шодиёналарида давлатимиз раҳбари билан учрашамиз ва тақдирланамиз. Бундан ниҳоятда хурсанд бўламан. Ўтган оғир кунлар билан бугунимизни солиштирса, осмон билан ерча фарқ бор. Жаннатмонанд юртда яшаяпмиз, бугунги ва келажак авлод бунинг қадрига етса, дейман. Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Чунки улар тинчлик, хотиржамлик ҳукм сураётган замонда яшаяпти. Билим олиши, хоҳлаган касбни эгаллаши учун барча шарт-шароитлар етарли. Ҳар тонг мактабга отланган эвараларимга аъло баҳоларга ўқишини насиҳат қилганча кузатиб қолар эканман, мен учун орзу бўлган шундай кунларда улар ҳаёт кечиришаётгани учун шукроналар айтаман. Умрим бесамар кетмаганига амин бўламан.

Дарҳақиқат, отахон ҳаётининг энг навқирон даврида урушнинг даҳшатлари билан ҳамнафас яшади. Лекин бугун унинг кўзларида мамнуният акс этмоқда.

Салкам бир асрлик тарихга гувоҳ бўлган отахонга соғлик-саломатлик тилаб "Тинч замонимизга кўз тегмасин”, дея ният қиламиз.

Шаҳноза МАНСУРОВА

БотирҚУДРАТОВ олган сурат

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter