Авторизация
 
  • 10:39 – ОИЛАМ - БАХТИМ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:13 – ТОМОРҚА – ХОНАДОН ФАЙЗИ 
  • 11:04 – 7 ЙИЛЛИК ДАРДНИНГ ИСИТМАСИ 
  • 16:09 – МАҲАЛЛАНИНГ МАВҚЕИ ОШАДИ 
  • 15:32 – ЗИЁГА ОШНО ОДАМЛАР 

СУВ – СЕН ҲАЁТНИНГ ЎЗИСАН

Апрель ойи ёғингарчиликларга бой бўлди. Айрим тоғли ҳудудларда сел келиб, аҳоли тураржойлари, экинларга зарар етказди. Бироқ бу ҳолат қишлоқ хўжалигига нафақат зарар келтирди, балки мўл ҳосил манбаи бўлди десак ҳам янглишмаймиз. Зеро, сув чўлларни яшнатишга, тупроққа жон ато этишга қодир табиий неъматдир. Тўрт унсурнинг бири бўлмиш оби-ҳаёт бежиз муқаддас саналмайди.

Машҳур болалар ёзувчиси Антуан сент-Экзюперининг "Сув! Сен нафақат ҳаёт учун зарурсан, балки ҳаётнинг ўзисан" деган таъкиди қанчалик тўғри эканлигини исботлашга ҳожат йўқ.

 

Одамларни ичимлик суви билан таъминлаш доим долзарб муаммо бўлиб келган ва шундайлигича қолаверади. Азалдан "қора қитъа”нинг энг катта муаммоси саналган ичимлик суви танқислиги бугун кўплаб мамлакатларни ҳам қамраб олаяпти. Хусусан, Германия, Греция, Голландия, Швейцария, АҚШ каби давлатларда ҳам ичимлик суви танқислиги ечимини кутаётган биринчи галдаги муаммо ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳам мазкур йўналиш аҳамиятга молик соҳа бўлганлиги боис бу борада кўплаб ишлар амалга оширилди. Энг аввало, сув ресурслари билан боғлиқ барча фаолият 1993 йил 6 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунида ўз ифодасини топди. Қонуннинг 3-моддасида "Сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки – умуммиллий бойлик ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан қўриқланади" деб келтирилиши сувдан фойдаланишнинг меъёрий қоидаларини эслатиб ўтади.

Республикамизда сув муаммосининг жиддий тус олиши уни тежаб-тергаб ишлатишни талаб этади. Асосан сувдан қишлоқ хўжалигида суғориш, саноат ва маиший ҳамда коммунал мақсадларда фойдаланилади. Бироқ бугун шундоқ ҳам танқис бўлиб турган неъматнинг ифлосланиши ёки бекорга исроф қилиниши кўз юмиб бўлмас ҳолатдир. Зеро, "Нимани қилсанг хор, ўшанга бўласан зор".

Президентимиз жамиятдаги ҳар бир кичик деталга ҳам беэътибор қарамаганидек, бу масалани ҳам эътибордан четда қолдирмади. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил январь ойи охирида вилоятимизга ташрифи чоғида кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш борасида таклифлар ўртага ташланди. Зарафшон дарёсидан сув олиб келиш ишларини давом эттириш юзасидан берилган топшириқлар ичимлик суви муаммоси ечими учун хизмат қилиши шубҳасиз.

– Юртбошимизнинг эзгу ташаббуси билан бугун бир қатор ишларни амалга ошириб улгурдик, – дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги сув таъминоти ва оқова сув объектларини қуриш инжиниринг компанияси Давлат унитар корхонаси вилоят ҳудудий бошқармаси бош муҳандиси Алишер Юсупов. – Жумладан, Зарафшон дарёси бўйида биринчи кўтарма насос станциясининг қурилиш ишлари олиб борилаяпти. Сув 102 метр юқо-рига кўтарилгач, насос станциясидан сув тозалаш иншооти орқали ўтиб шаҳримиз ҳудудидаги 10 минг куб сиғимли сув тақсимлаш иншоотига келади. Бунинг учун 183 километрли қувурларни ётқизиш талаб этилади. Қурилиш ишлари 2018 йилнинг иккинчи ярмидан бошланган бўлиб, лойиҳага ажратилган 470 миллиард сўмнинг 87 миллиарди ўзлаштирилди. Объект ишга шай ҳолатда 2020 йилнинг охирида топширилиши режалаштирилган.

Мазкур қурилиш ишлари якунида Жиззах шаҳри, Бахмал, Пахтакор, Мирзачўл, Дўстлик, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларидаги 600 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади. Бу вилоятимиз аҳолисининг деярли тенг ярми дегани.

Шу ўринда айтиш лозимки, сўнгги вақтларда вилоятимизнинг айрим туманларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммолари имкон қадар бартараф этилди. Юртбошимиз тасдиқлаган "Обод қишлоқ" дастурида алоҳида эътибор қаратилган соҳа сув қувурларини тортиш, эскиларини янгилаш бўлди.

– "Обод маҳалла", "Обод қишлоқ" дастурларига асосан ўтган йили 380 километрга яқин ичимлик суви тармоқлари фойдаланишга топширилиб, 450 мингга яқин аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди, – дейди вилоят "Сув-оқова" Давлат унитар корхонаси мутахассиси Парда Шукуров. – Айни кунларда Зарафшон дарёсидан сув келтириш лойиҳаси доирасидаги қурилиш ишлари авжида. Қурилиш ишлари якунлангач, Зарафшондан кунига 100 минг кубометр сув олинишига эришилади. Қўшимча тармоқлар билан 203 километрдан иборат бўлиши белгиланган лойиҳа-қурилиш ишларини "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятининг қурилиш компаниялари жадал суръатларда олиб боришаяпти.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Президентимизнинг ўтган йили вилоятимизга ташрифидан сўнг бир кеча-кундузда 30 минг кубометр сув тозалаш иншоотини қуриш, 62,5 километр канализация тизимини таъмирлаш, 20 мингдан зиёд ҳовлиларни канализация тизимига улаш кўзда тутилган "Жиззах шаҳар оқова сувлари тизимини тубдан реконструкция қилиш" лойиҳасини жадаллик билан амалга ошириш бошланди. Бунинг учун эса халқаро молия институтларининг 75 миллион доллар сармояси ва 16 миллион доллар ҳисобидаги ўз маблағларимиз йўналтирилди. Мазкур лойиҳа ҳам вилоятимизда сув таъминотининг яхшиланишини таъминлайди.

Мухтасар айтганда, сув уйимизга келгунга қадар миллионлаб инсонларнинг оғир ва машаққатли меҳнати ётибди. Бу жараёнга кетган маблағни кўз олдимизга келтирсак – улкан тоғ чўққиси барпо бўлиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, бебаҳо неъматнинг қадрига етайлик. Зеро, "Сувсиз ер – мозор, сувли ер – гулзор".

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter