Авторизация
 
  • 11:04 – “МЕН ҲАРБИЙ БЎЛАМАН!” 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:40 – 467 МИЛЛИАРД СЎМ МАБЛАҒ САРФЛАНАДИ 
  • 11:24 – МАЪНАВИЙ МУВОЗАНАТ ИЗДАН ЧИҚМАСИН 
  • 09:19 – МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ ЎЧОҒИ 

ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ

 

Мамлакатимизда ички истеъмол бозорини картошка, пиёз, сабзи, карам, помидор, бодиринг, қовоқ, қовун-тарвуз, кўкатлар, цитрус мевалар каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳамда асал, балиқ, қуён ва парранда, чорва моллари гўшти билан тўлдириш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида бозорларимизда озиқ - овқат маҳсулотларининг мўл - кўллиги, нарх - навонинг барқарорлиги таъминланаётир.

Жойларда, хусусан, вилоятимиз бозорларидаги барқарорлик ва тўкинликни таъминлашда туманимиз деҳқон-у тадбиркорларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги тўкин - сочинликнинг замирида кичик тадбиркорлик билан шуғулланаётган ҳамюртларимизнинг ҳам ўрни салмоқлидир. Улар хонадонларидаги томорқаларидан унумли фойдаланиб асалари уялари, иссиқхоналар ташкил этиб қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳамда чорва моллари етиштириш орқали элимиз дастурхонини тўкин - сочин қилмоқда. Ташкил этилаётган иссиқхоналар юртимизда тўкинлик бўлиши ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

- Шаҳримиз бозорларида қиш мавсумида янги узилган помидор, бодринг ёки кўкатларнинг, қолаверса, арзон цитрус меваларининг бўлишини илгари тасаввур қилиш қийин эди, - дейди шаҳримиздаги "Раваллиқ" маҳалласида яшовчи отахон Қаҳҳор ҳожи Жабборов. - Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг доимий меҳнати туфайли эндиликда йилнинг тўрт фаслида ҳам бозор асталари озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлди.

Дарҳақиқат, биз аждодларимиз орзу қилган доруломон кунларда яшаяпмиз. Халқимиз кўзи эртанги кунга бўлган умид ва ишончдан порлаб турибди.

Зеро, юртимиз тинч, бозор-у расталаримиз, айниқса, элимиз дастурхони турли ноз-неъматларга тўла. Ҳукуматимиз томонидан мева-сабзавотчилик, асалчилик, қуёнчилик, чорвачилик - бир сўз билан айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши натижасида шаҳримизда ҳам боғ ва сабзавот майдонлари кенгайтирилмоқда, иссиқхоналар ташкил этиш ишлари изчил олиб борилмоқда ва натижада аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳажми ошишига эришилмоқда. Шунинг баробарида тонналаб маҳсулотни сақловчи музлатгичлар ҳам бунёд этилмоқда.

Мева - сабзавотчилик ва узумчилик билан шуқулланувчи деҳқон хўжаликлари, бундан ташқари, ўз томорқаларида ҳам кичик - кичик иссиқхоналар бунёд этишаётган ҳамшаҳарларимиз сони йилдан йилга ошаётгани қувонарли ҳолат.

- Бизнинг маҳалламизда ҳам аксарият аҳоли ўз томорқаларидан унумли фойдаланиб келмоқда, - дейди "Раваллиқ" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Убайдулла Хидиров. - Кимлардир дарахт экиб, боғ барпо этган бўлишса, бошқалари деҳқончилик қилишади. Сўнгги йилларда баъзи хонадонлар ўз томорқаларида иссиқхоналар бунёд этишиб, цитрус мевалар етиштиришмоқда.

- Уларнинг меҳнатлари эвазига қишда ҳам помидор, бодринг, кўкатларни янгилигича истеъмол қилмоқдамиз. Ана шундай маҳалладошларимга қизиқиб, фарзандларимиз билан хонадонимизда иссиқхона ташкил этганимизга 18 йил бўлди. 4 сотих майдондаги иссиқхонада ҳозирда 40 туп лимон кўчатлари парваришланмоқда, - дейди Қаҳҳор ота.

Хонадондаги иссиқхонада лимондан ташқари, лимон кўчатлари ҳам етиштирилмоқда. Экологик тоза, нисбатан арзон бу неъматларга бозорларимизда талаб катта. Ҳар йили хонадон эгалари 200 дан зиёд лимон кўчатлари етиштириш билан машғул.

- Иссиқхона машаққатли меҳнат талаб этмайди, - дейди Қ.Жабборов. - Фақат агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб бориш лозим. Турли минерал озуқаларини ўз вақтида бериб бориш орқали яхшигина ҳосилга эга бўласиз. Чорванинг гўнгини суюқ "шарбат" қилиб кўчатнинг тагига солиш ҳосилнинг ортишига ёрдам беради.

Қаҳҳор ота хонадони ҳар йили 1,5-2 тоннага яқин лимон ҳосили олиб, оиласига қўшимча даромад келтирмоқда. Олинган даромад эвазига тўйлар қилиб, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган невара-чевараларининг шароитларини яратиб бермоқда. Жумладан, жорий йилда отахоннинг неваралари - Жамшид Ҳайдаров, Шаҳзод Қаҳҳоров АҚШ ва Кория давлатларининг олий ўқув юртларида таҳсил олаётган бўлса, Муштарий Муроджонова Россия давлатида жаҳон тилларини ўрганмоқда.

Яқин кунларда оила аъзолари ўз маблағлари ҳисобидан маҳалла, қолаверса, шаҳримизда истиқомат қилаётган оналарнинг оғирини енгил қилиш мақсадида оилавий мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш ниятида. Ҳозирда ушбу боғча биносида қурилиш ва монтаж ишлари якунига етай деб қолди.

Пиру-бадавлат отахоннинг келгуси авлод вакилларининг турмуш даражасини яхшилаш борасида қилаётган меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

Лазиз МАМАТҚУЛОВ

* * *

Суратда:Қаҳҳор ҳожи Жабборов томорқасидаги

иссиқхонада етиштирилаётган лимон ҳосилидан

мамнун.

Муаллиф олган сурат


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter