Авторизация
 
  • 11:04 – “МЕН ҲАРБИЙ БЎЛАМАН!” 
  • 10:36 – СОЛИҚ СИЁСАТИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА 
  • 11:09 – 7 МИЛЛИОН 400 МИНГ СЎМ ФОЙДА 
  • 10:40 – 467 МИЛЛИАРД СЎМ МАБЛАҒ САРФЛАНАДИ 
  • 11:24 – МАЪНАВИЙ МУВОЗАНАТ ИЗДАН ЧИҚМАСИН 
  • 09:19 – МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ ЎЧОҒИ 

ЧЕМПИОНЛАР МУРАББИЙСИ

Фотима уйдан чиқиб иш жойига шошилди. У бугун гуруҳга янги қизларни қабул қилишни режалаштирган эди, "Қизалоқлар, албатта, ота-оналари билан келишади, ҳар ҳолда уларни куттириб қўйиш яхши эмас”, деган хаёл билан таксига қўл кўтарди.

 

Ҳақиқатан ҳам қизлар ота-оналари билан келган экан. Шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабига кириш жойи гавжум эди. Фотима уларнинг ҳар бири билан алоҳида саломлашиб, ўз хонасига бошлади.

Фарзандларини спорт мактабига олиб келган ота-оналарнинг аксарияти Шароф Рашидов, Бахмал туманларида истиқомат қилишар экан.

- Ўзларингда спорт мактаби йўқми, болалар бу ерга қатнашга қийналиб қолишмайдими? - деди Фотима болаларнинг узоқ ҳудудларда яшашини билиб.

Ота-оналар фарзандларини ўзлари олиб келишга ва машғулотлар тугагач олиб кетишга ваъда беришди.

Фотима Журъатова мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ спортнинг бадиий гимнастика тури билан дўстлашиб, аввал мактабдаги тўгаракка, кейин спорт мактабига қатнаб маҳоратини оширди. Вилоят, республика миқёсида ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, аста-секин ғолиблик шоҳсупаси пиллапояларидан кўтарилиб борди.

У илк бор Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, ғолиблик медалини қўлга киритган 2007 йилни ҳеч қачон эсдан чиқармайди. Жамоавий чиқишлардан кейин якка тартибда ҳалқа ва тасма билан чиқиб, белгиланган ҳаракатларни бажарди. Юқорига отилган тасмани маҳорат билан илиб олиб, таъзим бажо қилганида нафақат томошабинлар, ҳатто рақибалари ҳам олқишлаб қарсак чалиб юборишди.

 

- Мен шу куни бадиий гимнастика нафақат спорт, балки нафис санъат эканлигини тушуниб етдим. Чунки, чемпионат гиламига чиқишим билан қулоғимга илоҳий мусиқа эшитилгандай бўлди. Мен ўша оҳангларга мос ҳолда ҳаракатларимни мувофиқлаштирдим. Гўё ерда эмас самода парвоз қилаётгандай эдим. Бу жуда ёқимли туйғу эди. Мамлакат чемпиони бўлиб, олтин медални бўйнимга тақишаётганида ўзимга келиб, атрофга разм солдим. Олдимга қўйган энг катта мақсадим амалга ошганди, - дея хотирлайди Фотима.

Инсон доим олға интилиб яшайди, айниқса, спортчилар учун белгиланган сўнгги финишнинг ўзи йўқ. Фотима Журъатова ҳам доим юқори натижаларни кўзларди. Унинг тинимсиз ҳаракати, машғулотларда иштирок этиш билан чекланмасдан, ҳар бир куннинг самарали бўлишига, янгилик ўрганишга бўлган интилиши спорт сарҳадларида дадил қадамлар ташлаш сари ундаб турарди. Шунинг учун ҳам 2012 йилда яна бир бора мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Қолаверса, кўплаб халқаро мусобақаларда ғолиб бўлиб, ўз мактаби обрўсига обрў қўшди.

Унинг ҳар бир мусобақада биринчи бўлишга интилишлари назардан четда қолмади, бадиий гимнастика бўйича республика терма жамоасининг аъзолигига қабул қилиниб, Осиё биринчиликларида, халқаро мусобақаларда иштирок этишга муваффақ бўлди.

Бир пайтлар устозларидан бадиий гимнастика сирларини ўрганиб, вилоятимиз, мамлакатимиз шарафи учун гимнастика гиламлари устида курашган Фотима Журъатова бугун ўзи болаларнинг севимли устозига айланган. Шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бадиий гимнастика гуруҳига қатнайдиган 42 нафар қизалоқларга маҳоратдан сабоқ бермоқда.

- Мен қизим Рухшонанинг гимнастикага қизиқишини кўриб, шаҳримизда ташкил этилган гуруҳлар ҳақида суриштирдим. Спорт мактаби мураббийси Фотима Журъатованинг ўзи чемпион ва республика терма жамоасининг аъзоси бўлганлиги ҳақида эшитиб, чемпион мураббий чемпионларни етиштиради, деган қарорга келдим ва қизимни Фотимахон қўлига топширдим,- дейди "Ўратепалик" маҳалласида яшовчи Холида Умрзоқова. - Рухшонанинг муваффақиятларидан ўзи ўқиётган 14-умумтаълим мактаби ўқитувчилари ҳам мамнун.

Дарҳақиқат, Фотима Журъатова мураббийлик қилаётган гуруҳ қизлари республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишмоқда. Интизор Абдумаликова, Солиха Файзуллаева, Райҳона Носирова, Мадина Ахматжонова, Рухшона Қобиловалар мамлакатимизда ўтказилаётган катта мусобақаларда Ўзбекистон чемпиони, ҳудудий беллашувлар, биринчиликлар ғолиби деган шарафли номларни қўлга киритдилар.

- Эндиликда мен гуруҳимиз аъзоларини Осиё ва жаҳон миқёсида ўтадиган мусобақаларга тайёрлашни олдимга мақсад қилиб қўйганман. "Устоздан ўзмаган шогирд шогирд эмас", деган гап бор халқимизда. Осиё ва жаҳон биринчиликларида иштирок этишни орзу қилгандим. Ўша орзуимни шогирдларим амалга оширишларини хоҳлайман,- дейди Фотима Журъатова.

Эзгу ниятларни ўзининг ҳаёт тарзига айлантирган Фотимага омад тиладик. Кўпнинг дуоси кўл, дейишади. Дуо қилинг, Фотима каби олдига юксак чўққиларни забт этишни мақсад қилган ёшларимиз кўпаяверсин!

Асад МУСТАФОЕВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета
рейтинг: 
Фикр билдириш:
  • Изоҳланаётган
  • Бугун
  • Кўп ўқилган
Биз ижтимоий тармоқларда
  • Вконтакте
  • Facebook
  • Twitter