Авторизация
 
  • 14:00 – КИТОБХОНЛИК АЙЁМИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:14 – МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИ ОРТМОҚДА 
  • 14:44 – ҲАМКОРЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУР 
  • 13:53 – ШУКРОНАЛИК ТИМСОЛИ 

СУВНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ҲАМ МУАММОГА ЕЧИМ БЎЛАДИ

Жаҳон мамлакатларида ичимлик суви билан боғлиқ вазият тобора кескинлашиб бораётгани туфайли турли давлатларда тежамкор лойиҳалар амалга оширилаяпти. Хусусан, бир давлатда қишлоқ хўжалигида суғоришнинг илғор технологиялари амалиётга татбиқ этилса, иккинчи давлатда сувни қайта ишлаш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу усулларнинг барчаси эса биргина мақсад – сув ресурсларини сақлаб қолиш, уларнинг зарарланиши ва исроф қилинишининг олдини олишга қаратилган.

 

Америкалик олимлар қурғоқчилик шароитида сувни тежашнинг янги усулини кашф этишди. Янгилик сув захираси сақланадиган жойга қора пластик шарчаларни солиб қўйиш билан амалга оширилади.

Олимларнинг айтишича, мазкур усул жазирама ёз мавсумида сувнинг ортиқча буҚланиб кетиши ва рангланишининг олдини олади. Оддий қора пластик шарчаларни тажрибадан ўтказиш учун Лос-Анжелес шаҳри танланди. Шаҳардаги барча сув захиралари сақланадиган жойлар, сув омборларига олма катталигидаги 96 миллион шарчалар ташланди. Дастлабки натижалар қувонарли. Илк хулосалар бу усулнинг тежамкор ва ҳақиқатан фойдали эканлигини исботлади. Шарчалар сувга тушган қуёш нурларини қайтариб, 90 фоиз буҚланишнинг олдини олаяпти.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, АҚШ сув ресурсларини тежаш мақсадида яна бир ғаройиб ишга қўл урди. Статистик маълумотларга қараганда, Американинг бир қатор шаҳарларида оилалар ҳовлиларидаги ўсимлик ва майсаларни суҚориш учун бир кунда 34 литр сув ишлатади. Бу уй хўжалигида ишлатиладиган кунлик сув миқдорининг учдан бир қисми дегани. Шу туфайли ҳукумат ҳовлидаги майса ва ўсимликларни сувсизликка чидамли, яъни икки-уч кунда бир суғориладиган турларга алмаштиришни таклиф қилаяпти. Бу усулни тезроқ оммалаштириш учун эса ҳукумат одамларга компенсация тўлашни ваъда қилди. Кейинги икки йил давомида бу лойиҳа учун давлат бюджетидан 350 миллион доллар маблағажратилади.

Ариқларимизда сувлар оқиб турибди, ёғингарчилик мўл-кўл, аҳолининг деярли барчаси ичимлик суви билан таъминлаган деб айтишимиз мумкин. Бироқ буни фақат ўзимиз яшаб турган шароитга боғлаймиз, холос. Лекин вилоятимизнинг айрим ҳудудларида сув муаммоси борлигини ҳамма билади. Зеро, булоқларнинг қуриши, танқис ичимлик сувининг ифлосланишига ўзимиз айбдормиз. Мавжуд сув захираларини асрамаганлигимиз туфайли вужудга келган қалтис вазиятнинг сабабчилари ҳам ўзимиз.

Сингапурда сувни қай-та ишлашга алоҳида эъти-бор қаратилган. 2003 йилда фаолият бошлаган NEWater ташкилоти сувни тозалаш билан шуғулланади. Корхонанинг сув тозалаш ускуналари ва сувни тайёрлаш станцияларига аҳоли ва корхоналардан чиққан оқова сувлар келиб тушади. Бу ерда махсус жараён – микрофильтрация, ультрафиолет билан зарарсизлантирилади. Корхона иш бошлаганидан то бугунга қадар халқ-аро ташкилотлар, Сингапур ҳукумати 65 мингдан зиёд турли тестлар ўтказди.

Уларнинг натижасига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур қайта ишланган сувнинг барча стандартларга тўғри келишини эътироф этди.

«Қора қитъа» давлатларида азалдан сув муаммоси мавжуд. Бироқ Намибияда бу муаммо бартараф этилган. 1969 йилда Виндхукда сувни қайта ишловчи завод барпо этилди. Бу завод аҳолининг ичимлик сувига бўл-ган эҳтиёжини 35 фоиз қондиради.

Табиати билан тилларга тушган, соатлари билан дунёни забт этган Швейцария мамлакатида сув манбаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлинади. Акс ҳолда нафақат ичимлик суви танқислиги келиб чиқади, балки донҚи дунёга кетган сўлим ўрмонларнинг қуриши хавфи ҳам пайдо бўлади. Шуни айтиш лозимки, мамлакатда ичимлик суви сифатига алоҳида эътибор қаратилади.

Швеция, Финляндия, Коста-рика, Австрия, Янги Зеландия, Латвия, Колумбия ва Франция аҳолиси табиат муҳофазаси, жумладан, сув объектларини муҳофаза қилишга катта эътибор қаратади. Шунинг-дек, қайта ишланмаган оқова сувларни ҳам исроф қилмайди. Уларни ҳам суғориш ишларига йўналтиради.

Англияга борган ёки шу давлат мада-ниятига қизиққан инсонлар билишади: мам-лакатда сув учун 2 та жўмрак ўрнатилади. Табиийки савол туғилади: «Хўш, нима учун иккита жўмрак»?

Буюк Британияда уйларнинг кўпи ўтган асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошида қурилган. Бу уйларда ички сантехника жорий этилганда тизим оддий ва фақат совуқ сувга уланган эди. Кейинчалик иссиқ сув учун алоҳида тизим ўрнатилди. Мамлакатда марказий иситиш тизимининг йўқлиги боис ҳар бир уй алоҳида иситиш тизимига эга. Дастлабки вақт-ларда сув иситгичда сув тўплайдиган махсус идиш бўлиб, сув унда узоқ вақт қолиб кетгач, ичишга яроқсиз сувга айланган. Бу эса саломатликка таъсир кўрсатмай қолмайди. Шу туфайли Англияда ичиш учун яроқли ва идишдаги иссиқ сувни аралаштириш қонунан таъқиқланган.

Мамлакатнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири ювиниш билан боғлиқ. Гап шундаки, англияликлар оқиб турган сувда ювинмайди. Аввал раковина тубини тиқин билан ёпиб, уни сув билан тўлдиришади. Ювиниб бўлгач, тиқинни олиб, сувни оқизиб юборишади. Бу эса ювиниш мобайнида оқизилган сув сарфини камайтиришга хизмат қилади. Биргина бу эмас, улар идишларни ҳам шу тариқа тозалашади.

Мазкур усул бизга ғалати туюлиши мумкин. Лекин ўйлаб кўринг: иккита жўмрак вазифасини бирлаштирган қурилмани ишга туширганда сув керакли ҳароратга келгунча кутиш керак бўлади, ўз-ўзидан бу жараёнда ортиқча сув сарфига йўл қўйилади.

Энди ўзимизнинг кундалик турмушимизга назар солайлик. Жазирама кунларда кўпчилик ҳовли ва кўчаларнинг чангини босиш, салқинлантиш мақсадида ичимлик сувидан сепишади, жўмраклардан сувни оқизиб қўйиб, қовун-тарвузларни совутишади. Оддийгина автомобилларни ювишда ҳам ичимлик сувидан фойдаланамиз. Ваҳоланки, ариқларда оқаётган тиниқ сувни ишлатсак ҳам бўлади. Бу ҳам етмагандек, уларни ифлослантиришга ҳисса қўшамиз. Бу ҳолат эса бобо-бувиларимизнинг зилол сувли ариқларда кулча оқизиб, истеъмол қилган кунлари эртакка айланишига сабаб бўлаяпти. Шундай экан, сувни тежашга ҳисса қўшайлик, бу ишни эса сувни беҳуда исроф қилишга чек қўйишдан, ўзимиз ва оиламиздагиларни огоҳлантиришдан бошлайлик!

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter