Авторизация
 
  • 10:36 – ЯНГИ КОРХОНА ИШ БОШЛАДИ 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:32 – ИСТИҚБОЛНИ БЕЛГИЛАГАН ҲУЖЖАТ 
  • 11:04 – Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти туман бЎлими фаолиятидан 
  • 14:05 – “ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНИ” 

«ОБОД МАҲАЛЛА» - ЮРТ РАВНАҚИДАН НИШОНА

  • Халқимиз "Ободлик кўнгилдан бошланади" деган ҳикматли гапни бежиз айтмаган. Юртбошимизнинг "Обод қишлоқ дастури тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда обод қишлоқлар барпо этилаётгани аҳоли фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилаётир.

  •  

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби туманимиздаги маҳалла ва қишлоқлар янгича қиёфа касб этмоқда. Айниқса, ўтган йили "Самарқандқудуқ", "Куёвбоши" маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари жадал суръат касб этди. Жорий йилда туман марказидан четда жойлашган "Қулписар", "Ғозғонтепа" маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, ёшларни бандлигини таъминлаш бугунги куннинг асосий вазифасига айланган.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туман марказидан узоқда жойлашган ушбу қишлоқлар анча йиллар мобайнида мутасадди раҳбарлар назаридан четда қолиб келди. Аҳолининг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий муаммолари бартараф этилмади. Қишлоқ аҳолиси ўзбошимчалик билан турли кўринишдаги, ҳеч қандай талаб ва нормаларга жавоб бермайдиган ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширди. Аҳолини бир неча йиллардан буён газ, электр энергияси ҳамда тоза ичимлик суви таъминотидаги муаммолар қийнаб келмоқда. Жумладан, бугунги кунда "Қулписар"да 3311 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда учтагина тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Ҳудудда фаолият олиб бораётган мактаб, мактабгача таълим муассасаси ҳамда Шароф Рашидов номидаги маданият марказини тўлиқ таъмирлаш ишлари кўзда тутилди.

Аҳолини қийнаб келаётган электр энергияси муаммоларини бартараф этиш мақсадида 4 та трансформатор ўрнатилади, 11 километр ҳаво тармоғи тортилади. 1 минг 300 метр асфальт, 4 минг метр ички йўлларга шағал ётқизиш ишлари амалга оширилади.

- Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ишга барча бирдек хайрихоҳлик билдирмоқда, - дейди туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари С.Арипжонов. - Куни кеча "Ғозғонтепа" маҳалла фуқаролар йиғинида туман ҳокими Зоир Мирзаев ўтказган учрашувда ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш бўйича келишиб олинди. Ҳозирда ҳудудда 446 та хонадон мавжуд. Ушбу хонадонларга узлуксиз электр энергияси етказиш борасида тегишли кўрсатмалар берилди. Шунга кўра, мавжуд 9 та трансформатор тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Истеъмолчиларнинг талабларига кўра муддатини ўтаган трансформаторлар алмаштирилади.

 

Бу хайрли тадбирларда қишлоқ аҳолиси ҳам ташаббус кўрсатиб, озода яшашни аввало оилада шакллантириш кераклигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Кенг кўламли ишларга вилоят ва туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол ёшлари бош бўлиб, қишлоқдаги ёлғиз яшовчи, имконияти чекланган фуқароларга ёрдам беришмоқда. Томорқа ерлари чопилиб, атрофи обод этилаётир.

- Қишлоғимизда турли миллат вакиллари истиқомат қилади, - дейди "Қулписар" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.Тошбекова - Ҳаммамиз бир оила фарзандларидек, меҳнат қилаяпмиз. Фарзандларимиз билим олиши учун ҳудудда барча шароит яратилган. Аммо бизни доимо бир нарса қийнаб келарди, у ҳам бўлса, қишлоғимизнинг хунук қиёфаси. Юртбошимиз ташаббуси билан жорий этилган "Обод қишлоқ” дастурига айнан биз яшаётган қишлоқ тушганидан мамнун бўлдик.

"Обод қишлоқ" дастури доирасида олиб борилаётган ишларни кузатар экансиз, бунда халқимизнинг ҳашар, меҳр-оқибатлилик каби улуғ қадриятлари ўзининг амалий ифодасини топганлигига гувоҳ бўласиз.

 

Тумандаги корхона ва ташкилот мутасаддилари аҳоли хонадонларида бўлганида томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланилмаётгани аниқланди. Кўплаб томорқа майдонларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида лоқайдликка йўл қўйилмоқда. Девор ва темир тўсиқларни таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. "Ободлик кўнгилдан бошланади" деган ҳикматли гап халқимизнинг узоқ йиллик ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан. Шундай экан, биринчи навбатда аҳолини бошқариш учун маҳалла оқсоқоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ўрнак бўлиши мақсадга мувофиқдир.

 

Лазиз МАМАТҚУЛОВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter