Авторизация
 
  • 17:44 – Фаолият тубдан такомиллашади 
  • 15:38 – ЭНГ ФАОЛ ДЕПУТАТ ВА ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ АНИҚЛАНДИ 
  • 10:21 – ТАДБИРКОРЛАРГА ИМКОНИЯТЛАР ЭШИГИ ОЧИЛДИ 
  • 17:49 – 200ТА ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛАДИ 

ИНСОН МАНФААТЛАРИ ҲАР НАРСАДАН УСТУН

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномада "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширилган ишлар, мавжуд ютуқ ва камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари, яқин беш йилликда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича фикр юритилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "дастлабки ижобий натижалар қувонарли, албатта. Лекин фаолиятимизга холис баҳони халқ беради".

 


 

2017 йилда вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 102,4 фоизни ташкил этди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 101,1 фоизга ўсди. Кичик бизнеснинг саноатдаги улуши 61,3 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш баробарида келгусида ишга солинмаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш вақти етди. Мухбиримизнинг вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер ХудоЙбердиев билан суҳбатида ана шу жиҳатга асосий аҳамият берилди.

- Алишер Турсунпўлатович, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида 2017 йилда ҳудудда етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг атиги 15 фоизи қайта ишланиб, 8 фоизи экспорт қилинаётгани айтилди. Дарҳақиқат, ҳисобот даврида 26,9 минг тонна ёки 23,2 миллион АҚШ долларилик мева-сабзавот экспорт қилингани бизнинг имконият ва салоҳиятимизга мос келмайди. Вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ушбу йўналишда 2018 йилда рўй берадиган ўзгаришлар нималарда намоён бўлади?

- Маълумки, ўтган йили ҳудудларни комплекс ривожлантириш, саноат тармоқларини модернизация қилиш йўли билан вилоятимизда 1 триллион 41 миллиард сўмлик лойиҳалар ҳаётга жорий этилди. Бу саъй-ҳаракатлар эвазига 8 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Суҳбатимиз муқаддимасида алоҳида таъкидлашни истардим. Якунига етган йилда экспорт географияси Болтиқ бўйи мамлакатлари ва Афғонистон давлатлари ҳисобига кенгайди. Товарлар номенклатурасига тухум, қурилиш материаллари ва шиша толаси қўшилгани қувонарли ҳол, албатта. Шу билан бирга, Арнасой, Дўстлик, Фориш, Пахтакор, ўаллаорол ва Мирзачўл туманларида энг муҳим иқтисодий кўрсаткич пастлигича қолгани ҳам бор гап.

 


 

Маҳаллий дастурда белгилаб олинган вазифаларнинг ҳаммаси босқичма-босқич бажарилиши лозимлигини даврнинг ўзи тақозо этаяпти. 2018 йилда 1892 та фермер хўжаликлари ана шу эзгу ишларда иштирок этади. Изланишлар ва ташаббускорлик қарийб йигирмата йўналишдаги лойиҳаларга асос солади, 8,5 мингдан кўп янги иш ўринлари барпо этади дегани. Кенг кўламли жараёнда 77 минг 200 тонна ёки 60,4 миллион АЈШ доллари ҳажмидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хорижий ўлкаларга экспорт қилинади.

"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"нинг дастлабки чорагида белгиланган экспорт прогнози ҳажмини 3,4 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларига етказишни режалаштирганмиз. Бу вазифани бажарса бўлади. Масалан, ҳудудий дастур доирасида Арнасой туманидаги "БМБ Агро трайд" масъулияти чекланган жамиятида мош маҳсулотлари етиштириш, уни қайта ишлаб экспорт қилишгача бўлган кластер усули жорий қилинаяпти. "Ниҳол Инвест" ва "Зарбдор логистика" масъулияти чекланган жамиятларида ҳам ана шундай марказ ташкил этишга тайёргарлик кў-рилмоқда. "Жиззах импекс" масъулияти чекланган жамияти Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасида савдо уйларини очишга киришган. Бу рўйхат келгусида сезиларли равишда кенгаяди.

 


 

- Сиз алоҳида тилга олган маҳаллий дастурда ушбу йилда вилоятимиз миқёсида уддаланадиган ишлар ҳам аниқлаб олинган. Гап 2018 йилда вилоятимизда етиштириладиган 1 миллион 351,6 минг тонна маҳсулотлар ҳақида бораяпти.

- Бу йилги Дастурда 55 минг гектар майдонда сабзавот, полиз маҳсулотлари ва картошка етиштирилиши, 14 минг гектарлик боғ яратиш ва 5,6 минг гектар ток қатор ораларига сабзавот маҳсулотларини экиш белгилаб берилган. Экиш ва агротехник тадбирларни амалга ошириш учун тижорат банкларининг 8,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлари йўналтирилиб борилади. Доимий фаолият кўрсатадиган 32 та агрофирма фермер ва деҳқон хўжаликларини уруғлик ва бошқа ёрдамчи воситалар билан таъминлайди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Иш режамиздан келиб чиқиб, 2018 йилда вилоятимиз туманларида умумий сиғими 12,2 минг тонна бўлган 12 та янги совутгичли сиғимлар, 41,7 гектарлик майдонда 33 та иссиқхона, йиллик қуввати 55,1 минг тоннага тенг 38 та қайта ишлаш корхоналари 453 гектардан иборат майдонларда янги интенсив боғлар ва 894 гектар майдонда эса янги токзорлар ҳам ташкил этамиз. Келгусида маҳсулотни экспорт қилиш ҳажмини ошириш мақсадида ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 2110 гектарлик майдонга (43,6 фоиз) тўқсонбости усулида сабзавот экинлари эктирган эдик. Бу ишни жорий йилнинг февраль ойида тўлиқ якунлаймиз.

- Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги агросаноат мажмуида, фермер ва деҳқон хўжаликларида, қолаверса, шахсий секторда янги соҳаларни ривожлантиришга киришиш кузатилмоқда. Бу жараён вилоятимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ.

 


 

- Суҳбатимизда бир қатор ҳудудларнинг номини тилга олиб ўтдим. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Ҳудудий дастурда ҳар бир ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда маҳаллий шарт-шароитлар инобатга олинган. Ана шу тамойиллардан келиб чиқиб, бугунга қадарҒаллаорол, Зомин, Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларида қуёнчиликни ривожлантиришга ихтисослаштирилган 6 та агрофирмага асос солинди. Ушбу субъектларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга 7,9 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Амалий чора-тадбирлар 2018 йилда қуёнлар сонини 48 минг бошга етказиш, 67 минг тонна парҳезбоп гўшт ва 33 минг дона қуён териси олиш, 266 нафар фуқарони муқим иш билан таъминлаш имконини яратади.

20,8 миллиард сўмлик сармоя (унинг 12,5 миллиард сўми "Халқ банки"га тегишли) доирасидаги 38 та лойиҳада келгусида 869 бош қорамол ҳарид қилиш, хорижий давлатлардан 350 бош наслдор қорамолларни олиб келиш режалари мужассамлашган. Ўз навбатида, бу саъй-ҳаракатлар самараси қарийб 100 тонна сут ва гўшт маҳсулотлари тайёрланишида ҳамда 153 та иш ўринларига асос солинишида кўзга ташланади.

Ҳисобот даврида 185 минг бош парранда келтириш эса 1,1 миллион дона тухум, 50 тонна парҳезбоп гўшт ишлаб чиқариш, соҳада 92 та иш ўрни янгидан пайдо бўлиши билан алоҳида аҳамиятга эгадир. Шу ўринда 24 та лойиҳани маблағ билан таъминлашда "Ўзсаноатқурилиш банк" фаол иштирок этганини таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

"Ипотекабанк"нинг имтиёзли кредитлари асосида молиялаштириладиган 39 та лойиҳада 248 гектар ҳудудда сунъий сув ҳавзасига асос солиш, 226 тонна балиқ ва балиқ маҳсулотларини истеъмолчиларга етказиб бериш, 144 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

4,1 миллиард сўмлик қийматга эга (уларнинг 3,1 миллиард сўми "Алоқабанк"ники) 84 та лойиҳа доирасида ташкил этиладиган 11 минг 183 та асалари оиласида 192 тонна асал ва асал маҳсулотлари олиниши кўзда тутилмоқда.

Янги босқич одимлари ўзида юртимиз келажагини мужассамлаштирган. Суҳбатимизда тилга олинган рақамлар инсон манфаатларига йўналтирилган олийжаноб мақсадлар, халқимизнинг улкан орзулари ифодасидир. Ҳар бир кўрсаткич одамлар ҳаёти даражаси муқаддам қандай бўлгани, эртаси қандай кечиши ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Амалга оширилиши кўзда тутилаётган чора-тадбирлар ҳамюртларимиз турмуш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун хизмат қилиши, шубҳасиз.

Суҳбатдош: Раҳматулла ЮНУСОВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter