Авторизация
 
  • 10:39 – ОИЛАМ - БАХТИМ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:04 – 7 ЙИЛЛИК ДАРДНИНГ ИСИТМАСИ 
  • 16:09 – МАҲАЛЛАНИНГ МАВҚЕИ ОШАДИ 
  • 15:32 – ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР 

«МЕНИНГ ОТАМНИ КЎРМАДИНГИЗМИ?»

Ҳар йили 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунида отажонимни эслаб, одатдагидан кучли тўлқинланиб кетаман. Эл-юрт тинчлиги йўлида жон фидо қилишга тайёр бўлган, не-не қонли жангларни бошидан ўтказиб, сафдошларини қора тупроққа топшириш эвазига келажак авлод – бизларга дориломон кунларни тортиқ қилишга ҳисса қўшган шундай инсоннинг фарзанди эканлигимдан фахр-у ифтихорга тўламан.

 

Отам Абдурайим Раҳимов 1923 йилнинг илк кунида Фориш туманида таваллуд топган. Болалик онларимда отамнинг қучоғида ўтириб унинг ҳикояларини тинг-лашни хуш кўрардим. Отам урушнинг совуқ манзараларини тилга олишни унчалик ёқтирмасди. Шунинг учун кўпроқ болалик хотиралари билан ўртоқлашарди. Бобом отамнинг саводли бўлишини истаб муаллим топган ва таҳсил олиши учун шароит яратган. Илмли бўлишнинг қудратини яхши англагани учунми отам биз фарзандларининг маърифатли бўлишимиз учун барча зарур шароитларни яратиб берди ва буни қаттиқ назоратга олди.

Энг гуллаган ёшлик чоғида – ўн саккиз ёшида урушга отланган, аёвсиз ва оловли жангларда жон олиб, жон бериб мардонавор курашган отамнинг кундаликларида "Урушда омон қолганларни Японияга 12 кун шоли ўримига олиб боришди ва 25 майда поездга миниб, юртимизга қайтганмиз", деган ёзувлар 1945 йилда қоғозга туширилган.

Отам урушдан қайтгач, ҳалок бўлган дўстининг оиласидан хабар олгани боради. Дўстининг фарзанди отамга умид билан тикилганча, сўрайди:

– Отамни кўрмадингизми?

"Бу сўроқ қалбимни тирнаб ўтди. Шу қадар оғир жароҳат қолдирдики, умримнинг охирига қадар ўша мунчоқ кўзли болакайнинг сўзлари қулоғим остида янграб турди", деб ёзади отам кундаликларида. Отамни қўлига қалам олишига шу сўроқ мажбур қилади. Одамларга айтолмаган дардларини оқ қоғозга тўкади:

Ҳамма қайтди жангдан, отам қайтмади.

Унинг на бўлганин ҳеч ким айтмади.

Айтинг, дўстлар, отам нега қайтмади?

Менинг отамни-ё кўрмадингизми?

Отам шу-шу дард-алам азобга солганида қўлидан қоғоз-қаламни қўймасди.

1950 йили отам Хонсулув онамизга унаштирилади. Шу муносабат билан бобомиз тўй-томоша қилиб халққа ош беради.

Отам фарзандлари – 2 ўғил, 3 қизни ҳалол нон топишга ўргатди. Адолат ва саховатпешалик "йўлчи юлдуз"имиз бўлишига одатлантирди.

Умрининг охирига қадар наслли пойга отларини парвариш қилган отам Абдурайим Раҳимов 76 ёшида вафот этди. Гарчи ёнимизда бўлмаса-да, бугун шундай тинч ва фаровон юртда яшаётганимиз, тинчлик неъматидан баҳрамандлигимизда доим отамнинг улкан жасорат эгаси эканлигини ҳис қилиб турамиз.

Комила РАҲИМОВА,

Шароф Рашидов туманидаги

5-умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter